Жамият | 21:35 / 06.09.2022
35664
2 дақиқада ўқилади

7-синф ўзбек тили дарслигига Мурод Назаров ҳақида матн киритилганига изоҳ берилди

Халқ таълими вазири биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаевнинг айтишича, 7-синф ўзбек тили дарслигига тадбиркор Мурод Назаров ҳақида матн киритилгани сабабини муаллифлардан сўраш керак. ХТВ вакилининг бу жавоби “Дарслик мазмунини муаллиф белгилайдими ё вазирлик?”, “Мактаб ўқувчилари Мурод Назаров ҳаётини нега ўрганиши керак?” каби янги саволларни уйғотади.

7-синф ўзбек тили дарслигига тадбиркор Мурод Назаров биографияси ва унга оид матн киритилгани ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинганди. Халқ таълими вазирлигининг мактаб дарсликлари ижараси ва уларнинг сифати мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири мутасаддиларга дарсликлар мазмун-моҳияти билан боғлиқ савол билан мурожаат қилди. Жумладан, 7-синф ўзбек тили дарслигига нега айнан тадбиркор Мурод Назаров ҳақида матн киритилгани ҳақидаги савол ўртага ташланди.

Саволга халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев жавоб берди.

“Авваламбор муаллифлардан сўраш керак. Бу ерда ўтирган бошқарма раҳбарлари ҳар бир дарсликни – айтганимдек, 300дан ортиқ макет ишлаб чиқилган – ишлаб чиққан жами 500дан ортиқ муаллиф бор. Айнан шу шахс ёки дарслик эмас, умуман ҳозирги кўп дарсликларимиз ҳаётга мослаштирилган. Сиз айтган матн айнан Kun.uz'да чиққан матндан олинган эди. Айтмоқчи бўлганим, хорижий тил дарсликларини олсангиз ҳам, матнлар билан ишлаш, реал воқеликларни кўрсатиш ҳолатлари кенг тарқалган.

Айнан сиз айтган дарсликнинг муаллифлари бор. Улар билан интервю қилиб, улардан сўраш мақсадга мувофиқ бўларди. Бошқа дарсликларда ҳам замонамизда фаолият олиб борадиган, яшайдиганлар ҳам борлигини айтиб ўтмоқчиман. Шу китобнинг ўзида турли спортчилар, санъат вакиллари ҳақида ҳикоялар, маълумотларни учратиш мумкин”, – деди Шарифхўжаев.

Мавзуга оид