Ўзбекистон | 20:01 / 07.09.2022
4055
2 дақиқада ўқилади

“Бу ХТВ ишини кимдир қиляпти деганимас” – Шарифхўжаев дарсликлар назоратига Президент администрацияси аралашгани ҳақида гапирди

Халқ таълими тизимидаги дарсликлар сифати назоратига президент администрациясининг қўшилгани, улар дарсликларни тузиб беради дегани эмас. Бунинг учун олимлар шу соҳага яқин бўлган мутахассислар жалб қилинади. Бу администрацияда алоҳида йўналиш сифатида белгилангани бизни қувонтиради, деди вазир биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев.

Президенти администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов мактаб дарсликлари сифати назорати бўйича Президент администрацияси, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ва яна бир қатор ташкилотларнинг масъул вакилларидан иборат катта ишчи гуруҳ тузилиши ҳақида маълум қилганди. Бунинг қандай ишлашини халқ таълими вазири биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаевнинг изоҳлади.

Унинг айтишича, вазирлик ва администрация биргаликда иш олиб боради. Бу – халқ таълимининг ишини кимдир қиляпти, дегани эмас.

“Чунки бу жараён биргаликда қилинмоқда. Халқ таълими тизимида ҳам сиз айтган дарсликларни халқ таълимининг ўзи ёзмайди. У олимлар шу соҳага яқин бўлган мутахассислар жалб қилиниб ёзилади. Фанлар академияси олимлари ҳам бор, олий таълим вакиллари ҳам бор, бевосита мактабда ишлайдиган устозларимиз ҳам бор.

Бу президент администрациясига алоҳида устувор йўналиш сифатида белгилангани бизни қувонтиради. Чунки бу билан бизнинг ишимиз ва натижадорлигимиз кўпроқ ва тезроқ бўлишини, имкониятлар янада кенгайишини кўриб турибмиз”, – деди Шарифхўжаев.

Шунингдек, Шарифхўжаев фикрига Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов ҳам қўшимча қилди. Унга кўра, халқ таълимини ривожлантириш бўйича тасдиқланган миллий кенгаш раҳбари Ўзбекистон президентидир.

“Ҳудудий миллий кенгашларнинг раҳбарлари вилоят ва туман раҳбарлари ҳисобланади. Ўзлари айтганларидай биринчи рақамли устувор йўналиш таълим бўлганлиги учун ҳам Халқ таълимини ривожлантириш миллий кенгашининг раҳбари ҳудудий миллий кенгаш раҳбарларига, бизга кўмак сифатида мана шу топшириқни бердилар”, – деди у ХТВ матбуот анжуманида.

Зуҳра Абдуҳалимова
Муаллиф Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид