Ўзбекистон | 16:52 / 07.09.2022
9956
2 дақиқада ўқилади

Гаянэ Умерова ҳукумат таркибига ўтказилган Маданият жамғармаси ижрочи директори этиб тайинланди

Вазирлар Маҳкамасида янги тайинлов амалга оширилди.

Фото: uzbektourism.uz

Ҳукумат тегишли қарори билан Гаянэ Умерова Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори этиб тайинланди.

Президентнинг “Маданият ва санъатни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси амалдаги молиялаштириш тартиби ва штатлар сони сақланган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси этиб қайта ташкил қилинди.

Жамғарма Вазирлар Маҳкамасининг Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти таркибига киритилди.

Гаянэ Умерова 2008 йилда Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети, 2012 йилда эса Sotheby’s Санъат институти ва Манчестер университетини тугаллаган. Sotheby’s Аукцион уйида, Victoria&Albert музейи (Буюк Британия)да ҳамда Жорж Помпиду маркази (Франция)да малака оширган.  

У 2008 йилдан 2017 йилга қадар Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси Кўргазмалар ва жамғармалар бўлимида етакчи мутахассис, 2017-2020 йилларда эса Маданият вазирлиги ҳузуридаги Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси молия бошқаруви бўлими бошлиғи, ижрочи директор ўринбосари сифатида фаолият юритган.

2020 йилдан Маданият вазирлиги ҳузуридаги Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори лавозимида ишлаб келаётганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид