Ўзбекистон | 13:16 / 07.09.2022
9891
2 дақиқада ўқилади

Россия Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон фуқароларини ташкилий ёллаш шартларини ўзгартиради

Бир йилдан камроқ вақт ичида синов дастури бўйича умумий квотадан мигрантларнинг деярли ярми қурилиш объектларига ишга олинди.

Россиядаги қурилиш объектларига Ўзбекистон фуқароларини ташкилий ёллаш квотаси деярли ярмига тўлди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига берган интервьюсида қурилиш вазири ўринбосари Никита Стасишин айтиб ўтди.

Расмийга кўра, ҳозирда Россияда Қурилиш вазирлигининг синов дастури бўйича ишга олинган 4500 га яқин ўзбекистонлик ишламоқда. Ҳаммаси бўлиб 13,5 минг киши потенциал ходимлар сифатида 10 минглик чеклов билан танланди.

«Лойиҳанинг ўзига хос хусусиятлари бор ва бундан кейин ҳам лимит белгиланади, - дея қўшимча қилди Стасишин. - Ҳозирда Меҳнат вазирлиги шартларни бироз ўзгартирмоқда».

Пилот лойиҳа Россия ҳукуматига ишчилар учун шаффоф кириб келишни ўрнатиш, уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ёрдам берди. Вазир ўринбосари ушбу тажриба келажакда Роструднинг малакали ташкилий ёллаш барча дастурларида қўлланишини таклиф қилди. 

Умуман олганда, COVID-19 билан боғлиқ чекловлар олиб ташланганидан сўнг Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан мигрантлар оқими кўпайди. Бундан ташқари, саноатда иш ҳақининг ўсиши Россия фуқароларини қурилиш майдончаларига жалб қилди. 

Қурилиш саноати энди кадрлар етишмовчилигини бошдан кечирмаяпти, деди Стасишин. Олти ой давомида Қурилиш вазирлигига қўшимча ишчиларни рағбатлантириш бўйича бирорта ҳам сўров келиб тушмади.

2021 йил кузида Россиянинг қурилиш компанияларига ўзбекистонликларни жалб қилишни ташкил этиш бўйича тажриба лойиҳаси ишга туширилди. Февраль ойида ҳукумат 1100 кишини қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилишни ҳам маъқуллади, май ойида эса Меҳнат вазирлиги чекловларни олиб ташлаш ва саноат турларини кенгайтиришни таклиф қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид