Жаҳон | 13:26 / 07.09.2022
9631
4 дақиқада ўқилади

Трампдан мамлакатлардан бирининг ядровий салоҳияти ҳақидаги ҳужжат топилган - ОАВ

ФҚБ Трампнинг Флоридадаги қароргоҳида тинтув ўтказиш чоғида хорижий давлатлардан бирининг мудофаа стратегияси ва унинг ядровий салоҳиятини тавсифловчи ҳужжатни топган, деб ёзади WP.

Фото: Getty Images

Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ходимлари ўтган ойда АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг Флоридадаги шахсий қароргоҳи ва клуби бўлган Мар-а-Лагода тинтув ўтказиш чоғида хорижий давлатнинг мудофаа стратегияси ва унинг ядровий имкониятларини тавсифловчи ҳужжат топган. Бу ҳақда 6 сентябр, сешанба куни The Washington Post (WP) нашри хабар берди. 

Бундан ташқари, баъзи ҳужжатларда АҚШнинг ўта махфий операциялари ҳақида сўз юритилган. Қайд этилишича, улар бунгача шу қадар қаттиқ қўриқланар эдики, ҳатто кўплаб юқори мартабали миллий хавфсизлик амалдорлари ҳам улардан бехабар бўлган. Фақат президент, унинг вазирлар маҳкамасининг айрим аъзолари ёки маъмуриятга яқин даражадаги амалдорлар ҳукумат бошқа амалдорларига ушбу дастурлар тафсилотлари билан алоҳида танишиш имконини бериши мумкин, дейди WP суҳбатдошлари.

Шу тариқа, махсус рухсатни талаб қилувчи ўта махфий операциялар ҳақидаги ҳужжатлар Трамп Оқ уйни тарк этганидан кейин 18 ойдан кўпроқ вақт давомида ноаниқ хавфсизлик шароитида Мар-а-Лагода сақланган, деб ёзади газета. 

ФҚБ бу йил Мар-а-Лагодан 300 дан ортиқ махфий ҳужжатларни қайтариб олди: улардан 184 таси 15 қутида январь ойида АҚШ Миллий архивлар ва ҳужжатлар бошқармасига юборилган, 38 таси Трампнинг адвокати томонидан июнь ойида терговчиларга топширилган. 8 август куни суд рухсати билан ўтказилган тинтув пайтида яна 100 та ҳужжат топилди. 

Айнан шу охирги партияда, манбаларга кўра, хорижий давлатнинг ядро салоҳияти ҳақида маълумот бўлган. 

Трампнинг адвокати «жараённи ҳурмат қилмасдан давом эттирадиган ва адолат манфаатларига тўғри келмайдиган» маълумотлар ошкор этилишини қоралаб чиқди.

Мутахассисларнинг фикрича, АҚШ расмийлари Трампга қарши бир қанча жиноий айбловлар қўйиши мумкин, жумладан, «махфий маълумотларни қасддан нотўғри ишлатиш». 

Флорида штати Жанубий округи судининг 2 сентябр куни берган маълумотларига кўра, Трампдан топилган 11 мингдан ортиқ турли ҳукумат ҳужжатларидан 18 таси «ўта махфий», 54 таси «махфий» ва 31 таси «яширин» деб белгиланган. 

Бундан ташқари, махфий маълумотлар деб белгиланган 48 та бўш папка, яширин деб ҳисобланган 40 та бўш папка аниқланган. Мусодара қилинган ҳужжатлар рўйхатида ҳам, АҚШ Адлия вазирлигининг қўшимча хатида ҳам папкаларнинг йўқолган мазмуни топилган ёки топилмагани кўрсатилмаган, деб ёзади The New York Times. 11 000 дан ортиқ махфий бўлмаган давлат ҳужжатлари ва фотосуратлари ҳам топилган. 

ФҚБ август ойи бошида Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида тинтув ўтказди. Кейинчалик махсус хизматлардаги аноним агент ўз кўрсатмаларида тушунтиришича, ФҚБ собиқ президент январь ойида АҚШ Миллий архивлар ва ҳужжатлар бошқармаси сўровига кўра барча махфий ҳужжатларни қайтармаган деб гумон қилган. 

Ўша пайтда Трампдан 15 қути ҳужжатлар, жумладан «махфий» деб белгиланган ва «миллий хавфсизлик маълумотлари» бўлган файлларни олгандан сўнг, ФҚБ махфий ҳужжатлар нима учун олиб чиқиб кетилганини ва бунинг учун мос бўлмаган жойда сақланганини аниқлаш учун иш очган, дейилади агентнинг гувоҳлик кўрсатмасида.

Текширув натижаларига кўра, махсус хизмат Трамп қароргоҳида бошқа махфий файллар сақланиб қолганига «эҳтимолий асослар бор» деган хулосага келган. Суд ордер бериш ҳақидаги сўровни маъқуллаганидан сўнг, ФҚБ қароргоҳда тинтув ўтказган.

АҚШ оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, рейд давомида топилган баъзи материаллар ўта махфий деб таснифланган ва АҚШ разведка маълумотларини йиғиш усуллари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиши мумкин бўлган. Терговга яқин бўлган The Washington Post манбалари бу маълумотни Қўшма Штатларнинг «энг махфий сирларидан бири» деб атаганди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид