Жаҳон | 15:13 / 07.09.2022
19890
4 дақиқада ўқилади

Харкив марказида янги вайронгарчиликлар, Донецкда қўлбола тез ёрдам машинаси. Уруш суратлари

6 сентябр куни Украина қуролли кучлари Харкив йўналишида қарши ҳужумга ўтди. Унинг мақсади — Россия армияси таъминоти учун муҳим бўлган Балаклей шаҳридир. Володимир Зеленский Украина қуролли кучлари бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишларда қарши ҳужум қилаётганини айтди. Истило остидаги Бердянск шаҳрида маъмурият биноси олдидаги портлаш оқибатида ҳарбий комендант Артём Бардин ҳалок бўлди. Америка разведкаси Россия КХДРдан Украинадаги уруш учун миллионлаб ракета ва артиллерия снарядлари сотиб олаётганини хабар қилди. Халқаро атом энергетикаси агентлиги Запорижжя АЭС атрофида хавфсизлик зонаси ташкил этишни таклиф қилди.

Қуйида 6 август, урушнинг 195-кунида Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Харкив

Украиналик қутқарувчилар россияликлар ракета зарбасидан вайрон бўлган кўп қаватли уй ҳудудида ишламоқда. Харкив области маъмурияти раҳбари Олег Синегубовга кўра, ракеталардан бири беш қаватли уй томига келиб тушган ва уч қаватни буткул вайрон қилган. Синегубов бу уйда яшовчиларнинг асосий қисми кўчирилган бўлгани, жабрланувчилар йўқлигини қўшимча қилган.
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA
Ўт ўчирувчилар ракета зарбаси оқибатида ёнғин чиққан уйда ишламоқда. Олег Синегубовнинг сўзларига кўра, иккинчи ракета маъмурий бино ҳовлисига келиб тушган.
Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA
Денгиз чўчқасини кўтариб олган маҳаллий аҳоли вакили. Аёлни авиазарба келиб тушган уй ичидан олиб чиқишган. Украина ҳукумати маълумотига кўра, Харкив Белгород области ҳудудидан туриб ўққа тутилган.
Sergey Bobok / AFP / Scanpix / LETA
Ракета зарбаси келиб тушган жойда ишлаётган ўт ўчирувчилар.
Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA
Маҳаллий аҳоли вакили зарбадан кейин чиққан ёнғинни ўчиришга уринмоқда.
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA
Харкивлик киши Россия ҳарбийлари ракета зарбасидан вайрон бўлган бозор ҳудудида. Маҳаллий расмийларга кўра, 6 сентябрга ўтар кечаси қилинган ҳужум оқибатида шаҳар чеккасидаги уйда яшовчи 73 ёшли аёл ҳалок бўлган. Тунги отишмалар чоғида Харкивдан шимолда жойлашган Золочев посёлкасида ҳам икки киши қурбон бўлган.
Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA
Харкив шимоли-шарқидаги Салтовкада кўнгиллилар тарқатаётган озиқ-овқатга навбатда турган харкивликлар — бу район Россия қўшинларининг авиазарбаларидан кучли даражада шикастланган.
Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA

Донбасс шимоли

Словянскдаги уй харобалари. 6 сентябр куни Россия қўшини шаҳарни ўққа тутиши оқибатида турар жойлар вайрон бўлган. 7 сентябрга ўтар кечаси россияликлар яна Словянскка зарбалар берди: мактаб ва турар жой биноси шикастланган, маҳаллий расмийлар харобалар остида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкинлигини хабар қилмоқда. Қурбонлар ҳақида маълумотлар келиб тушмаган.
Leo Correa / AP / Scanpix / LETA
Краматорск аҳолиси маҳаллий муниципалитет ва World Food Program ташкилотидан (БМТга тегишли) гуманитар ёрдам олмоқда. Краматорск логистик марказ ҳисобланади ва урушнинг илк кунлариданоқ россияликлар томонидан ўққа тутилмоқда. Сўнгги зарбалар 3 сентябрга ўтар кечаси берилганди.
Ammar Awad / Reuters / Scanpix / LETA
Донецкдаги «ДХР» халқ милициясининг автотранспорт таъмирлаш базасида турган киши. Унинг ёнидаги машина тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган. Украина қуролли кучлари бош штаби тасдиқлашича, россияликлар Донецкда мажбурий сафарбарлик ўтказмоқда ва эркакларни ҳатто касалхоналардан ҳам урушга олиб кетмоқда – бу ҳақда маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам гапирган. Украин нашрларига кўра, 6 сентябр куни Украина қуролли кучлари Донецк яқинидаги Россия армияси позицияларига зарба берган. Фото: Владимир Гердо / ТАСС

Мавзуга оид