Apple тақдимоти: Янги қурилмалар, ўзгаришлар ва нархлар
7 сентябрь куни Apple компанияси iPhone 14 линиясидаги янги қурилмалари тақдимотини ўтказди. Тақдимот қанчалик кутилганини уни жонли эфирда 3 миллионга яқин фойдаланувчи томоша қилиб ўтирганиданоқ сезиш мумкин.
Бу сафар компания iPhone’ларнинг мини моделидан воз кечди ҳамда iPhone 14, iPhone 14 Plus, iPhone 14 Pro ва iPhone 14 Pro Max моделларини тақдим қилди.
Дастлаб iPhone 14 ва 14 Plus ҳақида
Бу қурилмаларнинг иккаласи ҳам А15 Bionic прoцессори билан жиҳозланган. Бу прoцессор iPhone 13’даги А15 прoцессоридан 25 фоизга кучлироқ. Видеотасвирга олиш стабилизацияси учун Action Mode функцияси қўшилган. Орқа – асосий камералар кам ёруғлик шароитида ҳам 49 фоизга рангларни ёрқинроқ кўрсатади, олд – селфи камера эса 38 фоизга ёрқинроқ. Шунингдек, селфи камерада илк бор автофокус функцияси пайдо бўлган.
Бу қурилмалар АҚШ учун жисмоний сим-картасиз чиқади, яъни e-sim карта ёрдамида ишлайди. Шунингдек, АҚШ ва Канадада ноябрь ойидан бошлаб қурилма эгаси фавқулодда ҳолатларга тушганда ва авиаҳалокатлар содир бўлганда спутник орқали хабар қолдириш функцияси ишга тушиши кутилмоқда.
iPhone 14 бозорларда 16 cентябрдан пайдо бўлади ва унинг АҚШдаги нархи 799 доллар. iPhone 14 Plus эса 899 доллардан бошланади ва 7 октябрдан бозорларга чиқиши айтилмоқда.
Асосий кутилган флагманлар iPhone 14 Pro ва Pro Max қурилмаларида ўзгаришлар қаторида эса — Always-on Display функцияси, экраннинг юқори қисмидаги ўзгариш ҳамда яхшиланган камераларни санаш мумкин.
Асосий ўзгариш экран тепасидаги кичик тирқишда, Apple уни динамик орол, дея атаган. Яъни эндиликда у билдиришномалар турига қараб энига ва бўйига ўз шаклини ўзгартиради. Тирқиш ичидаги камералар 30 фоизга кичрайгани туфайли, у энди камроқ халақит беради.
14 Pro ва Pro Max’нинг экран ёруғлиги 13 Pro’га нисбатан 2 баробар оширилган – 2000 nit.
iPhone’ларга илк бор қўшилган Always-on Display функцияси ёқилса, экран – заряд тугагунига қадар ёниқ туриши таъминланади.
14 Pro ва Pro Max’га янги 6 ядроли А16 Bionic прoцессор қўйилган. Ишлаб чиқарувчилар у бир секундда расмлар билан 4 триллион операцияни бажара олишини, шу билан бирга 40 фоизга тезроқ ва 20 фоиз кўпроқ энергия самарадорлигини айтмоқда.
Энг асосий ўзгаришлар бу – камераларда бўлди. Apple тарихида илк марта 65 фоизга каттароқ бўлган 48 MP’лик камералар пайдо бўлди. Бунга қадар Apple қурилмалари максимум 12 MP’лик камералар билан жиҳозланар эди.
Бундан ташқари бошқа барча камералар ҳам 2-3 баробарга яхшиланган. Киноэффект режимида ҳам 4K ёрдамида тасвирга олиш функцияси қўшилган.
Смартфонлар қора, оқ, сиёҳранг ҳамда олтин рангларда чиқарилган, 128 гбдан 1 тбгача хотирага эга.
АҚШда iPhone 14 Pro 999 доллардан, iPhone 14 Pro Max 1 099 доллардан бошланади. Улар 16 сентябрдан бозорларга чиқиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, тақдимотда Apple Watch’лар бирйўла 3 хил янги кўриниши намойиш қилинди: Apple Watch 8, Apple Watch SE ва Apple Watch Ultra.
Apple тақдимотда Air Pods Pro 2-авлод симсиз қулоқчинларини ҳам намойиш қилди.