Ўзбекистон | 10:37 / 08.09.2022
5518
1 дақиқада ўқилади

Қадимий ёзма манбалар реестрига қандай ҳужжатлар ва нашрлар киритилиши белгиланди

Ўзбекистонда қадимий ёзма манбалар реестрини юритиш тартиби белгиланди.

Ҳукумат қарори билан қадимий ёзма манбалар давлат реестри тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Давлат реестри қадимий ёзма манбаларни ҳисобга олиш ва улар сақланишини назоратга олувчи ҳужжат ҳисобланади.

Давлат реестри электрон ва босма кўринишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан юритилади.

Давлат реестрига киритилган манбаларга оид маълумотлар жамоатчилик учун очиқ бўлиб, унга 1950 йилгача яратилган ёзма ёдгорликлар, тарихий ҳужжатлар ва чоп этилган тошбосма нашрлар киритилади.

Музейлар, кутубхоналар ва барча давлат ташкилотлари ўзларидаги ёзма манбаларга оид маълумотларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига мажбурий тартибда, бошқа шахслар эса ихтиёрий асосда тақдим қилади.

Ёзма манба рўйхатдан ўтказилганда гувоҳнома берилади. Ёзма манбалар ўғирланганда, йўқотилганда 1 иш кунида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига хабар берилиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид