Жаҳон | 15:09 / 09.09.2022
2044
4 дақиқада ўқилади

ЕИ кенгаши Россия билан соддалаштирилган виза тартибини тўхтатиб туришни маъқуллади

Россия фуқаролари Европа иттифоқи виза кодексининг умумий қоидаларига бўйсунади. Чехия ички ишлар вазирининг таъкидлашича, Москва Украинада уруш бошлаб, Европа иттифоқи ишончини бузди.

Фото: Reuters

ЕИ кенгаши Европа иттифоқи ва Россия ўртасидаги виза режимини соддалаштириш бўйича келишувни бутунлай тўхтатиб туришга қарор қилди. 9 сентябр, жума куни кенгаш матбуот хизмати хабарига кўра, виза кодексининг умумий қоидалари Россия фуқароларига нисбатан қўлланилади.

«Визани соддалаштириш бўйича келишув биз билан умумий қадриятларга эга бўлган ишончли ҳамкорлар фуқаролари учун Европа иттифоқига имтиёзли кириш имконини беради», деди Чехия бош вазирининг биринчи ўринбосари, ички ишлар вазири Вит Ракушан. «Россия ўзининг асоссиз босқинчилик уруши, жумладан тинч аҳолига ҳужумлари билан бу ишончни синдирди ва халқаро ҳамжамиятимизнинг асосий қадриятларини оёқости қилди», деди у. «Бугунги қарор Россия ҳаракатларининг бевосита натижаси ва бизнинг Украина, унинг халқига содиқлигимизнинг яна бир далилидир», — дея қўшимча қилди Ракушан.

Оддий режим Россиядан келган барча мурожаат этувчилар учун виза тўлови миқдори 35 евродан 80 еврогача ошишини билдиради. 10 кундан 15 кунгача консулликлар томонидан виза аризалари бўйича қарор қабул қилиш учун стандарт вақт кўпаяди, қўшимча текширувлар талаб қилинадиган баъзи ҳолларда 45 кунгача бўлиши мумкин. Ариза берувчилар энди Шенген ҳудудига бир неча марта кириш учун амал қиладиган визани автоматик равишда олиш имконига эга бўлмайди. Уларни бериш қоидалари қатъийлашмоқда. Аризани топширишда Россия фуқаролари ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхатини тақдим этишлари керак, улар энди соддалаштирилган режимда назарда тутилган қисқартирилган рўйхатдан фойдалана олмайди. 

Регламент 2022 йил 9 сентябрда Европа иттифоқининг расмий журналида эълон қилиниши кутилмоқда. У қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради ва 2022 йил 12 сентябрдан амал қилади. 

Аввалроқ, 6 сентябр куни Еврокомиссия (ЕК) келишувни тўлиқ тўхтатиб туриш бўйича таклифларни эълон қилган эди. «Россия каби босқинчилик уруши олиб бораётган давлат бузғунчи ташқи сиёсатни ва Украинага қарши ҳарбий тажовузни давом эттириб, қоидаларга асосланган халқаро тартибни мутлақо менсимасликни кўрсатар экан, соддалаштирилган виза режимидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги керак», дейилади Брюссел баёнотида. «Тўхтатиб туриш Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузкорлиги натижасида Европа иттифоқи хавфсизлик манфаатлари ва аъзо давлатлар миллий хавфсизлигига хавф ва таҳдидларнинг кучайишига жавобдир», — дейилади маълумотда.

Россия фуқаролари энди Европа иттифоқига имтиёзли кириш ҳуқуқидан фойдалана олмайди ва узоқроқ, қимматроқ ҳамда мураккаброқ виза жараёнига дуч келишади, дея огоҳлантирди Европа иттифоқи. Еврокомиссия, шунингдек, ЕИ давлатларини Москва аннексия қилмоқчи бўлган Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида берилган Россия паспортларини тан олмасликни таклиф қилди. 

«Россияликлар Европа иттифоқига осон кириш имконига эга бўлмаслиги керак, Европа иттифоқига сайёҳ сифатида саёҳат қилиш инсон ҳуқуқларига кирмайди», - дейди Европа комиссари Ильва Юханссон. Европа иттифоқи «ҳаётий мақсадларда саёҳат қилаётган Россия виза аризачиларининг айрим тоифалари учун очиқ қолади, шу жумладан, Европа иттифоқи фуқароларининг оила аъзолари, журналистлар, диссидентлар ва фуқаролик жамияти аъзоларига», деб ваъда берди Еврокомиссия. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид