Жаҳон | 22:14 / 10.09.2022
9045
2 дақиқада ўқилади

Молдова ҳукумати Air Moldova авиакомпаниясига Москвага парвозларни тиклашни тақиқлади

Мамлакат бош вазири ўринбосари Андрей Спину фуқароларни Москвага тўғридан тўғри парвозлар тиклангани ҳақидаги эълонга «алданиб қолмаслик»ка чақирди.

Фото: AP

Молдова фуқаро авиацияси бошқармаси Air Moldova авиакомпаниясига Кишинёв ва Москва ўртасидаги парвозларни тиклашни тақиқлади.

Бошқарманинг изоҳ беришича, ушбу қарор «авиацион хавфсизликни таъминлаш» билан боғлиқ. 

Молдова бош вазири ўринбосари Андрей Спину фуқароларни Москвага тўғридан тўғри парвозлар тиклангани ҳақидаги эълонга «алданиб қолмаслик»ка чақирди.

«Air Moldova масъулиятсиз баёнот берди. Биз фуқаро авиацияси бошқармаси билан биргаликда маълум қиламиз: биринчи навбатда йўловчилар хавфсизлиги, уларни ҳимоя қилиш ҳақида ўйлашимиз керак. Биз бундай парвозларни хавфли деб ҳисоблаймиз», — деди Спину.

9 сентябр куни Air Moldova Москвага парвозлар тикланганини эълон қилганди. Компания 1 октябрдан парвозларни йўлга қўйишни режалаштирганди.

«Ушбу қарор уйига қайтиш ёки оиласи билан бирга бўлишни истаётган Молдова фуқароларининг кўпсонли мурожаатлари натижасида қабул қилинди», — дейилганди авиакомпания хабарида.

Молдова 24 феврал куни, Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг фуқаро авиацияси учун ҳаво сарҳадини ёпганди. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид