Ўзбекистон | 21:02 / 10.09.2022
10955
4 дақиқада ўқилади

Навоийда бир боғчада 20 нафар бола касалланди. Ҳолатга егулик сабаб бўлиши мумкин

 Кармана туманидаги 6-сонли мактабгача таълим ташкилотида 20 нафар бола бирданига ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши ташхиси билан касалланган. Уларнинг 10 нафари шифохонага ётқизилган.

Ҳолат 7 сентябрь куни содир бўлган. Боғчадан қайтган болаларнинг айримларида иситма чиқиши, ич кетиш ва қайд қилиш ҳолатлари кузатилган. Мазкур боғчага қатновчи 20 нафар боланинг ота-онаси шифохонага мурожаат қилган ҳамда 10 нафар бола туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. Икки кунлик муолажадан сўнг уларга ҳам жавоб берилган.

Битта боғчадан турли ёш гуруҳларидаги болаларнинг бир вақтда ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши ташхиси билан касалланиши егулик билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бироқ Кармана туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Исомиддин Нодиров болаларнинг овқатдан заҳарланганини рад қилди. 

Марказий шифохонанинг юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган болаларда ич кетиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, қайт қилиш ҳолатлари кузатилган. Шу сабабли, овқатдан заҳарланиш бўлмадимикан деган тахминда ўша куни болаларга берилган озиқ-овқат маҳсулотларидан синамалар олинди. Тўғри, ҳолат кузатилган, инфекция бўлган, аммо бу тўғридан тўғри овқатдан заҳарланиш эмас. Сабаби, биз болаларни 3 кун кузатдик, касалликнинг клиник белгилари заҳарланишга тўғри келмайди. Қолаверса, лаборатория текширувларининг дастлабки натижалари ҳам ижобий хулоса берди. Шу сабабдан биз овқатдан заҳарланиш тахминини рад қилдик”, — дейди Исомиддин Нодиров.

Кармана тумани тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасининг юқумли касалликлар бўлими врачи Эркин Жўраевга кўра, ошқозон-ичак касалликларининг юқиши асосан оғиз орқали бўлади:

Ошқозон-ичак касалликлари аксарият ҳолларда сифатсиз озиқ-овқат, сув, сут, полиз маҳсулотлари ҳамда меваларни истеъмол қилиш орқали келиб чиқади. Яқин вақт оралиғида бошқа боғчалардан бу каби гуруҳ бўлиб оғриш ҳолати кузатилгани йўқ. Ҳозирда керакли таҳлиллар олиниб, бактериологик лабораторияга берилган. Натижалар чиққач аниқ хулосага келиш мумкин бўлади”. 

6-сонли мактабгача таълим ташкилоти Кармана туманидаги энг кўп қатновга эга боғчалардан бири ҳисобланади. Мазкур боғчага 300 нафардан ортиқ бола келади. Мудира Дилшода Зокированинг таъкидлашича, 1991 йилда фаолиятини бошлаган мактабгача таълим ташкилотида шу кунгача бундай ҳолат кузатилмаган.

Ҳолатга нима сабаб бўлганини ҳозирча биз ҳам билмаймиз. Ўша куни боғчамизда давомат тушиб кетди. Сабабини суриштириб, ота-оналар билан боғлансак, болаларнинг иситмаси кўтарилиб, қайт қилаётганини айтишди. Дарҳол туман ДСЭНМга мурожаат қилдик. Ҳозирда барчаси назоратга олинган, боғчада бир неча бор дорилаш ва тозалаш ишларини амалга оширдик.

Таъминотчи корхона озиқ-овқат маҳсулотларини кунлик олиб келади. Бош ҳамшира ва кузатув кенгашидаги 2 нафар ота-она гувоҳлигида маҳсулотлар қабул қилиб олинди. Таъминотчи уларнинг истеъмолга яроқлилиги ҳақидаги ҳужжатларни электрон тарзда бизга тақдим қилади. Бир кун олдин меню тузилади ва буни бош ҳамширамиз назоратга олади. Айни ўша куни болаларга эрталаб каша, соат 10:00да узум, тушликка шўрва ва палов, 15:30да эса творог берилган эди”, — дейди Дилшода Зокирова.

Мудира таъминотчи томонидан озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмолга яроқлилиги ҳақидаги ҳужжатлар нусхаси кунлик электрон тарзда уларга тақдим қилинишини таъкидлади. Лекин бизга ўша кунги ҳужжатларни на мудира, на бош ҳамшира топиб кўрсата олмади. 

Мазкур боғча таъминотчиси “Kids Maxi Navoiy” МЧЖ ҳисобланади. Очиқ манбаларга кўра, МЧЖ раҳбари Пўлат Аҳмедов.

Kun.uz касалланган болалардан айримларининг ота-оналари билан ҳам суҳбатлашди. Уларнинг маълум қилишича, ҳозирда болаларнинг аҳволи яхшиланган, хавотирга ўрин йўқ. Лаборатория хулосалари аниқ бўлгач, болалар қайси егуликдан ёки нимадан касаллангани ойдинлашади.

Руслан Рамазанов
Тайёрлаган Руслан Рамазанов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид