Ўзбекистон | 18:53 / 10.09.2022
54195
4 дақиқада ўқилади

Ётоқхонага айлантирилаётган савдо маркази: Талабаларни нималар кутяпти?

Янгиҳаёт туманидаги савдо мажмуаси 10 минг талабага ётоқхона сифатида берилади. Жаҳонгир Ортиқхўжаев бир ҳафтадан кейин тайёр бўлиши кутилаётган ётоқхона ҳудудида талабалар ишлаши ҳам мумкинлиги, метрогача бепул автобуслар қўйилишини айтди. Батафсил – Kun.uz репортажида.

Янгиҳаёт туманида янги қурилган “Tashkent Index” савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли бино бир ҳафта муддатда ДХШ шартлари асосида талабалар учун турар жойга айлантирилади.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг шу таклифи асосида, мажмуа ҳудудидаги янги савдо дўконлари ҳозир ётоқхонага мослаштириб жиҳозланмоқда. Ҳокимлик хоналардан бирини show-room сифатида тайёрлаган.

Ортиқхўжаев журналистларга берган интервьюсида талабалар ётоқхона ҳудудида ишлаши мумкинлиги ҳақида гапирди.

“Вилоятдан келган, тил биладиган талабалар кўп – IELTS'дан 6, 7 даражасини олганлар бор. Президентимиз ташаббуси билан 150-200 мингга яқин одам Янгиҳаёт туманига кўчиб келган, кўп домлар қурилган. Бу ерда ёш оилалар кўп ва улар фарзандларини тилга ўқитишга эҳтиёжи катта. Биз агар хорижий тилларни ўргатишни репетиторлик қилиб дарсдан ташқари ишлайман деган талабалар бўлса, шу атрофдаги болаларга тил ўргатаман деса, биз жиҳозларини ҳам бепул қилиб берамиз, жойларини ҳам қилиб берамиз. Маҳалладаги оилалар фарзандларига тил ўргатиб талабалар даромад ҳам олиши мумкин. Янгиҳаёт тумани болаларида тил ўрганиш имконияти бўлади. Бунга мен бепул имконият яратиб бераман.

Бундан ташқари ҳар дам олиш кунлари бу ерда кўнгилочар тадбирлар, концертлар ташкиллаштирилади. Талабаларга муқобил шароитлар яратиб берилади”, – деди ҳоким.

Шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимованинг айтишича, 2022 йил режасига мувофиқ, Тошкент шаҳрида қурилиши керак бўлган 11та ётоқхона қуриб битказилгунига қадар, савдо мажмуаси вақтинча ётоқхона сифатида берилмоқда.

“Кўриб турганингиздек, бу – тадбиркорларнинг сотиб олган дўконлари. Шу дўконлар базасида ётоқхоналар ташкил этилмоқда. Бу албатта вақтинча, лекин талабаларимизнинг бугун ижарага уй тополмай, сарсонгарчилик, турли стресс ҳолатлари олдини олиш, уларнинг ўқишга иштиёқи сўнмаслиги, тушкунликка тушмасликлари учун ҳамда Тошкент шаҳрида ўзларини қулай ҳис қилишлари учун барча инфраструктурага эга ётоқ жой билан таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Талабалар учун тайёрланаётган жойлар вақтинча бўлишига қарамай, яшаш, овқатланиш, хавфсизлик, саломатлик ва транспорт билан боғлиқ масалалар бўйича аниқ қулайликлар ишлаб чиқилмоқда”, – деди у.

Раҳимованинг айтишича, талабалар ётоқхонадан ташқари, дарс қилиш учун ўқув хоналари, ошхоналар ва 1,5 км узоқликдаги метрогача бепул автобусларда бориб келиш имкониятлари билан таъминланади.

“Бу талабаларнинг шаҳар марказига етиб олишлари 22-28 дақиқа вақтини олади”, – дейди ҳоким ўринбосари.

Ётоқхоналарни кўздан кечириш учун олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ҳам объектга борди.

“Бугун (ҳоким) жуда муҳим масалага тўхталди: уни ким тушунди, ёки ким тушунмади, президентимиз бизга талабаларни иш билан таъминлаш вазифасини қўйган. Талабанинг ярим кун вақти бор ва контрактини тўлаш учун ишга эҳтиёжи бўлган талабалар ҳам бор. Агар бу ердаги инфратузилма ҳисобидан талабалар иш билан банд бўлса, бу ерда ўқиш ва меҳнат баробар таъминлаб берилса, бу ерга навбатлар бўлади”, – деди Тошқулов.

Маълум бўлишича, битта талаба учун ижара нархи – талабалар давлат ётоқхоналарига тўлайдиган маблағ, яъни ойига 200 мингдан 250 минг сўмгача бўлган нархда бўлади.

Дурдона Раҳимованинг тушунтиришича, бу ижара нархи эмас, балки талабаларнинг бу ердаги яшаши учун кетадиган харажатлар – энергия ресурслари, маиший хизматлардан фойдаланиш учун тўланадиган тўлов ҳисобланади.

Мадина Очилова,
Жавоҳир Ғайратов,
Kun.uz.

Мавзуга оид