Жамият | 14:22 / 11.09.2022
16188
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ЙПХ ходимига 2 минг доллар пора бермоқчи бўлган ҳайдовчилар ушланди

Доривор коврак уруғларини олиб кетаётган 2 нафар ҳайдовчи машиналарини жарима майдончасига қўймаслик эвазига ЙПХ ходимига 2 минг доллар пора бермоқчи бўлишган.

Фото: Видеодан кадр

Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, Узун туманида яшовчи ҳайдовчи ва унинг шеригига тегишли машиналар муддати ўтган қарздорлик борлиги сабаб ЙПХ ходими томонидан жарима майдончасига жойланган.

Шундан сўнг ҳайдовчилар ҳар иккала машинани жарима майдончасидан олиб чиқиб кетиш эвазига ЙПХ ходимларига ҳар бир машина учун 1000 доллардан пул таклиф қилган. Ҳайдовчиларнинг мақсади машинага ортилган доривор коврак уруғларини тезроқ манзилга етказиш бўлган.

ЙПХ ходимининг билдиргисига асосан прокуратура департаменти Денов тумани бўлими ва вилоят ИИБ ходимлари иштирокида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда ҳайдовчилар ЙПХ ходимига иккита машинани жарима майдончасидан олиб чиқиш эвазига 15 миллион сўм бераётганда ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Сирдарё вилоятида аниқланган молиявий камчиликлар бўйича чора кўрмаслик учун ИИБ ЖҚБ ходимига пора бермоқчи бўлган «Сирдарё кўприклардан фойдаланиш» ДУКнинг собиқ раҳбар ушланганди.

Мавзуга оид