Ўзбекистон | 15:10 / 11.09.2022
11409
2 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро аэропортида кичик ёнғин чиқди

Тошкент халқаро аэропортидаги учиб кетиш терминалида тутун пайдо бўлиши оқибатида терминалда вақтинча электр таъминоти ўчирилган. Уч рейс кечиктирилган.

11 сентябр куни Тошкент халқаро аэропортидаги учиб кетиш терминалида тутун пайдо бўлган. Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар беришича, йўловчилар ва ходимлар зудлик билан эвакуация қилинган.

Ҳодиса жойига Тошкент аэропортининг тегишли хизматлари — Аэропорт Ёнғин-қутқарув хизмати, Парвозларни электр-ёритиш билан таъминлаш хизмати ва Авиация хавфсизлиги хизмати навбатчилик бригадалари зудлик билан етиб келган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга биринчи қават тагидаги трансформатор подстанциясида жойлашган узлуксиз электр таъминотининг (УПС) қисқа туташуви сабаб бўлган. Қисқа туташув оқибатларини бартараф этиш ҳамда воқеа жойида ишлаётган хизматлар ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аэропорт терминалини маълум муддатга электр энергиясидан узиб қўйишга қарор қилинган.

«Ертўладан эрталаб соат 10:30 атрофида тутун чиқа бошлади. Аэропорт ходимларининг тезкорлиги ва шаҳардан келган ўт ўчириш бригадалари кўмагида ёнғин тезда бартараф этилди. Соат 10:40 да аэропортни вақтинча электр таъминотидан узишга тўғри келди. Яхшиямки, ҳеч ким жабрланмади. Бир қатор рейслар кечиктирилди. Ҳозирда аэропортнинг тегишли хизматлари ҳодиса жойида ишламоқда ва қисқа туташув сабабларини бартараф этмоқда», дея изоҳ берган Uzbekistan Airports Handling МЧЖ директори Умид Ҳамроев.

Қайд этилишича, айни дамда Олмаотага (KS-128), Нур-Султонга (HY-721) ва Москвага (SU-1975) учаётган рейслар кечиктирилди.

«Аэропорт хизматлари ҳаво бандаргоҳини имкон қадар тезроқ очиш учун бор кучини сарфламоқда. Ҳозирги вақтга келиб, терминалнинг катта қисмида электр энергияси тикланган», дея қайд этилган хабарда.

Тошкент аэропортининг учиб келиш зали ва маҳаллий авиақатновлар терминали одатдаги режимда фаолият олиб бораётгани қўшимча қилинган.

Мавзуга оид