Ўзбекистон | 13:34 / 12.09.2022
10362
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда олий таълим иш ҳақига қандай таъсир қилиши ўрганилди

2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси 49-мақсадида 2026 йилгача республика ҳудудларида камида биттадан олийгоҳ ташкил этиш орқали нодавлат олий таълим ташкилотлари сонини 50 тага етказиш кўзда тутилган.

Фото: Kun.uz

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти олий таълим даражаси иш ҳақига таъсири бўйича тадқиқот ўтказди.

Ўтказилган тадқиқот жараёнида (Жиззах вилояти мисолида) қуйидаги натижалар олинди: олий таълим иш ҳақига 50 фоизгача устамани таъминлайди; амалий малака ва иш тажрибасига эга эканлик устама миқдорини 5 фоизгача етказади; аёлларда таълим сермаҳсуллиги эркакларга қараганда юқори - 73 фоиз ва 42 фоиз.

ПМТИ таҳлил натижалари бошқа ривожланаётган мамлакатлар тадқиқот натижалари билан мос келади. Жаҳон банки экспертлари ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон миқёсида олий таълим 40-60 фоиз устама таъминлашини кўрсатган.

Шу билан бирга, Жиззах вилоятида таълим олиш давомийлиги энг юқори эканлиги қайд этилди – 13,4 йил (республика бўйича ўртача 12,7 йил).

Таълим сермаҳсуллигини жинслар бўйича баҳолаш иш ҳақи даражасида гендер номутаносиблиги мавжудлигини кўрсатди. Шунга кўра, аёлларда таълим сермаҳсуллиги ойлик иш ҳақига нисбатан 23 фоиз юқори экани маълум бўлди.

Таклиф қилинишича, инсонлар ижтимоий зинапоядан кўтарилиши учун муҳим шарт сифатида олий таълимни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Ота-оналар ҳам фарзандлари олий таълим олиши учун улар дунёга келган пайтдаёқ, маблағ жамғаришга жиддий эътибор қаратиши даркор.

Мавзуга оид