Ўзбекистон | 19:38 / 13.09.2022
10373
2 дақиқада ўқилади

«ШҲТ саммити фақат учрашув ёки муҳокамалардан иборат бўлмайди» — Содиқ Сафоев

Содиқ Сафоев ШҲТнинг мақсади – янги деворлар эмас, янги кўприклар қуриш эканини таъкидлади.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоевнинг фикрича, ШҲТнинг Самарқанд саммити Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузи ва ўрни ортиб бораётганини кўрсатади.

«Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти барқарорликни таъминловчи куч сифатида тан олинган. Кузатилаётган таҳдидлар фонида айнан Самарқанд саммитидан бутун дунё аҳолиси кўп нарса кутмоқда. Халқлар бугун рўй бераётган можаролар, қуролли тўқнашувлар, мамлакатларни зиддиятларни бартараф этишга ёрдам беришига умид қилмоқда.

Дарҳақиқат, дунё ўзгарди. Аммо охирги йилларда Ўзбекистон ҳам ўзгарди. Бугунги Ватанимизни беш йил олдингиси билан таққослаб бўлмайди. Мамлакатнинг мавқейи ҳам, унинг таъсир кучи ҳам ортиб боряпти. Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал миқёсдаги муаммоларни ечишга бўлган интилиши ШҲТ доирасидаги тадбирларда ҳам яққол намоён бўляпти. Иштирокчи мамлакатларни бир жойга тўплаб, ўзаро зиддиятларни бартараф этиб, уларнинг бошини қовуштириш юксак дипломатик маҳоратни ва мезбон давлатнинг обрўси юқори бўлишини талаб этади.

Ҳеч шубҳасиз, ШҲТ саммити натижадор бўлади. У фақат учрашувлар, муҳокамалардан эмас, амалий ишларга эришилади», — деб таъкидлади Сафоев.

У ШҲТнинг асосий кучи – ташкилот қандайдир блок ёки ёпиқ тузилма бўлишдан йироқлигини қайд этди. Бу ташкилот ҳамиша турли кўринишдаги ҳамкорликлар учун очиқлиги ва Самарқанд саммити ҳам ташкилот халқаро ўзаро тушуниш, ишонч ва ҳамкорлик барпо этиш учун платформа эканини исботлаши кераклиги таъкидланди. 

«ШҲТ саммити қандайдир қарама-қаршиликларни кучайтириш ёки янги деворларни барпо этиш, янги чегараларни белгилаш эмас, балки янги кўприкларни қуриш, халқларни бир-бирига яқинлаштиришга қаратилган анжуман бўлади», – дея қайд этди Сенат раиси ўринбосари.

Мавзуга оид