Ўзбекистон | 08:50 / 14.09.2022
3850
4 дақиқада ўқилади

Мактаблар ҳар 11 йилда камида бир марта мажбурий тарзда аттестациядан ўтказилади

“Умумий ўрта таълим ташкилотларини аттестация ва мониторингдан ўтказишни такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

“Умумий ўрта таълим ташкилотларини аттестация ва мониторингдан ўтказишни такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2023 йил 1 январдан бошлаб:

а) умумий ўрта таълим ташкилотлари ҳар 11 йилда камида бир марта мажбурий тарзда, муддатдан олдин эса шартнома асосида аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади;

б) фаолият юритаётган умумий ўрта таълим ташкилотлари амалдаги аккредитация сертификати муддати тугаганидан сўнг 11 йил муддатга, янги ташкил этиладиган умумий ўрта таълим ташкилотлари улар ташкил этилган пайтдан бошлаб (белгиланган тартибда лицензия олган пайтдан бошлаб) 11 йил муддатга аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади;

в) давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги жорий этилиши, мониторинг натижаларига кўра таълим сифатида пасайиш кузатилган давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолияти алоҳида режага мувофиқ жойига чиққан ҳолда ўрганилади ҳамда унинг натижаси бўйича фаолият самарадорлигини яхшилаш бўйича “йўл харита”си ишлаб чиқилади;

г) узлуксиз уч йил давомида фаолият самарадорлиги даражаси юқори бўлган умумий ўрта таълим ташкилотларида текширувлар ташкил этишга 3 йил муддатга мораторий жорий қилинади (потенциал коррупциоген ҳолатлар бундан мустасно).

Қуйидагиларни назарда тутувчи давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади:

  • умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини амалга ошириш тартиби ва муддатлари;
  • умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифатини мониторинг қилиш индикаторлари ва баҳолаш мезонлари;
  • умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифатини мониторинг қилиш натижаларига асосан амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва қўлланиладиган таъсир чоралари.

2023 йил 1 январдан бошлаб:

  • давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторинги умумий ўрта таълим ташкилотлари рейтингини аниқлашга оид маълумотлар базаси асосида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда амалга оширилади;
  • хавф-хатарлар таҳлилига асосланган таълим сифати мониторингини ўтказиш учун давлат умумий ўрта таълим ташкилотларида ички баҳолаш ҳар йили камида бир марта амалга оширилади;
  • таълим ташкилотлари давлат аккредитациясидан ўтгани тўғрисида сертификат қоғоз шакли бекор қилиниб, QR-код қўйилган электрон шаклдаги сертификатни онлайн генерация қилиш тизими йўлга қўйилади.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси 2023 йил 1 январга қадар:

  • таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш мезонларини қайта кўриб чиқиб соддалаштиради ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди;
  • таълим ташкилотлари фаолиятини ички баҳолаш натижасида тўпланган маълумотлар ва материалларни онлайн тарзда олиш ва юбориш имконини берадиган аккредитация платформасини ишга туширади.

Тизимида умумий ўрта таълим ташкилотлари бўлган вазирлик ва идоралар Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда туман (шаҳар) ҳокимликлари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолият самарадорлигини яхшилаш бўйича “йўл харита”сида белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида ва лозим даражада бажарилишини ташкил этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид