Ўзбекистон | 22:52 / 15.09.2022
41069
4 дақиқада ўқилади

Катта сиёсат майдонига айланган Самарқанд. Саммитнинг 1-куни асосий воқеалари

Самарқанддаги Шанҳай ҳамкорлик саммити шу кунларда дунё миқёсидаги энг катта сиёсий тадбир бўлиб турибди. Кўҳна шаҳарда 14 та давлатнинг раҳбарлари жам бўлган. Саммитнинг илк кунида улар ўзаро учрашувлар ўтказяпти. Айрим учрашувлар жаҳондаги геосиёсий вазият фонида алоҳида эътиборли.

Кеча Хитой, Эрон, Қирғизистон ва Мўғулистон етакчилари етиб келганди. Бугун Тожикистон, Туркманистон, Россия, Покистон, Озарбойжон, Беларус, Туркия, Қозоғистон ва Ҳиндистон раҳбарлари Самарқандга ташриф буюрди. Аксарият меҳмонларни аэропортда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди. Қатор давлат раҳбарлари ташрифини Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади.

Кун давомида 14 раҳбар орасидан айниқса Шавкат Мирзиёевнинг иш жадвали жуда тиғиз бўлди. Ўзбекистон президенти айни пайтгача олий даражали меҳмонларнинг кўпчилиги билан икки томонлама музокаралар ўтказиб улгурди.

Хитой раиси Си Жинпинг билан бўлган тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга. Давлат ташрифи мақомидаги анжуманда Шавкат Мирзиёев Си Жинпингга олий даражадаги “Дўстлик” орденини топширди. Расмий хабарлардан маълум бўлишича, Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг 4 та асосий йўналиши – автомобилсозлик, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма бўлади. Шу ва бошқа йўналишларда жами 15 млрд долларлик келишувлар имзоланди. Таққослаш учун, охирги 5 йилда Хитой Ўзбекистонга киритган инвестициялар миқдори 10 млрд доллар бўлган.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли қурилишини бошлаш ҳақида уч томонлама битим имзолангани айниқса муҳим воқеа бўлди. Маълумот учун, ҳозирда Хитой товарлари Ўзбекистонга Россия ва Қозоғистон орқали кириб келади. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ўзаро учрашувида Трансафғон темирйўли қурилишини тезлаштириш кераклиги таъкидланди. Шубҳасиз, Хитой ва Покистонга темирйўлнинг ўтиши денгиздан тўсилган Ўзбекистонга жанубий ва шарқий йўналишларда жуда катта имкониятларни очади.

Шавкат Мирзиёевнинг Беларус президенти Александр Лукашенко билан учрашувида ҳам логистикага оид муҳим янгилик янгради. Маълум бўлишича, Россия ва Ўзбекистон ўртасида ўтган йили йўлга қўйилган “Агроэкспресс” лойиҳасига Беларус ҳам қўшилиши мумкин. Бу – Беларус ва Ўзбекистон ўртасидаги таъминот занжирининг иши тезлашишини англатади.

Шавкат Мирзиёевнинг тожикистонлик ва қирғизистонлик ҳамкасблари билан учрашувларида асосий мавзулардан бири энергетика бўлди. Имомали Раҳмон билан учрашувда Явон ГЭСи, Садир Жапаров билан мулоқотда эса Қамбарота-1 ГЭСини қуриш ишларини тезроқ бошлаш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон президенти кечга яқин Россия президенти Владимир Путин билан ҳам учрашди. Ташриф доирасида машинасозлик, кимё, нефть-кимё ва геология соҳалари бўйича 4,6 миллиард долларлик янги инвестиция битимлари имзоланди. Ўзбекистон ва Россия ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация қабул қилинди. Путин Мирзиёевга Александр Невский орденини топширди.

Саммит доирасида меҳмонлар нафақат Шавкат Мирзиёев билан, балки кўплаб ўзаро учрашувлар ҳам ўтказди. Хусусан, Владимир Путиннинг фаоллиги эътиборга молик. Россия президенти дастуридан Самарқандда нақ 10 та учрашув ўрин олган. Улар орасидан Хитой, Туркия, Эрон, Ҳиндистон ва Озарбойжон етакчилари билан мулоқотлари кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Путиннинг бошқа учрашувлари, масалан, Қирғизистон, Туркманистон ва Покистон раҳбарлари мулоқотлари бошқа томондан кўпчиликнинг эътиборини тортди. Аввалига Садир Жапаров уни бироз куттириб қўйган бўлса, кейин Сердар Бердимуҳамедов ён дафтарини, ундан сўнг Шаҳбоз Шариф таржимон уланган қулоқчинини тушириб юборди.

Саммит иштирокчилари Самарқанддаги халқаро туризм марказида дарахт экишди.

Юқорида айтганимиздек, жаҳондаги геосиёсий вазият фонида икки томонлама учрашувларнинг амалий аҳамияти эртага бўлиб ўтадиган ялпи йиғилишдан қолишмайди. Маълумот учун, саммитга ташриф буюриши кутилган Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбойжон билан чегарадаги вазият сабабли келмади.

Бугун оқшом меҳмонлар шарафига Ўзбекистон президенти номидан норасмий кечки овқат ташкил этилди.

Мавзуга оид