Жаҳон | 08:52 / 15.09.2022
3317
2 дақиқада ўқилади

Линн Трейси АҚШнинг Россиядаги янги элчиси бўлиши мумкин

Байден маъмурияти Линн Трейси тез орада Москвада иш бошлашига умид қилмоқда, деб хабар берди CNN. Ҳозир у Американинг Арманистондаги дипломатик миссиясини бошқаради. 

Фото: АҚШ элчихонаси

АҚШ президенти Жо Байден ҳозирда АҚШнинг Арманистондаги дипломатик миссиясини бошқараётган Линн Трейсини Россиядаги навбатдаги элчи этиб тайинлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 14 сентябр, чоршанба куни вазиятдан хабардор суҳбатдошларига таяниб, CNN маълум қилди. 

Бу маълумотни AP ва Reuters агентликлари манбалари ҳам тасдиқлади. Ҳозирча бу хабарларнинг расмий тасдиғи йўқ. 

Байден маъмурияти Трейси тез орада Москвада иш бошлашига умид қилмоқда, дея таъкидлайди CNN. Трейсининг келиши ва расмий тайинланиш вақти Россия уни элчи сифатида қабул қилишга рози бўладими-йўқлигига боғлиқ. Манбаларга кўра, Вашингтон Россияни ўз танлови ҳақида хабардор қилган. Умумий қоидага кўра, мезбон давлат танланган элчини расмий тайинланишдан олдин тасдиқлайди. 

АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан Россиянинг Украинага қарши уруши муносабати билан икки давлат ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда ўз лавозимини тарк этди. У 4 сентябр куни Москвадан жўнаб кетди. Салливаннинг ўрнига янги элчи келгунига қадар Элизабет Руд АҚШнинг Москвадаги элчихонасида муваққат ишлар вакили вазифасини бажариб келмоқда. 

Рус тилини биладиган Линн Трейси дипломатик хизмат ходими ҳисобланади. 2019 йилда Ереванда элчи сифатида қасамёд қилишдан олдин у Давлат департаментининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича бюросида Россия бўйича катта маслаҳатчи лавозимида ишлаган. 2014 йилдан 2017 йилгача Трейси АҚШнинг Москвадаги элчихонаси раҳбари ўринбосари бўлган. У аввал Марказий ва Жанубий Осиёда турли дипломатик лавозимларда ишлаган. 

Агар Трейси Россиядаги элчи этиб тасдиқланса, у АҚШнинг Москвадаги элчихонасини бошқарадиган биринчи аёл бўлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид