Одамлар яна Ойга қайтмоқда. NASA сўнгги 50 йилдаги энг умидли лойиҳани ишга туширди
NASA яқин 10 йилликнинг асосий миссияси – Artemis дастури ишга туширилганини эълон қилди. У учта босқичдан иборат: учувчисиз парвоз, экипажнинг Ой атрофидаги парвози ва астронавтларнинг Ойга қўниши. Учувчисиз парвоз 27 сентябр куни старт олади.
Artemis дастури нима ва одамлар нега Ойга қайтмоқда?
АҚШ собиқ вице-президенти Майк Пенс яқин йилларда одамлар Artemis миссияси доирасида Ойга қўнишини расман ваъда қилганди. Бундай лойиҳа нега керак бўлиб қолганини NASA шундай тушунтирди: «Биз Ойга илмий кашфиётлар, иқтисодий манфаатлар ва тадқиқотчиларнинг янги авлодини илҳомлантириш учун қайтяпмиз. Artemis миссияси келажакдаги парвозлар учун асосдир».
Artemis миссияси аниқ белгиланган учта босқичдан иборат:
- Artemis I (2022): экипажсиз синов парвози;
- Artemis II (2024): экипажнинг Ой атрофидаги парвози;
- Artemis III (2025): экипажнинг парвози ва Ойга қўниши.
АҚШ ҳукумати ушбу миссияни тўлиқ қўллаб-қувватлаяпти ва келгуси йиллардаги барча харажатлар учун маблағ ажратган.
Artemis I миссияси 42 кун давом этади – у ракетанинг экипаж билан бирга учишга тайёрлигини намойиш қилиши керак. Бунинг учун Boeing компанияси Orion космик кемасини ойга етказадиган SLS ракета-ташувчисини ишлаб чиққан.
SLS ракетаси баландлиги қарийб 100 метр, оғирлиги 2,5 минг тонна ва тортиш кучи 4 минг тоннага етади. Orion капсуласи тўрт нафар астронавтни олиб юради ва бошқа космик кемага туташмасдан 21 кун давомида парвоз қилишга қодир. Artemis I миссиясида унинг Ерга қайта олиши синовдан ўтказилади ва парвоз пайтида астронавтлар дуч келадиган эҳтимолий юкламалар ҳисоблаб чиқилади.
Artemis дастурининг асосий мақсади – космик тадқиқотлар учун пойдевор яратиш. Унинг кичик мақсадлари ҳам бор: ёнилғи ва қурилиш материаллари учун муқобил ресурслардан фойдаланиш, космик иқтисодиётнинг пойдеворини босқичма-босқич ишлаб чиқиш. Artemis тажрибаси, бошқа нарсалар қатори, ўнлаб йиллардан кейин Ойга тижорат парвозларини амалга ошириш учун ҳам қўлланиши мумкин.
Жон Кеннеди номидаги космик марказ директори Боб Кабана Ойнинг янги тадқиқоти билан боғлиқ глобал воқеаларни башорат қилди, улар инсоният келажаги билан боғлиқ: «Биз ўз сайёрамиздан ташқарига чиқиб, Қуёш тизими бўйлаб саёҳат қилиш имкониятини ўрганишимиз керак. Агар биз омон қолишни истасак, бу жуда муҳим бўлади. Ким билсин, бир кун келиб бу асқатиши мумкин».
Artemis I бу борадаги дастлабки қадам бўлади. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари авиация ва космик тадқиқотлар мактаби профессори Венди Уитман Коббнинг сўзларига кўра, бу жуда муҳим босқич ҳисобланади. «Ракетанинг қанчалик тўғри ишлашини аниқлаб олиш зарур. Агар муваффақиятли чиқса, NASA кейинги икки йил ичида амалга ошириладиган барча миссиялар учун пойдеворга эга бўлади».
Одамларнинг Ойга қўниши келажакда Марсга саёҳат уюштириш контекстида ҳам муҳимдир. Бундай парвозларда одамларнинг мураккаб шароитларда яшаши ва соғлиғи билан боғлиқ хатарлар ўрганилади. Марсга парвозларни амалга оширишни осонлаштириш учун Ой ресурсларидан технологик сакраш учун фойдаланиш режалаштирилган. Инсоният барча янги технологияларни Ойда синаб кўрмоқчи.
2022 йилда инсоннинг Apollo миссияси доирасида Ойга охирги парвозига 50 йил тўлди. Artemis миссияси одамларни Ой юзасига қайтаришни мақсад қилган ягона лойиҳадир. Унинг яна бир мақсади – Ой юзасининг янги ҳудудларини глобал ўрганиш. Artemis миссиясини тайёрлаш ва амалга ошириш тафсилотлари қисман Apollo миссияларига ўхшайди.
Нега одамлар узоқ вақт давомида Ойга учмаган – бунга тўсқинлик қилган сабаблар
Инсонлар Apollo дастури доирасида Ойга 6 марта қўнган. Охиргиси 1972 йил декабрда бўлган. Ўша пайтда Южин Cернан ва Ҳаррисон Шмидт ой юзасига қадам қўйишганди. Шундан сўнг NASA космик гуруҳларни Ойга юборишни тўхтатди. СССР ҳам ўзининг Ой дастурини бекор қилди.
NASA маъмури Жим Брайденстайннинг сўзларига кўра, бунга сиёсий мақсадлар сабаб бўлган. «Агар сиёсий хавфлар бўлмаганида, биз ҳозир Ойда турган бўлардик. Эҳтимол, аллақачон Марсга ҳам парвоз қилардик. Буларнинг барчасига сиёсат тўсқинлик қилди».
Ой дастурларининг юзага келиши ва амалга оширилишига ҳам айнан сиёсат сабаб бўлган. АҚШ ва СССР совуқ уруш доирасида космосда ҳам устунликка эришишга интилган. Бундай мақсадлар учун маблағ аялмаган.
Брайденстайн Ой дастурлари жуда катта маблағ талаб қилганини тан олади. Молиявий харажатлар катталиги зарур технологиялар етишмаслиги билан боғлиқ эди. Масалан, ўтган асрда космик аппаратни яратиш катта инвестиция талаб қилган ва синов пайтида муаммоларга олиб келган. Тайёргарлик пайтида одамлар ҳалок бўлган, муваффақиятли синовлар эса инвестиция қилинган маблағларни ва тайёргарлик учун сарфланган вақтни оқламаган.
Ҳозир эса технологик амалиёт анча тезлашди. Бироқ, парвоз нархи доимий равишда ўзгаряпти. Бу хусусий инвесторларни чўчитяпти. Ҳатто Artemis миссияси инспектори ҳам буни тан олади: молиялаштириш даражаси пастлиги, режа-графикнинг нореаллиги ва жиддий техник хавфлар. Аммо Artemis ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланяпти, бошқа шунга ўхшаш лойиҳаларда бундай қилинмаган эди.
2022 йилда Ой томон ҳар қандай парвоз ҳамон қимматлигича қоляпти. Мисол учун, SLS/Orion ракетасининг битта парвози ва унга тайёргарлик кўриш жараёни 4,1 миллиард долларга тушади. Шу сабабли, кўплаб мутахассислар бу харажатни бюджет учун жуда оғир деб ҳисоблашади. Artemis дастурининг умумий қиймати тайёрлаш босқичидаёқ 20 миллиард доллардан ошиб кетди.
Artemis дастуридан олдин NASA даромадли деб умид қилинган Constellation лойиҳасига эга эди. Унга кўра, Ойдаги тупроқни ёнилғига айлантириш, шунингдек, сайёра сатҳида кислород олиш, шундан сўнг, инсонларни Ойга юбориш мақсад қилинганди. Бироқ, АҚШ собиқ президенти Барак Обама молиявий харажатлар чегарадан чиқиб кетгани боис, лойиҳани кейинга қолдирди. Чунки ҳаммаси жуда қиммат экани ойдинлашди.
Парвозлар нархи қимматлиги туфайли бошқа давлатлар ҳам Ойга қўниш дастурларини тўхтатиб қўймоқда. Масалан, Хитой технология жиҳатидан инсонни Ойга юборишга жуда яқинлашганди. 2020 йилда «Чанъэ-5» модули Хитой байроғини Ой юзасига ўрнатди. Аммо ҳозир мамлакат космик дастури кун тартибида инсонни Ойга юбориш бўйича аниқ режа йўқ. Бу фақат келажак учун режалаштирилган, холос.
Space.com сайти собиқ астронавтлар ва тадқиқотчилар билан мулоқот қилиб, Apollo миссияларида Ойни ўрганиш мақсади умуман йўқлигини аниқлади. Бу шунчаки СССР билан совуқ уруш давридаги устунликни намойиш этишга интилиш бўлган, холос. Шу сабабли, NASA учун мисли кўрилмаган ресурлар ажратилган. Устунликка эришилганидан сўнг, бундай миссияларга қизиқиш йўқолган.
Сўнгги йилларда NASA янги, саёҳатни нисбатан арзон қилиш имконини берувчи космик кемалар устида ишламоқда. У 2020 йилдаёқ одамларни Ойга қайтаришни режалаштирган эди – жуда дадил муддат. Аммо график сурилиб бораверди. Бунга NASA молиявий муаммолари ва харажатлар мақсадларга мос келмаслиги тўсқинлик қилди.
Янги миссия Ойда базаларини яратиш ва ўрнатиш бўйича қатъий лойиҳага эга, бу билан олдинги йилларда бекор қилинган дастурлардан фарқ қилади.
«Энди шунчаки Ойга парвоз қилмаймиз, биз у ерда қоламиз. Биз шуни мақсад қилганмиз. Яқин келажак учун белгиланган вазифалар: Ойда мустаҳкам ўрнашиб олиш ва келажакда Марсга парвоз қилиш учун шароит яратиш», дейди Брайденстайн.
Artemis III босқичида одамлар Ойга қўнадими – ҳозир бунинг имкони бордек туюляпти. 2022 йил август ойида NASA вакиллари Ой харитасини намойиш этишди ва унда 13 та эҳтимолий қўниш нуқтаси белгиланганди. Ҳозирча одамларнинг парвози 2025 йилга мўлжалланган бўлса-да, муддат кейинга сурилиши мумкин.
NяSA маълумотига кўра, Artemis миссияси доирасида биринчи аёл Ойга парвоз қилади ва қўнади. Номзодлар ҳали саралаш босқичида. Artemis I босқичида космик кема ичида манекенлар, шунингдек, Snoopy кучукчасининг юмшоқ нусхаси бўлади.
Келажакда одамларнинг Ойга парвоз қилиши ва қўниши кўп жиҳатдан 2022 йилдаги синов парвози муваффақиятига боғлиқ. Artemis I доирасидаги илк парвоз 27 сентябрга режалаштирилган.
Мавзуга оид
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:22 / 15.11.2024
Америкалик ҳарбий хизматчилар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ортди
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
16:56 / 14.11.2024