Ўзбекистон | 17:29 / 15.09.2022
6831
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Сердар Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 сентябр куни Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити фахрий меҳмони сифатида Самарқандда бўлиб турган Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди.

Туркманистон президенти Ўзбекистонда унга кўрсатилган меҳмондўстлик учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди. Туркманистон миллий кенгаши халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломини етказди. Олий мартабали меҳмон Самарқандда Ўзбекистон президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини қайд этди.

Президентлар Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги анъанавий яқин дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари кейинги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани ва аниқ амалий мазмун билан бойиганини таъкидлади. 

Товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бораётгани ва йил бошидан 10 фоизга ортгани кўрсатиб ўтилди. Логистика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида қўшма кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ҳудудлар ҳамкорлиги ва маданий-гуманитар алмашинув кенгайиб бормоқда.

Мавзуга оид