Жаҳон | 22:32 / 15.09.2022
20735
7 дақиқада ўқилади

Украина хавфсизлик кафолати режасини эълон қилди: мамлакат энди НАТОга киришдан воз кечмоқчи эмас

Украина президенти маъмурияти раҳбари Андрей Ермак ҳамда НАТО собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен Украина учун хавфсизлик кафолати режасини ишлаб чиқишди. Бу ҳақда Зеленский офиси ахборот хизмати маълум қилди.

Jon Gambrell / AP / Scanpix / LETA

Володимир Зеленскийнинг топшириғи билан бу режа устида ишлаш борасида экспертлар гуруҳи тузилиб, улар «Хавфсизлик бўйича Киев келишуви» режасини ишлаб чиққан. Ҳужжат Украина ва унинг хавфсизлигига гарант бўлувчи давлатлар ўртасидаги стратегик келишув кўринишида ишлаб чиқилган.

Келишув Украинанинг НАТОга кириши ўрнига ишлаб чиқилган муқобил вариант эмас, шунчаки Украина алянсга киргунига қадар хавфсизликни таъминловчи ҳужжат бўлиши кўзда тутилган. Украинанинг иттифоқчилари мамлакат қуролли кучларини қурол билан таъминлаш мажбуриятини қабул қилишга тайёрлиги кутилмоқда. Шунингдек, махсус гуруҳ санкциялар атрофида тузилган ноҳарбий хавфсизлик кафолати тақдим этади.

Ишлаб чиқилган режада қуйидаги кафолатлар илгари сурилган:

  • БМТ уставининг 51-моддасига кўра тажовузкордан муносиб ҳимояланиш имконига эга бўлиш. Бу учун Украина мудофаа саноатига инвестиция киритиш, иттифоқчилари томонидан Украинага ёппасига қурол ва разведка маълумотларини етказиб бериш, Европа иттифоқи ва НАТО байроғи остидаги қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиш;
  • янги тажовузнинг олдини олиш мақсадида ҳарбий, молиявий, инфратузилмавий, техник ва информацион чоралар кўриш;
  • тажовузкор-давлатга қарши санкциялар қўллаш. Хусусан, тажовузкор-давлат ва санкцияга тушган фуқароларининг мулкларини мусодара қилиб, уларни зарарни қоплаш учун ишлатиш;
  • Санкциялар Россия Украина хавфсизлигига таҳдид солишни бас қилиб, келажакда Украинага ҳужум қилмасликка кафолат берганига қадар амалда бўлиши керак. Шунингдек, Россия урушда етказилган зарарни қопламагунга қадар санкциялар ўз кучида қолиши лозим.

«Биз шундай қилишимиз керакки, «Яна такрорлай оламиз» деган сўз россияликларда ваҳима уйғотиб, ёмон хотираларни эслатиши керак. Ва шундай қилишимиз керакки, руслар «Яна такрорлай оламиз» деган чақирувга «Асло такрорламаймиз» деб жавоб беришсин.

Бунинг учун бизга русларнинг реванш истагини бартараф эта оладиган, тажовузкор-давлатда бундай истак пайдо бўлган тақдирда, уларга муносиб зарар бера оладиган даражада кучли ҳарбий қудрат керак», дейди Украина президент маъмурияти раҳбари Андрей Ермак.

Маълумот учун, март ойида Истанбулда ўтказилган Украина – Россия – Туркия учтомонлама музокараларида Киев НАТО ёки бошқа ҳарбий блокларга кирмаслик эвазига муқобил хавфсизлик кафолати сўраган, уни махсус гарант-давлатлар кафолатлашини таклиф қилганди. Ўшандан кейин Украина ва Россия ўртасида ҳеч қандай музокара ўтказилгани йўқ. 11 сентябр куни АҚШнинг CNN нашрига интервю берган Украина етакчиси Володимир Зеленский ҳозирча Владимир Путин билан қандайдир музокара ўтказишга тайёр эмаслиги, Россия томони ҳеч қанақа мулоқот хоҳламаслигини айтганди.

Ўз навбатида, узоқ вақт Украина билан музокаралардан фойда йўқлигини айтиб келган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шу кунларда Москва музокараларга тайёрлигини билдирмоқда.

BBC журналисти Виктория Жуган шу кунларда эълон қилинган хавфсизлик кафолати ва март ойида Истанбулда ўтган музокаралардаги Украина таклиф қилган режани таққослаб кўрди. Ўзгаришлардан ортда қолган ярим йил давомида Украинанинг фронтдаги муваффақиятлар фонида дипломатиядаги позицияси анча мустаҳкамланганини кўриш мумкин.

Март ойидаги ва сентябрдаги Украина таклиф қилган хавфсизлик кафолатида қуйидагича ўзгаришлар кўринади:

Март: Россия ва Хитой гарант вазифасини ўташи мумкин бўлган давлатлар қаторида.

Сентябр: Россия ва Хитой гарант-давлатлар рўйхатида йўқ.

Март: Украина конституцияни ўзгартириш ва НАТОга кирмасликни кафолатлаши айтилганди.

Сентябр: Украина конституциясида белгилаб қўйилган НАТОга киришга интилиш ёки ҳозирги таклиф қилинаётган хавфсизлик кафолати нейтрал статусга алмашув объекти бўлолмайди.

Март: Хавфсизлик кафолати Қрим ва «ЛДХР»га тааллуқли бўлмайди.

Сентябр: Хавфсизлик кафолати Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари доирасида дахлдор бўлади (бу эса Қрим, Донецк ва Луҳанск ҳудуди ҳам дегани).

Март: Украина ҳудудига халқаро ҳарбий контингент жойлаштириш тақиқланади. Ҳарбий машғулотлар фақат гарант-давлатлар розилиги билан амалга оширилади.

Сентябр: Украина ҳудудида мамлакат армияси ва хорижлик инструкторлар, маслаҳатчилар иштирокида ҳарбий машғулотлар ўтказилади. Хавфсизлик кафолати Украина ўзини муҳофаза қилиши учун керак бўладиган ҳеч қандай чора-тадбирни тақиқламаслиги керак.

Март: Келишув бошланиши учун Россия армияси 23 февралдаги ҳолатига қайтиши керак.

Сентябр: агар Москва қуйидаги ишларни қилмаса, 2014 йилда Россияга қарши санкциялар бекор қилинмаслиги керак: а) Украинага қарши тажовузни бас қилмаса; б) Келажакда Украинага ҳужум қилишни кафолатламаса; в) Уруш вақтида Украинага келтирилган зарарни қопламаса.

Янги хавфсизлик лойиҳасига кўра Украина хавфсизлик кафолатини АҚШ, Британия, Канада, Полша, Италия, Германия, Франция, Туркия, Шимолий Европа, Болтиқбўйи, Марказий ва Шарқий Европа давлатлари, шунингдек, НАТОга аъзо бўлмаган Австралия гарант-давлат сифатида имзолашига умид қилмоқда.

Хавфсизлик кафолатига гарант-давлат бўлиш Украинага ёрдам бериш бўйича юридик мажбуриятни гарданига олиш демакдир. Бу мажбуриятлар молиявий кўринишда ҳам бўлиши мумкин, баъзан эса қайтиб берилмайдиган қарз кўринишида. Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш, разведка маълумотларини бўлишиш, киберхавфсизлик борасида ҳамкорлик қилиш ҳам мажбуриятнинг бир қисми бўлиши мумкин.

«Хавфсизлик бўйича Киев келишуви»да умумий кафолат механизми ҳақида сўз борган, муайян мажбуриятлар эса гарант-давлатлар билан ўзаро учрашувда келишиб олинади.

Хавфсизлик кафолати – вақтинчалик чора, Украина НАТОга кириш фикридан қайтмаган

Лойиҳани ишлаб чиққанларнинг айтишича, «Хавфсизлик бўйича Киев келишуви» мамлакат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилган вақтинча чора, холос. Украина Европа Иттифоқи ва НАТОга киришга қатъий қарор қилган. Махсус халқаро гуруҳ бўлажак келишув Украина қуролли кучларининг кучайишини чекламаслиги кераклигини айтган.

72 соат ичида ҳал қилиш керак

Хавфсизлик лойиҳасида айтилишича, гарант-давлатлар 72 соат ичида Украинага нисбатан амалга оширилган ҳаракат тажовуз ёки йўқлиги борасида бир қарорга келиши, бу ҳаракатга қарши чоралар кўриш масаласида келишиши керак. Масалан, Россия Украинага яна ҳужум қилса, 2022 йил 1 сентябр ҳолатига кўра Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар бекор қилинган бўлса, улар тезда қайта жорий қилиниши шарт экани келтирилган.

Россия қандай муносабат билдирди?

Москвада Андрей Ермак бошчилигида ишлаб чиқилган ушбу лойиҳага кескин муносабат билдиришди. Кремл расмий вакили Дмитрий Песковнинг айтишича, лойиҳада Украина НАТОга кириш мақсадини сақлаб қолган ва бу Россия учун хавф ҳисобланади. Россия собиқ президенти Дмитрий Медведев бу лойиҳани учинчи жаҳон урушининг дебочаси деб атади. Халқаро дунё етакчилари ҳозирча бу лойиҳага муносабат билдиргани йўқ.

Мавзуга оид