«Бу ердан тирик олиб чиқаман. Лекин тирик қайтаришга кафолат бермайман» — Пригожин маҳбусларни Украина урушига қандай жалб қилмоқда?
Интернетда Россиядаги жазони ижро этиш колонияларидан бирида бизнесмен Евгений Пригожин маҳбусларни Украинадаги уруш учун «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига ёллаётгани акс этган видео тарқалди. Видео қайси колонияда суратга олингани аниқ эмас, тахминларга кўра, бу Марий Эл маркази Йошкар-Оладаги 6-ИК.
«Путиннинг ошпази» лақаби билан машҳур бўлган бизнесмен Евгений Пригожиннинг маҳбуслар олдидаги чиқишининг тўлиқ матнини Meduza нашри келтирмоқда.
«Мен хусусий ҳарбий компания вакилиман. Эҳтимол эшитгандирсиз — ЧВК «Вагнер» деб аталади. Уруш жуда оғир кечмоқда. У ерда чеченлар ва уларга ўхшаганлар урушмоқда. Менинг компаниямда ўқ-дориларнинг сарфи Сталинграддагидан икки ярим баробар кўпроқ.
Биринчи гуноҳ иш — дезертирлик. Ҳеч ким ортга тисарилмаслиги керак. Ҳеч ким чекинмайди. Ҳеч ким асирга тушмайди. Машғулотларни ўтай бошлаганларингда сизларга доим ёнларингда бўлиши керак бўлган иккита граната ҳақида сўзлаб беришади. Иккинчи гуноҳ — алкогол ва наркотиклар. Бу биз билан ярим йилларингда бўладиган ҳарбий ҳаракатлар зонаси учун тааллуқли. Учинчи гуноҳ — мародёрлик. Маҳаллий аёллар, флора, фауна, эркаклар ва бошқалар билан ишқий муносабатларга киришиш ҳам киради бунга.
Биз оладиган минимал ёш — 22 ёш. Агар бундан ёш бўлса — қариндошларининг розилик хати керак. Максимал ёш шартли равишда 50 ёш қилиб белгиланган. Агар бу ёшдан катта ва бақувват бўлса, шу ернинг ўзида элементар синовлардан ўтказиб, нечоғлик соғлом эканини текшириб кўрамиз. Жисмоний ҳолат ниҳоятда муҳим. Одам нечоғлик соғлом ва бақувват эканини кўрамиз, шунга кўра қарор чиқариб оламиз.
Мен билан бирга урушган илк маҳбуслар 1 июн куни Углегорск ИЭСни штурм қилишган. Питердан 40 киши олиб келгандик, рецидивистлар. 40 киши душманнинг окопига йўл олиб, пичоқ билан сўйиб чиқишган. Уч киши ўлди, етти киши яраланди. Ўлганлардан бири 52 ёшда эди, ўттиз йил ўтирган. Қаҳрамонларча ҳалок бўлди.
228-модда (Наркотик ва психотроп моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш, ўтказиш ва жўнатиш) бўйича ўтирганларга, наркотик моддаларга боғланиб қолиши бор-йўқлигига алоҳида эътибор берамиз. Агар саволлар пайдо бўлса, қарор чиқариш ҳуқуқини ўзимизда қолдирамиз. Ҳозирча сизларни олиб кетиш, иродаларинг нақадар мустаҳкамлигини полиграфда саволлар бериб синаш учун тайёрланмоқдамиз.
Биз жинсий тажовуз моддалари бўйича ўтирганларга жуда эҳтиёт бўлиб муносабатда бўламиз. Лекин хатолар бўлиб туришини ҳам инобатга оламиз.
Бизга кимлар керак? Бизга фақат штурмчилар керак. Йигитларимизнинг 60 фоизи штурмчилар ва сизлар ҳам улардан бири бўласизлар. Биздан ҳеч нарса билан фарқ қилмайсизлар. Қўлимда узоқ йиллар жанг қилиб, ўнлаб урушларни кўрганларга кўрсатилаётган муомала қилинади, баъзан ундан ҳам яхшироқ.
Ўт очиб қўллаб турувчи взводлар ва ҳужумни таъминловчи бошқа бўлинмаларда жанг қиласизлар. Менга тегишли ЧВКда бир неча хил самолётлар бор, бирваракайига ўт очиш ракета тизими бор, танклар бор, хуллас самарали ҳужум қилиш учун ҳамма нарса бор.
Олдинга ҳаракат қиладиган илдамларда тирик қолиш учун имконият кўпроқ бўлади. Кимки ортга тисарилса, нима қилишни билмай туриб қолса — тушунарлики, албатта лойга қоришади.
Сизларга сўзлаб берганимдан сўнг суҳбат жараёни бўлиб ўтади. Унда қисқа вақт ўзим бўламан, шундан сўнг бир неча киши икки-уч соат давомида ҳар бирларинг билан кўзларингга қараб савол-жавоб қилади.
Ўлганлар масаласи. Жасадлар васиятномаларингда кўрсатилган манзилга етказилади. Қариндошларингга топширилади ёки кўрсатган жойларингга дафн этамиз. Ҳаммани ўз шаҳридаги қаҳрамонлар хиёбонида дафн этамиз. Ким қаерга дафн этилишини билмаса Горячий Ключдаги «Вагнер» ЧВК ибодатхонаси ёнига кўмилади.
Тирик қолганлар ярим йилдан сўнг афв этилиб уйига кетади. Биз билан кейинчалик ҳам қолишни истаганлар қолаверади. Шу сабабли, зонага қайтиб келиш варианти йўқ. Биринчи куни келибоқ «Мен ўзим истамаган жойга тушиб қолибман-ку», дейдиганлар «дезертир» деб қайд қилинади ва отиб ташланади.
Саволлар борми? Саволлардан сўнг ҳамма суҳбатдан ўтиш учун жонли навбатга туради. Қарор қабул қилиш учун беш дақиқа вақт бераман. Биз кетганимиздан сўнг вақт тугайди. У ёғини пешонадан кўрасизлар.
Кафолат ва ишонч масалалари қуйидагича: ўн йиллаб қамоқ жазоси олган кимнидир шу ердан чиқара оладиган таниши борми? Ёки худо ёки ёғоч яшик чиқара олиши мумкин. Мен эса сизларни тирик олиб чиқаман. Тирик қайтаришга эса кафолат бермайман. Хўш, йигитлар, саволлар борми? Ҳаммасини оддийгина қилиб тушунтириб қўйдим… Ўйлаш учун кетишимиздан аввал беш дақиқа бераман. Шу ердалигимизда — танланглар. Ким хоҳласа — биз билан кетади».
Ушбу видео интернетда тарқалгач, одамхўр, қотил ва зўравонлар озодликка чиқишига эътирозлар билдирилди, кўп ўтмай «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси эгаси Евгений Пригожин бу бўйича изоҳ берди.
«Хусусий ҳарбий компанияда зэклар урушишини истамаганлар, ўз фарзандларингни фронтга жўнатинглар. Ё ЧВК ва зэклар, ё болаларингиз — ўзларинг танланглар», — деган Пригожин.
Украинага қарши урушда «Вагнер» ЧВКга ёлланиб иштирок этишни истаган маҳбусларга тўлиқ амуниция ва қурол-яроғлардан ташқари, 6 ой давомида ойига 100 минг рубл маош ваъда қилинган.
The Insider нашри ҳуқуқ фаоли Иван Асташинга асосланиб хабар беришича, Йошкар-Оладаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колониясида Пригожиннинг ташрифидан кейин 150 нафарга яқин киши кўнгилли сифатида Украинадаги урушга ёлланган.