Путин сомса еди, Лукашенко дўппи олди: Самарқандда ШҲТ меҳмонлари учун норасмий қабул ўтказилди
Самарқанд туманидаги сайёҳлик марказида Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо ва меҳмон давлат раҳбарлари иштирокида саммит давом этмоқда.
15 сентябр куни барча таклиф қилинган меҳмонлар Самарқандга етиб келишди ва учрашувлар бошланиб кетди. Тиғиз ўтган биринчи кун охирида меҳмонлар учун норасмий қабул ташкил қилинди. Шавкат Мирзиёев меҳмонларни Самарқанд сайёҳлик марказидаги «Боқий шаҳар» мажмуаси билан таништирди.
Ўзбек миллий анъаналари асосида ташкил қилинган саёҳат давомида меҳмонлар миллий маҳсулотлардан баҳраманд бўлишга ҳам улгуришди. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Беларус президенти Александр Лукашенкога сурхонча дўппи совға қилинди. Дарвоқе, олдинроқ Лукашенко Алиевдан алоҳида мулоқот ўтказишни сўраб «гап борлигини» айтганди.
Йўл-йўлакай мажмуа ичида ташкил қилинган махсус ошхонада тандирдан иссиқ сомса узилди ва меҳмонларга таклиф қилинди. Россия президенти Владимир Путин Самарқанд сомсасидан татиб кўрди. Баъзи нашрларнинг ёзилишича, кечки овқатга ўзбекча палов ҳам тортилган. Йўлакларда сара ўзбек мевалари териб қўйилди.
Норасмий қабул якунида эса меҳмонлар шарафига мушакбозлик уюштирилди. Давлат раҳбарлари «Боқий шаҳар» фонида умумий суратга тушишди. Умумий суратда Хитой, Эрон ва Ҳиндистон етакчилари кўриниш бермади. Афтидан, Си Жинпинг Хитойда амалда бўлган қаттиқ карантин талаблари, шунингдек, чарчоқ сабаб тунги қабулда иштирок этмаган.
Ҳиндистон етакчиси Нариндра Моди Самарқандга кечаси етиб келди. Эрон президенти Иброҳим Раисий эса Самарқандга келганидан фойдаланиб Самарқанд шаҳридаги Панжоб шиалар масжидига бориб, нутқ сўзлади.
ШҲТ Самарқанд саммитининг асосий тадбирлари 16 сентябр куни ўтказилади ва шу куни Самарқанд декларацияси имзоланади.
Мавзуга оид
21:21 / 17.10.2024
Ўзбекистоннинг ШҲТ бюджетидаги улуши маълум бўлди
15:39 / 08.07.2024
ШҲТ яна кенгайди. Бу ташкилотнинг амалий эмас, декларатив характерини кучайтирадими?
18:48 / 04.07.2024
«Қарама-қаршилик ва протекционизм жаҳон иқтисодиёти парчаланиши ва етказиб бериш занжирлари узилишига сабаб бўлмоқда» — Шавкат Мирзиёев
15:22 / 04.07.2024