Ўзбекистон | 08:00 / 16.09.2022
154445
6 дақиқада ўқилади

Тошкент кинофестивалида можаро: Нургул Яшилчой ва Бурак Ўзчивит сабаб турк актёрлари ва элчихонаси вакиллари тадбирни тарк этди

Тошкентда давом этаётган “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивалида жиддий можаро юз берди. Бу ҳақда киношунос журналист Шохира Ҳамро ўз Facebook саҳифасида ёзиб қолдирган.

“Ҳозиргина ҳаётий сабоқнинг энг каттаси рўй берди. Яна қаерда денг? Турк киноси кунлари ўтаётган Форумлар саройи саҳнасида! Юзлаб ўзбек мухлислари кўз ўнгида! Бизнинг “юлдузлар”нинг ҳам баъзилари залда эди, зора улар учун ҳам сабоқ бўлса. Ҳозир бир бошидан гапириб бераман. Хуллас, биринчи суратда кўриб турганингиздек, Туркиядан ташриф буюрган 9 та актёр саҳнага чиқиб, ҳурмат сақлаб томошабин билан юзма-юз бўлишди.

Лекин ўзбек “буракшунослари” ва Яшилчой мухлислари тадбирнинг ярмини уларни кутиб, кўчада ўтказишганига қарамасдан ва саҳнада бошловчилар икки қайта тантана билан эълон қилишса-да, бу иккиси чиқмади. Ва ниҳоят Нургул Яшилчой саҳнани бир бурчагидан чиқиб, ўша ерда қотди. Ҳамюрт ҳамкасбларига бир қур назар ташлади-ю, икки қўлини икки чўнтагига солиб, ғоз туриб олди. Узатилган микрофонни ҳам қўлига олишни эп кўрмай, бошловчининг қўлидаги микрофонга эгилиб, салом, яхшимисизлар” – деди-ю, бошқа актёрлар ёнига бориб ўтирмасдан, саҳна ортига ўтиб кетди. Ойбек Вейсал ўғли (тадбир бошловчиси) тўққизта актёр билан бирма-бир самимий суҳбат қилдилар, лекин Яшилчой қайтмади. Бурак-ку умуман кўринмади.

Кўнглимнинг бир чеккасидан “у шунчалик машҳурмикан, тўққизта ҳамкасбини менсимадия” – деган фикр йилт этиб ўтди. Бундай ўйлаган бир мен эмас эканлигим кейинроқ маълум бўлди. Саҳнадагиларни совға-саломлар билан ўринларига кузатиб қўйишгачгина Нургул саҳнага чиқиб келди ва унинг бошига бошловчининг бошидаги тожини кийдириб, энди шоу бошланаётган эди, 58 йилдан бери кино санъатига ҳалол хизмат қилиб, сочи оқарган, ўзининг таъбирича “подшодан қулгача” барча ролларни ўйнаган Сардор Гёкхан саҳнага отилиб чиқди-ю, микрофонни олиб “томошамизни бузди деб мендан хафа бўлманглар. Минг афсус, мана бу оёғи ердан узилган икки ҳамкасбимиз саҳнада биз билан бирга ўтиришдан ор қилди, аслида улар бизнинг сафимизда бўлишга нолойиқ. Сиз одамнинг қиёфасига қараб баҳо берманг, унинг кимлигини хатти-ҳаракатлари билдириб туради. Биз ортиқ бу иккисининг аҳмоқона томошасини кўриб, ҳақоратни жимгина ютиб кета олмаймиз. Биз бу ерни ҳозироқ тарк этамиз” – деди-ю, тўққиз турк ижодкор зални тарк этди”, – деб ёзади журналист.

Сардор Гёкхан

Шохира Ҳамрога кўра, Сардор Гёкханнинг танқидлари ва актёрларнинг тадбирни тарк этиши ортидан Туркия элчихонаси вакиллари ҳам фестивалдан чиқиб кетишган.

Актриса Нургул Яшилчой

“Шу билан бугунги тадбирнинг файзини ҳам олиб кетишди. Яшилчой ҳам ортиқ залда қола олмади”, – дея хабарига якун ясаган журналист.

Пост остида эса қатор фойдаланувчилар фестивалда рўй берган шу ҳолат юзасидан ўз фикрларини билдиришмоқда.

“Нега булар майнабозчилик қилишди? Ўзбекистоннинг улар учун сарфлаган “долларлари” нима бўлди?” – дея савол қўяди Меҳрибон Қурбонниёзова исмли фойдаланувчи.

Тармоқнинг бошқа бир фойдаланувчиси Фозил Фарҳод воқеада асосий айбдор сифатида ташкилотчиларни танқид қилган.

“Ҳамма айб ташкилотчиларда. Биринчидан, Нургул билан Буракни пулга олиб келган бизникилар. 9 таси бепул келгани аниқ. Иккинчидан, иккисини сигирга ўхшатиб, бир тўда соқчи етаклаб юрибди. Улар қаерга судраса, булар кетяпти. Кечаям бу иккисининг келиши-ю, кетиши жуда хунук кўринганди”, деб ёзди у.

Изоҳ қолдирган фойдаланувчилардан яна бири “Nellie Fleur” турк ижодкорларининг ўзини бундай тутишига уларнинг орқасидан тинмай югургилаётган ўзбек томошабинини айбдор сифатида кўрсатади.

“Ўзи Яшилчой номига яраша айниб туради. Ролларида қандай бўлса ҳаётда ҳам қўрс, димоғдор экан. Бурак ҳам ўзбек мухлислари кўпайгани сари ғўддайиб кетди.

Ўзбекларимиз юлдузлар кетидан камроқ югуришсин, шу сабоқ бўлсин. Ҳеч бир юртда ўзини бунчалик шарманда қилиб артистлар ортидан югуришмайди. Масалан, Доктор Албанни метрода кўп кўрардим, оддий инсонлар каби юради. Ҳеч ким олдига бориб унга ёпишмаган, эътибор ҳам беришмайди. 

Турклар мард, чапани бўлишади, яхши қилишибди. Халқаро фестивалдаги ҳолат халқимиз учун уят”, – дея постини якунлайди у.

Пост остида блогер Шаҳноза Соатова ҳам ўз фикрларини ёзиб қолдирган. У ўз изоҳида икки актёрга тўланган гонорар пуллари қайтарилишини талаб қилган.

“Фалон пул гонорар бериб буларни чақир, булар эса ҳаддини билмай, бировнинг шундай байрамини расво қилишсин. Гонорарни жарималари билан қайтаришсин, маънавий зарарлари билан. Шунча томошабин бир тийинми? – ёзади Соатова.

Шунингдек, пост остида изоҳ қолдирган бошқа кўплаб фойдаланувчилар ҳам хориждан бирор актёр келса, ортидан югургилаб кетаверадиган, ёпишаверадиган, қадрини билмайдиган инсонларни айблаб танқид қилган.

Халқаро фестивал ташкилотчилари ҳолат юзасидан ҳали изоҳ бергани йўқ.

Мавзуга оид