Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Унутилган “Маърифат”. Бошланган ишлар йиллаб чала ҳолда ётаверадими?
Яшнобод туманидаги “Маърифат” маҳалласининг қиёфаси "Обод маҳалла" дастури доирасида тубдан ўзгариши керак эди. 3 йил олдин бошланган ишлардан аҳоли бироз хурсанд ҳам бўлганди. Аммо шунча вақт ўтдики, маҳалла обод эмас, аксинча...
Ҳудудда яшовчилардан бирининг айтишича, кўча асфалт қилинади дея ваъдалар берилганига 2 йилдан ошмоқда.
“Кавлайверади, қишда болаларимиз боғчага, мактабга борганида лой, ёзда эса чанг бўлади. Ҳокими ҳам ваъда қилиб кетган, “замҳоким”ини танимаймиз ҳам. Маҳалла комитети узоқдан айтиб кетади, асфалт эса ҳануз йўқ. Оқова сувни ҳам нари-бери қилиб кетишган. Буёғимиз обод макон, бизники хароба макон бўлиб қолди-да”, – дейди у.
Яна бир фуқаронинг айтишига қараганда, анча олдин ўтказилган оқова сув тизими ишга туширилмаган.
“3 йил олдин канализация, сув ўтказамиз деб маҳалламиз кўчасининг баъзи ерларини қазишган эди, қазиб ишни тугатиб ҳам бўлишди. Сувларни ўтказишди, хўп, бунга раҳмат. Канализация ишлайди деган эди, аммо ҳанузгача ишга туширилган эмас.
Маҳалламизнинг аҳволи мана шундай абгор. Бирор кимса келиб хабар олмайди. Маҳалла комиссиямиз нима иш қиляпти? Билмаймиз. 3 йилдан бери битмаётган асфалт, шу йил қишгача битадими ёки йўқ, бундан ҳам бехабармиз”.
Ҳолат бўйича бирор масъул ташкилот шу вақтгача муносабат билдирмагани, муаммолар ҳал этилмагани таажжубга солади.
Ваҳоланки, бу йил ҳам худди ўтган йилгидек маҳаллалар учун 2 млрд сўмдан ажратилиши белгиланган эди.
Ҳар бир маҳаллага республика бюджетидан 1 млрд сўм, маҳаллий бюджетининг қўшимча даромадлари ҳисобидан яна 1 млрд сўм ажратилишини ва бу билан ички йўллар яхшиланиши белгиланган эди.
Мана шу маблағ қаерга сарфланаётгани, юқорида номи қайд этиб ўтилган маҳаллага ҳам йўналтирилганми ёки йўқ, шуни билиш мақсадида Яшнобод тумани ҳокимияти ахборот хизмати билан боғландик. Аммо бу борада тайинли маълумот ололмадик.
Ҳокимлик матбуот котибининг таъкидлашича, бу йўллар босқичма-босқич асфалт қилинади, 3 йилдан бери сурилиб келаётган иш яна чўзилиши мумкин.
“Ундан ҳам кўпроқ муддатга чўзилиб кетганлари ҳам бор. Бу каби мурожаатлар, шикоятлар “Халқ назорати”дан келади, шунга секин-аста қилиб келиняпти”, – дейди туман ҳокимининг матбуот котиби Диёр Абдулҳолиқов.
Бир неча йил олдин бошланиб, чала ташлаб кетилган ишларни тугатмай туриб, нега бошқа ишларга ўтиб кетиляпти? Маҳаллага ўша йили ажратилган пуллар нима бўлган, етмаслиги аввалдан маълум бўлса ҳам, кам пул ажратилганми ё етарлича маблағ ажратилган бўлса ҳам, у туя қилинганми? Агар бажарилмаса, нега одамларга ваъда берилган?
Хулоса чиқаришни ўқувчининг ўзига ҳавола қиламиз.
Дилшода Шомирзаева,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
14:48 / 06.05.2025
Тошкентда Damas ва Cobalt ёниб кетди
15:45 / 18.03.2025
Тошкентда номаълум шахс 12 ёшли қизга ҳамла қилди. У руҳий хаста экани маълум бўлди
17:27 / 27.02.2025
Салла деса каллани... Яшнобод ҳокимлиги фуқаронинг қонуний уйини бузиб ташлади
15:00 / 12.01.2025