Жаҳон | 12:03 / 17.09.2022
30445
15 дақиқада ўқилади

«Болгар соябони»: КГБ коммунистик тузумга қарши бўлган ёзувчини қандай ўлдирганди?

Иккинчи жаҳон урушидан кейин советлар мажбурий тарзда Шарқий Европа давлатларида социалистик тузум ўрнатди. Сўнг уларда ҳам СССРдаги каби зўравонлик билан коллективлаштириш ўтказилди. Бойларнинг мулклари тортиб олиниб, ўзлари қувғин қилинди ва улар коммунистик партия ҳукмронлигида, маъмурий буйруқбозлик билан бошқарила бошланди. Бу ишларга қарши чиққанлар турли йўллар билан йўқ қилинди. Шу жумладан Болгарияда ҳам.

Шарқий Европадаги турли халқлар 1944-1945 йилларда ўзларини фашистлардан озод қилган совет жангчиларини қандай хурсандчилик билан кутиб олган бўлса, тез орада Москва томонидан ўрнатилган социалистик бошқарувдан шунчалик ҳафсаласи пир бўлади.

Одамлар маъмурий буйруқбозликка асосланган, якка коммунистик партия ҳукмрон бўлган социалистик тузум ва унинг раҳбарларини, уларни Москвадан туриб қўллаётган СССР раҳнамоларини ёмон кўра бошлайди.

Оқибатда 1956 йилда Шарқий Европанинг иккита давлатида социалистик тузумга қарши намойишлар бўлиб ўтади ва уларнинг иккаласи ҳам куч билан аёвсиз тарзда бостирилади.

Улардан бири 1956 йил 28-30 июн кунларида Польшанинг Познан шаҳрида бўлиб ўтган намойишлар бўлса, иккинчиси ўша йили 23 октябрдан 11 ноябргача давом этган Будапешт воқеалари эди.

Ҳар иккала ҳодисада ҳам намойишларни бостириш учун Полша ва Венгрияда бўлган совет ҳарбийлари қатнашади ва кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлади.

Венгрия ва Полшадаги намойишлар бостирилгач, социалистик қопқонга тушиб қолган давлатлар аҳолиси Москва назоратидан чиқиб кета олмасликларини англаб етишади.

Шундан сўнг социалистик тузумга қарши бўлганлар худди СССРдаги каби ўзи яшаётган мамлакатни тарк эта бошлайди. Болгариялик журналист ва ёзувчи Георгий Марков ҳам улардан бири эди.

Георгий Марков / Фото: elespectador.com

Гарчи ўз жонини сақлаб қолиш учун зўравонлик ва зулм билан бошқариладиган мамлакатни тарк этиб, Буюк Британия пойтахтига кўчиб ўтган бўлса-да Георгийнинг ҳаёти барибир фожиали тугайди. КГБ уни Лондонда заҳарлаб ўлдиришга муваффақ бўлади.

Георгий Марков ҳақида

Георгий Марков 1929 йил 1 март куни Болгария пойтахти София шаҳрида собиқ ҳарбий оиласида туғилади. Отаси ҳарбий хизмат давомида сил касаллигини орттириб, нафақага чиққан, онаси эса уй бекаси бўлган.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида бошқалар қатори Георгийнинг оиласи ҳам қийналиб яшайди ва Болгарияни озод қилган совет армиясини хурсандчилик билан кутиб олади.

Уруш тугагач, 1946 йилда Георгий Софиядаги гимназияни тугатади ва Политехника институтида ўқий бошлайди. Ўша пайтларда у ҳали Болгарияда социалистик тузум куч билан ўрнатилаётганини, қарши чиққанлар аёвсиз жазоланаётганини билмас эди.

1948 йилда Георгий силнинг оғир формаси билан касалланади ва бир муддат даволанади, аммо батамом тузалмайди.

У 1953 йилда институтни битириб, бир йил Софиядаги корхонада инженер-технолог сифатида ишлайди. 1953-58 йиллар оралиғида техникумлардан бирида дарс беради.

Шу давр мобайнида сил касали доимо Георгийни безовта қилади ва у вақти-вақти билан даволаниб туради, аммо бутунлай шифо топмайди. Шундан сўнг 1959 йилда ишдан бўшашга мажбур бўлади.

Адабиёт оламида

Георгий Марков илк ижодини 1955 йилларда, техникумда дарс бериб юрган пайтларида бошлайди. 1957 йилда унинг илк романи, 1959 йилда иккинчи романи чоп этилади.

Тез орада Георгий мамлакатдаги энг иқтидорли ёш ёзувчилардан бири сифатида танилади. Уни Болгария Ёзувчилар уюшмасига қабул қилишади.

Георгий Марков машҳур бўлган кезларда, Болгария раҳбари Тодор Живковнинг қизи Людмила билан дўстлашиб қолади ва «биринчи раҳбар»нинг оиласида тез-тез меҳмон бўлиб туради.

Тодор Живков ва Людмила Живкова / Фото: fb.ru

Илк ижодида асосан маиший мавзуларда ёзган Георгий кейинчалик Болгарияда социалистик тузум зўравонликларини кўради ва Тодор Живковнинг оиласидан узоқлашади, унинг қизи билан алоқаларни узади.

Шундан сўнг у Болгарияда коммунистик партия ҳукмронлигига, мамлакатнинг Москва таъсири остида социалистик тузумда яшашига, инсон ҳуқуқлари поймол қилинишига қарши эканини ўз асарлари орқали билдира бошлайди.

Бу ҳолат Георгийни Болгария коммунистик партияси тарғиботчисига айлантирмоқчи бўлган ҳукумат амалдорларига ёқмайди. Шундай бўлса ҳам мамлакат аҳолиси орасидаги обрўйи туфайли унга кескин чора кўришга ботина олишмайди.

Шундай бўлса-да, коммунистик тузум танқидчисига Болгарияда яшаш қийин бўлиб бораверади. Уни яккалай бошлашади, асарларини чоп этишни тўхтатишади. Шунингдек, ёзувчи доимий кузатувга олинади.

Бундай шароитда яшаб, ижод қилиб бўлмаслигини тушуниб етган Георгий Марков хорижга чиқиб кетишни режалаштира бошлайди.

Хорижга кетиш

1968 йилда Прагада социалистик тузумдан воз кечмоқчи бўлган чехословакларнинг намойишлари аёвсиз бостирилгач Георгий Марков узил-кесил хорижга чиқиб кетишга қарор қилади.

У Прагада чехословакларга раҳм-шафқат қилмаган совет ҳукумати мабодо болгарлар ҳам социалистик тузумдан воз кечиш учун намойишга чиқса аяб ўтирмаслигини ва халқнинг қони дарё бўлиб оқишини тушуниб етади.

1969 йилда Георгий аввалига Италияда яшайдиган қариндошининг олдига боради ва у ердан ортга қайтмай Буюк Британияга кетади.

Георгий британиялик Аннабел Дилайк исм-шарифли аёлга уйланади ва Лондонда яшай бошлайди. Бироз ўтиб уни BBC радиосига ишга таклиф этишади ва у қабул қилади.

Георгий Марков оиласи билан / Фото: blitz.bg

Георгий Марков радиода ижтимоий-сиёсий эшиттиришларда иштирок этади. У Болгариянинг социализм қопқонига тушиб қолгани ва амалда мамлакатни СССР бошқараётгани, Болгария раҳбарлари Кремлнинг рухсатисиз ҳеч нарса қила олмаслигини кескин танқид қила бошлайди.

Жумладан, у радиода «Живков билан учрашганларим» номи билан 14 қисмли эшиттиришларини узатади. Ана шу эшиттиришларида у Болгария компартияси биринчи котиби Тодор Живков билан учрашувларида содир бўлган воқеалар ҳақида гапириб беради.

Георгий Буюк Британия фуқароси бўлган аёлга уйлангач Лондонда қонуний тарзда яшайди. У BBC’да ишлаётганида Болгария ҳукуматини кескин танқид қила бошлагач болгарлар уни орқага қайтариш ҳаракатига тушиб қолишади.

Болгарлар Георгийга «яхшиликча» мамлакатга қайтишини талаб қилишади. Аммо у кўнмайди. Шундан сўнг Георгийни Болгария Ёзувчилар уюшмаси сафидан ўчиришади, мамлакат бўйлаб барча кутубхоналардан унинг китоблари йиғиштириб олинади.

Бироз ўтиб Болгария ИИВ Георгийга берилган хорижга чиқиш паспортини бекор қилади ва унинг номини матбуотда эслашни тақиқлашади.

1972 йилда Георгий Марков Болгарияда сиртдан суд қилинади ва унга 6,5 йил қамоқ жазоси тайинланади.

Георгийнинг Лондонда яшаб дунёга машҳур радио орқали тинимсиз равишда социалистик тузумни танқид қилиши Болгария ҳукуматидан кўра совет раҳбариятини кўпроқ ташвишлантира бошлайди.

Ўшанда Прагада чехословакларнинг социалистик тузумга қарши бош кўтарганига унча кўп бўлмаган, Кремлдагилар Болгария аҳолисининг ҳам Москвага қарши бош кўтариб қолишидан хавотирланарди.

Георгийнинг ўлдирилиши

1978 йил 7 сентябр куни Георгий Марков BBC офисидан ишдан чиқиб, машинасига ўтиради ва уйига боради. Эртаси куни эрталаб унинг температураси кўтарилиб, аҳволи ёмонлашади.

Георгийни дарҳол шифохонага олиб боришади. У ерда врачлар уни обдан текширишади, аммо касаллик сабабини топ олишмайди. У тўрт кун оғир аҳволда ётгач жон беради.

Ўлимидан бироз аввал врачлар ундан касал бўлишидан аввалги ҳодисаларни яхшилаб эслашни, бу уни даволашда асқатишини сўрашади.

Шунда у 7 сентябр куни ишхонадан чиқиб машинаси турган автотураргоҳга қараб бораётганида одамлар гавжум бўлган автобус бекатида номаълум киши унга туртиниб кетганини, шунда унинг қўлидаги соябоннинг учи оёғига енгил суқилганини, оғриқ кучли бўлмагани учун унга аҳамият бермаганини айтиб беради.

Врачларга ҳаммаси равшан бўлган эди – Георгийни заҳарлашган. Ўлимидан кейин ўтказилган чуқур текширишларда Георгийнинг танасидан кичик жароҳат ўрнини топишади.

КГБ ходими у ерга соябон-қурол ёрдамида ичида 45 миллиграмм рицин бўлган капсула жойлаган ва Георгий Марковни шу тариқа заҳарлаган.

КГБ томонидан тайёрланган махсус соябон-қурол / Фото: blogs.loc.gov

Ўз вақтида социалистик тузумга мухолиф бўлган ҳолда хорижда юрган машҳур «ГУлаг архипелаги» асари муаллифи Александр Солженицин ҳам ўзини КГБ рицин билан заҳарлашга уринганини ёзган эди.

Ҳодиса юзасидан текширувлар

Георгийнинг заҳарлаб ўлдирилгани аниқ бўлгач Лондон полицияси ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатади ва қотилни қидира бошлайди. Бироз ўтиб қидирувга Буюк Британия разведкаси ҳам қўшилади. Бироқ натижа бўлмайди ва қотил топилмайди.

Буюк Британия хавфсизлик хизмати Лондонда юрган Болгария махсус хизмати ходимлари бу ишга қодир эмаслигини, ижрони КГБ ходими бажаргани ҳақидаги тахминни билдиради. Шу тариқа, қотиллик бўйича ижрочилар КГБнинг Лондондаги ходимлари, буюртмачи эса Болгария ҳукумати деб гумон қилинади.

Кейинчалик СССР тарқаб кетганидан сўнг 1993 йилда собиқ КГБ генерали Олег Калугин Англиядаги телеканаллардан бирида намойиш этиладиган кўрсатувда қатнашиш учун Москвадан Лондонга борганда Хитроу аэропортида қўлга олинади.

Калугин 1978 йилда Георгий Марковга суиқасд уюштирганликда гумонланади. Ҳодисадан 15 йил ўтган бўлса-да «Скотланд Ярд» Марковга қилинган суиқасдни унутмаган, ҳодиса юзасидан очилган жиноят иши ёпилмаган эди.

Собиқ КГБ генерали Олег Калугин / Фото: alamy.com

Буюк Британия полицияси томонидан сўроқ қилинган Калугин Григорий Марковнинг ўлдириши ҳақидаги барча тафсилотларни айтиб беради. Унга кўра, қотилликни Болгария компартияси биринчи секретари Тодор Живковнинг шахсан ўзи буюртма берган.

Калугин ижрони ҳам Болгария хавфсизлик хизматининг ўзи амалга оширганини, фақат махсус соябон ва заҳар Москвадаги 12-рақамли лабораторияда КГБ ходимлари томонидан ясаб берилганини маълум қилади.

Яъни 1978 йилда Болгария ички ишлар вазири Стоянов КГБ раиси ўринбосари Владимир Крючковга мурожаат қилиб, унга Тодор Живковнинг Марковни ўлдириш ҳақидаги илтимосини етказади.

Кюрчков илтимосни КГБ раиси Андроповга айтади. Ўша вақтда СССР раҳбари Брежневга ҳам гапини ўтказа олган Андропов Марковнинг ўлдирилиши операциясига Олег Калугинни бошлиқ қилиб тайинлайди. Ўз навбатида Калугин бу ишни КГБ генерали Сергей Голубевга топширади.

Бошқа манбаларга кўра, қотил аслида Марковга яқин бормаслиги, яқин масофадан унга заҳарли ўқ узиши режа қилинган.

Аммо сўнгги сонияларда КГБ ходими одамлар орасида туриб мўлжални аниқ ололмаслиги эҳтимолини инобатга олиб, Марковга жуда яқин келган. Сўнг унга туртиниб кетиб, заҳар солинган капсулани Георгийнинг оёғига қадаган.

«Скотланд Ярд»нинг терроризмга қарши курашиш бўлими Калугинни икки кун сўроқ қилгач, суиқасдни тайёрлаш ҳамда ижро этишда унинг иштироки йўқ деган қарорга келади ва собиқ КГБ генералини қўйиб юборади.

1993 йилда собиқ КГБнинг биринчи бош бошқармаси полковниги Олег Гордиевский Георгийни болгарлар эмас, КГБ ходимлари заҳарлаганини айтиб чиқади. Унинг маълум қилишича, Георгийни йўқ қилиш операцияси КГБ генерали Сергей Голубев томонидан тайёрланган ва амалга оширилган.

2005 йилда Британия матбуотида Георгийнинг заҳарланиши юзасидан Болгария газетасида чиққан мақоланинг таржимаси чоп этилади. Унда Георгийни италиялик КГБ агенти Франческо Гуллиани заҳарлагани ва бу маълумотни Болгария хавфсизлик хизмати тақдим этгани ёзилганди.

Аммо кейинчалик Буюк Британия полицияси томонидан ушланган Франческо Гуллиани Марковга уюштирилган суиқасдга алоқаси йўқлигини айтади.

1990 йилда Болгарияда коммунистик тузум қулайди. Шундан сўнг Георгий Марковга уюштирилган суиқасд бўйича қайта тергов бошланади.

Ўша пайтда собиқ Болгария КГБси архивидан Георгий Марковга уюштирилган суиқасд бўйича ҳужжатлар топилмайди. Улар йўқ қилинган эди.

Шундан сўнг далилларни йўқ қилиш бўйича жиноят иши очилади ва Болгария Ички ишлар вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Стоян Савов ҳибсга олинади. Аммо уни суд қилишга улгуришмайди – Савов ҳибсхонада жонига қасд қилади.

Иккинчи судланувчи, коммунистик тузум даврида Болгария КГБсида бош бошқарма ўринбосари лавозимида ишлаган Владимир Тодоров 10 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Суд Тодоровнинг айбини бўйнига қўя олмайди ва унга ўз ишига масъулиятсизлик қилгани учун енгил жазо тайинлайди. Охир-оқибат Георгий Марковнинг ўлдирилишига оид ҳужжатларни ким йўқотгани аниқланмай қолади.

2013 йилда Болгария прокуратураси Георгий заҳарланиши бўйича очилган жиноят ишини ҳодисага 35 йил бўлгани туфайли ёпганини маълум қилади.

Шу тариқа, эрксевар болгар ёзувчиси ва журналисти Георгий Марковни заҳарлаган шахс кимлиги ва бу ишнинг аниқ буюртмачилари кимлар бўлгани ҳақидаги саволлар очиқ қолиб кетади.

Георгий Марковнинг ижоди

Георгийнинг ҳаётига назар ташланса у ўз асарларини Болгарияда яшаган даврида, 1957 йилдан 1968 йилгача ёзганини кўриш мумкин.

Жумладан, унинг қатор роман ва қиссалари, пьесалари, ҳикоя ҳамда новеллалари ўша пайтда ёзилган. Буюк Британияга кўчиб ўтгач BBCʼда ишлаб юрган пайтида ижод билан шуғулланмаган. Тиғиз иш вақти туфайли унда ижод учун вақт бўлмаган.

Георгий Марков Болгарияда яшаганида унинг учта романи, саккизта пьесаси, тўртта қисса, новелла ва ҳикоялар тўплами чоп этилган. Вафотидан кейин ҳеч қаерда эълон қилинмаган битта романи, битта пьесаси чоп этилади.

Коммунистик тузум қулагандан сўнг ёзувчининг асарлари кўп марта чоп этилади. Дунёнинг бошқа тилларига таржима қилинади.

«Болгар соябони»

КГБ томонидан соябон ёрдамида заҳарланган биргина Георгий Марков эмасди. 1978 йил Георгий Марков ўлдирилишидан ўн кун аввал Парижда болгариялик яна бир журналист ва ёзувчи Владимир Костовга ҳам соябон ёрдамида суиқасд уюштирилади. (Бу ҳақда кейинги мақолада батафсил сўз юритамиз.)

Номаълум шахс Париж метросидан чиқаётган Костовга туртиниб кетади ва унинг танасига соябон ёрдамида заҳарли капсула жойлаб, заҳарлайди.

Марковдан фарқли равишда Костов ўша заҳоти шифохонага боради ва шифокорларнинг ёрдами билан тирик қолади.

Орадан 10 кун ўтиб Лондонда Георгий Марков заҳарлангандан сўнг у ҳам соябон ёрдамида заҳарлангани ошкор бўлгач «Болгар соябони» ибораси пайдо бўлади. Ўшандан буён бу ибора тилга олинганда суиқасдда фойдаланиладиган қурол тушунилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид