Фан-техника | 22:49 / 17.09.2022
109580
5 дақиқада ўқилади

Нархи Lacetti-Gentra билан деярли тенг бўлган Chevrolet Monza, “aқлли” ёстиқ, энг юпқа ва енгил смартфон — ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Товушни сўндирувчи қурилма

Япониянинг Shiftall компанияси одамлар гавжум жойда шахсий суҳбатлар учун товушни сўндирувчи қурилма ихтиро қилди.

Фото: Shiftall 

“Mutalk” деб аталувчи қурилма билан гавжум жойларда ҳам одамлар шахсий телефон суҳбатларини ўтказиш мумкин. Сўзлашувчининг ёнгинасидаги одам ҳам қурилма эгаси нималарни гапираётганини эшита олмайди.

Қурилма суҳбатдош фақат фойдаланувчининг овозини эшитиши учун фондаги шовқинни ҳам йўқ қилади. У ноутбук ёки смартфонга Bluetooth орқали уланади.

Фото: Shiftall 

Ушбу гаджет ноябр ойининг охиридан бошлаб 19 900 иена ёки 139 доллардан сотувга чиқарилиши кутилмоқда.

Янгиланган Chevrolet Monza

Яқин кунларда Хитойда янгиланган Chevrolet Monza сотувлари бошланади. Бир вақтлар Сruze моделига арзонроқ муқобил сифатида ишлаб чиқарилиши бошланган ушбу седан ташқи ва ички томондан тўлиқ такомиллаштирилган ва ҳаттоки нархи ҳам арзонлашган.

Фото: Chevrolet
Фото: Chevrolet

Янгиланган Мonza нархи аллақачон маълум қилинган. Автомобилнинг эски версияси 16 200 доллардан сотилган бўлса, ҳозирда таклиф этилаётган янги версия 13 700-15 700 доллар оралиғида сотувга чиқарилади. 

“Ақлли” ёстиқ

Xiaomi ўзининг янги маҳсулоти – Smart Pillow’ни намойиш қилди. Компания маълумотларига кўра, ақлли ёстиқ эгаси уйқудалигида унинг соғлиғи ҳақидаги турли кўрсаткичларни ёзиб олиши мумкин. Барча йиғилган маълумотлар смартфон ёки планшетга узатилади.

Smart Pillow пульс, нафас олиш, уйқу пайтидаги ҳаракатлар ва хуррак ҳақидаги маълумотларни тўплайди. Текширув жараёни ухлаётган одамга сезилмайди ва безовта қилмайди.

Гаджет ААА-батареяси билан ишлайди ва унинг қуввати тахминан икки ойга етади. Ақлли ёстиқнинг нархи 43 долларга баҳоланган.

“High tech” услубидаги поездлар

Австриянинг OBB темирйўл компанияси 2023 йил ёзидан NightJets – ҳашаматли юқори технологик поездларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Ушбу поездлар 8 мамлакатдаги 25та йўналишда ҳаракатланади ва 7та вагондан иборат бўлади. Купелар икки ва тўрт ўринли бўлиб, ёлғиз ўзи кетишни истайдиган йўловчиларга мўлжалланган мини-каюталар ҳам бўлади.

Поездлар 254 нафар йўловчини ташишга мўлжалланган. Уларнинг тезлиги соатига 230 километрни ташкил этади.

Энг юпқа ва енгил смартфон

Xiaomi сентябр ойи охиригача Xiaomi Civi 2’ни сотувга чиқариши кутилмоқда. Янги смартфон Qualcomm Snapdragon 7 Gen1 тизими билан билан жиҳозланади. Қурилма аллақачон чиқаришга тайёр ҳолатга келтирилган.

Xiaomi Civi 2 120 Гц янгиланиш тезлигига эга 6,55 дюймли Full HD AMOLED дисплейга эга бўлади ва Dolby Vision юқори динамик диапазонини қўллаб-қувватлайди.

Фото: Xiaomi

Шунингдек, смартфон Xiaomi компаниясининг 67 Вт қувватга эга симли тез зарядлаш технологияси билан жиҳозланган.

Xiaomi Civi вa Xiaomi Civi 1S рекорд даражада юпқа ва енгил корпусларга эгалиги билан ажралиб туради. Қайд этилишича, янгиланган модел ҳам ушбу хусусиятларни сақлаб қолади. 

Artemis дастури

NASA яқин 10 йилликнинг асосий миссияси – Artemis дастури ишга туширилганини эълон қилди.

Фото: NASA

У учта босқичдан иборат:

Artemis I (2022): экипажсиз синов парвози;

Artemis II (2024): экипажнинг Ой атрофидаги парвози;

Artemis III (2025): экипажнинг парвози ва Ойга қўниши.

АҚШ ҳукумати ушбу миссияни тўлиқ қўллаб-қувватлаяпти ва келгуси йиллардаги барча харажатлар учун маблағ ажратган. Учувчисиз парвоз 27 сентябр куни старт олади. 

“Смартфон таъми”га эга чипслар

Google’нинг Япониядаги филиали “смартфон таъми”га эга чипсларни чиқарди. Бу Pixel 7 вa 7 Pro гаджетлари тақдимоти учун реклама кампаниясининг бир қисми доирасида амалга оширилган.

Қайд этилишича, Япония аҳолиси 2000 қути картошка чипсидан биридаги совғани ютиб олиш учун ўйинда қатнашиши мумкин. Пакетда Pixel 7 янги дизайнининг камера панели доира ва таблетка кўринишида кўрсатилган.

Мавзуга оид