Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Веймар учбурчаги» давлатлари Украина ҳарбийларини тайёрлаш бўйича миссияни қўллаб-қувватлади
«Узоқ муддатда Украина қўшинларини қўллаб-қувватлаш фақат жиҳозлар билан таъминлаш доирасидан чиқишни ўз ичига олади», дейилади Берлин, Париж ва Варшава қўшма баёнотида.
«Веймар учбурчаги» давлатлари – Германия, Франция ва Полша Европа иттифоқида Украина қуролли кучларини тайёрлаш ва уларга ёрдам бериш, шунингдек техник хизмат кўрсатиш ҳамда ҳарбий техника таъмирлаш бўйича махсус миссия ташкил этиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда Германия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида 16 сентябр, жума куни чоп этилган уч мамлакат Европа ишлари бўйича вазирларининг қўшма баёнотида айтилади.
Европа иттифоқи қочқинларга бошпана бериш, Россияга қарши чеклов чоралари ва Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш орқали Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши керак, бироқ «узоқ муддатда Украина кучларини қўллаб-қувватлаш техника билан таъминлаш доирасидан ташқарига чиқади», дейилади ҳужжатда.
Баёнот муаллифлари Россиянинг Украинага қарши урушини «эркинлик, демократия ва қонун устуворлигига асосланган Европа моделига ҳужум» деб атади.
Шу билан бирга, Германия, Франция ва Полша яна бир бор Украинанинг Россияга қарши суд жараёнларини қўллаб-қувватлашини, бу, жумладан 1948 йилдаги Геноцид жинояти олдини олиш ва унинг учун жазо қўллаш конвенциясига мувофиқ Украинанинг БМТ Халқаро судидаги ишига аралашиш орқали амалга оширилишини эълон қилди. Унинг мақсади - Россия геноцид бўйича сохта айбловлар билан Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаш учун қонуний асосга эга эмаслигини аниқлаш.
Германия, Франция ва Полшанинг Европа ишлари бўйича вазирлари «Россия очарчиликдан қурол сифатида фойдаланаётгани ва дунёни озиқ-овқат хавфсизлиги инқирозида гаровда ушлаб тургани»ни таъкидлаб, Европа иттифоқининг EU Solidarity Lanes ташаббуси қўллаб-қувватланишини билдирди. У Украина ғалласи, шунингдек, бошқа маҳсулотларини экспорт қилишда ёрдам беради.
Баёнотда тўхталиб ўтилган яна бир жиҳат - уч давлатнинг Украина халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш ва Россия билан ўзаро ҳамкорлик тамойилларини қайта кўриб чиқиш нияти. «Россиянинг Украинага қарши уруши Европа иттифоқи-Россия муносабатларида туб бурилиш нуқтаси бўлгани сабабли, биз Европа иттифоқининг Россияга нисбатан сиёсати асосий тамойилларини қайта белгилашимиз керак», - дея таъкидлаган европалик вазирлар.
Европа иттифоқи молия вазирларининг Украинага беш миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратиш тўғрисидаги келишуви «Европа иттифоқининг Украина барқарорлигини қўллаб-қувватлаш мажбурияти яққол белгиси» деб аталди ва келишувга эришиш учун Киевга аввалроқ ЕИ даражасида келишилган 9 миллиард евролик макромолиявий ёрдам қолган қисмини тақдим этиш саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш зарурлиги айтилди.
Украина ва Молдовага Европа иттифоқига номзод давлатлар мақомини бериш ва бу давлатлар ҳамда Грузиянинг Европа истиқболи ҳақида гапирар экан, баёнот муаллифлари Германия, Франция ва Полша Европа иттифоқининг кенгайишини «шу нуқтайи назардан муҳим элемент» деб билишини, уларни Европа иттифоқига кириш мезонларига жавоб бериш йўлида қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025