Фан-техника | 16:03 / 18.09.2022
66848
6 дақиқада ўқилади

Хитой Ойдан келтирилган янги минерални топганини эълон қилди

Хитойнинг «Синҳуа» давлат ахборот агентлиги Пекин уран геологияси илмий-тадқиқот институти (BRIUG) олимлари томонидан янги Ой минерали топилгани ҳақида хабар берди.

Ren Junchuan / Xinhua / AP / Scanpix / LETA

У минерални Ерга олиб келган космик кеманинг шарафига чанъэзит-(Y) деб номланди. «Чанъэ-5» космик аппарати эса Хитой ой маъбудаси шарафига номланган.

Олимлар янги минерални «Чанъэ-5» томонидан 2020 йил охирида Ойдаги Бўронлар океанидан Ерга етказилган тупроқ намунасидан топишган. BRIUG 1,7 кг вазнга эга ушбу реголитдан тадқиқот учун жуда оз қисмини – атиги бир неча ўн миллиграммини олишга эришган.

Тадқиқот гуруҳи аъзолари икки ой давомида 50 миллиграммлик намунадан топилган 140 мингта микроскопик заррачаларни саралаб, кўздан кечиришди.

Тадқиқотчилар томонидан топилган минерал 10х7х4 микрометр ўлчамли кристаллдир (яъни унинг ўлчами миллиметрнинг юздан бир қисмига тенг).

Кичик бўлишига қарамай, олимлар кристаллнинг атом таркибини аниқлашган ва янги турдаги минераллар вакили бўлиши мумкинлигини исботлаган. «Синҳуа» хабарида кристаллнинг электрон микроскоп ёрдамида олинган фотосурати келтирилган.

Хитой миллий космик бошқармаси намойиш этган кристалл тасвири. Фото: CNSA

Янги минерал кашфиёти ҳали тасдиқланмади

1970-йиллар ўрталарида Американинг Apollo ва советлар иттифоқининг «Луна» дастури доирасида Ерга келтирилган Ой тупроғи намуналарининг кўп йиллик тадқиқотлардан сўнг, олимлар 90 га яқин минералларни аниқлаган эди. Бироқ, уларнинг кўпчилигини идентификация қилиш жараёнида аллақачон Ерда ҳам бор экани маълум бўлган. Шу сабабли уларни «фақат Ойга тегишли» деб аташ мумкин эмас.

Дастлаб, фақат учта истисно мавжуд эди: пироксферроит силикати ва транквилитиит (Осойишталик денгизи номи билан аталган), шунингдек, армолколит (космонавтлар Нил Армстронг, Базз Олдрин ва Майкл Коллинз исмининг биринчи ҳарфлари билан аталган оксид). Бироқ, вақт ўтиши билан, «фақат Ойга тегишли» деб ҳисобланган бу минераллар Ерда ҳам бор экани аниқланди, улардан энг охиргиси 2012 йилда топилган транквилитиит эди.

«Синҳуа» агентлигининг хабар беришича, чанъэзит минерали аллақачон Халқаро минералогия ассоциацияси томонидан рўйхатга олинган ва Номенклатура ва таснифлаш комиссияси томонидан янги минераллар рўйхатига киритилган.

Бироқ, таснифнинг 14 сентябр куни эълон қилинган янги рўйхатида ушбу минерал ҳақида маълумот йўқ. Шунингдек, турли илмий нашрлар базаларида, жумладан, минералларнинг энг йирик mindat.org базасида ҳам янги минерал ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шунга кўра, минералнинг кимёвий ва изотопик таркиби, кристалл панжараси ва бошқа минералогик кўрсаткичлари ҳақида қўшимча маълумотлар ҳали мавжуд эмас.

Ой тупроғини ўрганиш – Хитойнинг Ойни ўзлаштириш учун мўлжалланган улкан миссиясининг фақат бир қисмидир

Чанъэзитни Ерга келтирган «Чанъэ-5» автоматик станцияси «Чанчжэн-5» ракета-ташувчисида 2020 йил ноябр ойида Ҳайнан оролидаги Вэнчан космодромидан Ойга йўл олганди. Ушбу парвоз Ой тупроғини йиғиш ва ўрганиш мақсадида сўнгги 40 йилда амалга оширилган биринчи миссия бўлди.

Бироқ, «Чанчжэн-5» шунчаки Ой тупроғини йиғиш учун мўлжалланмаган, балки 2000-йиллар бошида Хитой томонидан ишлаб чиқилган катта ва амбицияли Ой дастурининг бир қисмидир. У Ой ресурсларини, шу жумладан минералларни ҳам ўзлаштиришга қаратилган (бу ҳақда «Синҳуа» агентлиги хабарида алоҳида таъкидланган, жумладан, гелий-3 термоядровий ёқилғи бўлишга номзод сифатида эслаб ўтилган).

Хитой дастури доирасида Ернинг табиий сунъий йўлдошига биринчи бўлиб «Чанъэ-1» (2007) ва «Чанъэ-2» (2010) аппаратлари учирилган эди. Улар хариталаш мақсадида Ойда глобал фотосуратга олиш ишларини бажаришди.

Дастурнинг иккинчи босқичи 2013 йилда бошланди ва «Чанъэ-3» аппарати «Юйту» ўзиюрар ровери билан Ойга қўнди. Шу билан бирга, «Чанъэ-4» аппарати 2019 йил 3 январ куни Ойнинг кўринмас томонидаги Фон Карман кратерига қўнди. Миссиянинг асосий мақсади – автоматик оҳиста қўниш жараёнини синовдан ўтказиш эди.

Учинчи босқичда «Чанъэ-5» учирилди. Унинг парвоз схемаси асосан Американинг Ой миссияларини такрорлади, аммо иккита муҳим фарқ билан. Биринчидан, парвоз тўлиқ автоматик режимда амалга оширилди. Бу миссияни анча «ихчам» қилиш ва енгилроқ ракета-ташувчисидан фойдаланиш имконини берди. Иккинчидан, қўниш жойи бошқа ҳудуддан танланди.

«Чанъэ-5» ўз намуналарини геологик жиҳатдан Apollo ва «Луна» миссияларидан кескин фарқ қиладиган ҳудуддан олди. Хитой аппарати Бўронлар океанининг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Рюмкер тоғи яқинига қўнди. У ерда тахминан 20 та вулқон бўлиб, уларнинг ёши 1,2 – 1,5 миллиард йилга яқин ва лава майдонлари билан ўралган. Бу Ойда топилиши мумкин бўлган энг янги вулқон жинсларидир. Чунки, сунъий йўлдошда катта вулқон фаоллиги анча олдин – тахминан уч миллиард йил олдин тугаган.

Қўниш учун ғайриоддий жойнинг танланиши Ойда янги минералларни мувафақиятли излаш жараёнининг муҳим элементи деб тахмин қилишга асос бор. Бироқ, бу фақат тахмин. Чанъэзитнинг таркиби ва хусусиятлари ҳақида фақат илмий-тадқиқот хулосалари нашр этилгандан кейингина бироз ишонч билан гапириш мумкин бўлади. Ҳозирча янги минералнинг «излари» Хитой давлат оммавий ахборот воситаларидан ташқарида топилмади.

Мавзуга оид