Жаҳон | 16:06 / 20.09.2022
9987
3 дақиқада ўқилади

Россияда Жиноят кодексига «сафарбарлик» ва «ҳарбий ҳолат» тушунчалари киритиляпти

Фото: РИА Новости

Давлат думаси сафарбарлик, уруш ва ҳарбий ҳолат даврида Жиноят кодексини бузганлик учун қаттиқ жазо чоралари тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди.

Россия Давлат думаси РФ Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига Жиноят кодексига «сафарбарлик», «уруш даври» ва «ҳарбий ҳолат» тушунчаларини киритувчи тузатишларни қабул қилди. 20 сентябр, сешанба куни қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда, кейин эса учинчи ўқишда кўриб чиқилди ва қабул қилинди, деб хабар беради дума сайти.

Шу куни эрталаб «Агора» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Павел Чиков ҳужжатни иккинчи ва учинчи, якуний ўқишда кўриб чиқиш бир кунда амалга оширилиши мумкинлигини тахмин қилганди. «Ҳарбий цензура тўғрисидаги қонунлар тўпламига ўхшаб, у Федерациялар кенгаши томонидан маъқулланиши, президент томонидан имзоланиши ва кун охирига қадар эълон қилиниши мумкин», — деди у.

Чиковнинг Telegram-каналида қайд этишича, иккинчи ўқиш учун қонун лойиҳасига Жиноят кодексининг бир қатор янги моддалари киритилди. Гап, хусусан, «Ихтиёрий таслим бўлиш» (352.1-модда) ва «Талончилик» (356.1-модда) ҳақида бормоқда. «Таслим бўлган маҳкум, агар хиёнат белгилари бўлмаса, уч йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Талончилик учун - 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Оғирлаштирувчи ҳолатлар рўйхатига сафарбарлик, ҳарбий ҳолат ёки уруш даврида жиноят қилиш киради», - дея таъкидлайди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Бундан ташқари, ҳужжат сафарбарлик ва ҳарбий ҳолат даврида (Жиноят кодексининг 337-моддаси) бўлинмани рухсатсиз ташлаб кетганлик учун жазони кучайтиради - 10 йил. «Қўл остидагилар томонидан белгиланган тартибда ҳарбий ҳолат даврида, уруш даврида ёки қуролли можаро ёки жанговар ҳаракатлар шароитида берилган буйруқни бажармаслик, шунингдек, ҳарбий ҳаракатларда қатнашишдан бош тортиш икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади», деб ёзади Чиков. 

Шу билан бирга, у давлат мудофаа буюртмасини бажармаслик ва давлат шартномаси шартларини бузиш бўйича бир нечта моддаларнинг пайдо бўлиши ҳақида хабар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид