Жаҳон | 15:40 / 21.09.2022
22249
2 дақиқада ўқилади

Москвадан Тошкент, Истанбул, Ереван ва Бокуга рейслар учун авиачипталар тугаб қолди

Россия пойтахти Москва шаҳридан Тошкент, Истанбул, Ереван, Боку ва кириш учун виза талаб қилинмайдиган бошқа қўшни давлатларга энг яқин тўғридан тўғри рейслар учун авиачипталар тугаб қолди. Бу ҳақда РБК авиакомпаниялар ва чипта агрегаторлари сайтига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Фото: Рб

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрига 21 ва 22 сентябр кунлари учун чипталар қолмаган. Бироқ, ҳозирги пайтда 23 сентябрдан бошлаб Тошкентга чипта сотиб олиш имконияти бор. «Аэрофлот» авиакомпанияси уни 64 минг рублга таклиф қиляпти, бу 1057 доллар дегани.

Aviasales сервиси маълумотларига кўра, ҳозир Москвадан Истанбулга тўғридан тўғри парвоз учун чиптани 23 сентябр, жума кунидан эртароқ сотиб олиш мумкин эмас ва унинг нархи - 76 минг рубл (Аэрофлот парвози), бу 1255 доллар дегани. Ушбу чипта авиакомпаниянинг сайтидан олиб ташланди, энг яқин тўғридан тўғри рейс 25 сентябрда (58,6 минг рубл, 968 доллар). Turkish Airlines сайтида шунга ўхшаш рейсга чиптани 24 сентябрдан кейин 81 минг рубл, 1338 доллардан ортиқ нархда сотиб олиш мумкин.

Москвадан Ереванга тўғридан тўғри рейсларда ҳам худди шундай ҳолат. 23 сентябр куни учун «Аэрофлот» сайтида фақат бизнес-класс чипталари бор (122 минг рубл, 2015 доллардан), 24 сентябрда эса 62 минг рубл, 1024 доллар эвазига «эконом»да учиб кетиш мумкин. 

«Аэрофлот» авиакомпаниясидан Бокуга тўғридан тўғри парвоз учун чиптани ҳам 23 сентябрдан кейинги сана учун сотиб олиш мумкин ва бу 74,5 минг рубл, 1230 долларга тушади, «Озарбойжон ҳаво йўллари»да 22 сентябрга 719 евродан, 24 сентябрга 394 евродан бошланадиган чипталар бор, дейилади авиакомпания сайтида.

Бугун, 21 сентябр куни Россия президенти Владимир Путин Россия Федерациясида қисман сафарбарлик эълон қилди.

Чақирув фақат захирадаги фуқароларга тегишли бўлади, улар махсус операция тажрибасини ҳисобга олган ҳолда қўшимча тайёргарликдан ўтади.

Сафарбарлик тадбирлари бугундан бошланади. Махсус операцияда қатнашишга сафарбар қилинган шахслар тўловлар ва шартнома бўйича хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг мақомини оладилар. Қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармон давлат мудофаа буюртмалари бўйича қўшимча чора-тадбирларни назарда тутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид