Ўзбекистон | 08:30 / 21.09.2022
1609
3 дақиқада ўқилади

Таълим ва тиббиёт муассасаларига аутсорсинг асосида бошқарувчи ташкилотлар жалб қилинади

Фото: Shutterstock

“Таълим ва тиббиёт муассасаларига аутсорсинг шартлари асосида бошқарувчи ташкилотларни жалб қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Таълим ва тиббиёт муассасаларига бошқарувчи ташкилотлар томонидан аутсорсинг шартлари асосида кўрсатиладиган хизматлар рўйхати, таълим ва тиббиёт муассасаларида бошқарувчи ташкилотлар томонидан аутсорсинг шартлари асосида хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича, таълим ва тиббиёт муассасаларига аутсорсинг асосида хизматлар қарор иловасида келтирилган рўйхатга мувофиқ бошқарувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Хизматлар аутсорсинг асосида ташкил этилиши муносабати билан тежалган пул маблағлари, биринчи навбатда, таълим ва тиббиёт муассасалари моддий техника базасини яхшилашга йўналтирилади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирликлари билан биргаликда:

а) таълим ва тиббиёт муассасаларига бошқарувчи ташкилотлар томонидан аутсорсинг шартномаси асосида коммунал ва туташ ер участкаларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, авария-диспетчерлик ва бошқа хизматларни кўрсатиш бўйича техник талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

б) Самарқанд вилояти, Навоий вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда эксперимент тариқасида ушбу ҳудудларда жойлашган таълим ва тиббиёт муассасаларига рўйхатга мувофиқ хизматларни бошқарувчи ташкилотларга ўтказиш тўғрисида давлат харидлари электрон тизимида ва оммавий ахборот воситаларида эълон берилишини ҳамда белгиланган тартибда аутсорсерлар билан шартнома тузилишини назоратга олади;

в) Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда, эксперимент ижобий натижаларига кўра, 2023 йил 1 январидан бошлаб, тасдиқланган низом талаблари асосида республика бошқа ҳудудларида ҳам бошқарувчи ташкилотларни жалб қилишни оммалаштириш чораларини кўради;

г) низом талабларига мувофиқ ҳудудларда таълим ва тиббиёт муассасаларига аутсорсинг шартлари асосида хизмат кўрсатилишини янада такомиллаштириш борасида тизимли ишларни йўлга қўяди ва ушбу талабларга қатъий риоя этилишини назорат қилиб боради;

д) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қарорга мувофиқлаштиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид