Ўзбекистон | 14:12 / 21.09.2022
9007
2 дақиқада ўқилади

Тошкент, Самарқанд ва Жиззахда электр энергиясидан қарздорликларни йўқ қилиб бериш эвазига пул олган мутасаддилар ушланди

Пискент тумани ЭТК бошлиғи, Ургут тумани ЭТК бўлими раҳбари ва Шароф Рашидов тумани ЭТК ҳуқуқшуноси корхоналар ва аҳоли хонадонидаги қарздорликни йўқ қилиб бериш эвазига пул олган.

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда, Пискент туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи У.Х. тадбиркор Б.га тегишли кичик ишлаб чиқариш корхонасининг 106 миллион сўм электр энергиясидан қарздорлигини йўқ қилиб бериш эвазига корхона қоровули О. орқали 6 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Ургут туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, туман электр таъминоти корхонасида бўлим раҳбари вазифасида ишловчи С.Т. ва бошқалар “К.Б.” фермер хўжалиги раҳбари А.Н. ва “А.Й.” МЧЖ раҳбари У.Х.дан электр энергиясидан қарздорлигини сўндириш учун 35 миллион сўм ва 300 доллар олиб, ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганликлари аниқланган.

Яна бир ҳолатда департамент ҳамда ДХХ Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Ш.Рашидов туман электр таъминоти корхонаси ҳуқуқшуноси Н.Д. фуқаро Р.нинг хонадонида электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани ҳолати бўйича ҳисобланган 6,2 миллион сўм қарздорликни йўқ қилиб бериш эвазига 1,9 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид