Жаҳон | 13:17 / 22.09.2022
14241
3 дақиқада ўқилади

Россия армияда хизмат қилиш учун шартнома имзолаган хорижликларга фуқаролик бера бошлайди 

Россия Давлат думаси тегишли ўзгартиришларни маъқуллади, унга кўра Россия армиясида шартнома бўйича хизмат қилаётган чет элликлар Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиши мумкин. Москвадаги «Сахарова» миграция марказида хорижий фуқароларни ҳарбий хизматга қабул қилиш учун инфратузилма йўлга қўйилади.

Фото: АГН «Москва»

Россия Давлат думаси иккинчи ва учинчи ўқишда чет элликлар томонидан Россия фуқаролигини олишни соддалаштириш бўйича қонунчиликка ўзгартиришларни қабул қилди, деб хабар берди қонун чиқарувчи орган сайти.

Ўзгартиришларга мувофиқ, «Россия қуролли кучлари, бошқа қўшинлари ёки ҳарбий тузилмаларида камида бир йил муддатга хизмат қилиш учун шартнома тузган чет эл фуқаролари» Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда, яшаш учун рухсатномага эга бўлмасдан туриб олишлари мумкин.

Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳарбий шартнома бўйича камида уч йил хизмат қилиш керак, дейилади хабарда. 

Бундан ташқари, ўзгартишларда аскар, матрос, сержант ва старшина унвонида ҳарбий хизматга кираётган чет эл фуқароси билан ҳарбий хизматни ўташ учун биринчи шартнома тузиладиган муддатни беш йилдан бир йилгача қисқартириш таклиф этилмоқда. 

«Яқин келажакда Москва ҳукумати Россия Мудофаа вазирлигига чет эл фуқароларининг ҳарбий хизматга киришини ташкил қилишда ёрдам бериш учун Сахаровадаги миграция марказида тўлиқ инфратузилмани жойлаштиради», деди Россия пойтахти мэри Сергей Собянин.

Бундан олдин Бош прокуратура хориждаги ўзбекистонликларга мурожаат қилиб, ўзбекистонликларнинг чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиши жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Ўзбекистон Жиноят кодекси 154-моддаси биринчи қисмига кўра ёлланиш, яъни низолашаётган давлат фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирор шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодекси 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқароси чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид