Ўзбекистон | 21:16 / 22.09.2022
16341
6 дақиқада ўқилади

Самарқанд аэропортининг статуси, маҳаллий рейслар учун самолётлар, водийдаги янги аэропорт — Раъно Жўраева билан интервью

Самарқандга FlyDubai авиакомпаниясининг тўғридан тўғри авиақатновлари йўлга қўйилишига бағишланган матбуот анжуманида «Uzbekistan Airports» ОАЖ бош директори Раъно Жўраева Kun.uz мухбирига интервью берди.

«Uzbekistan Airports» ОАЖ бош директори Самарқанд аэропортида жорий этилаётган бешинчи эркинлик режими, маҳаллий авиақатновларни ривожлантириш масаласи, шунингдек Фарғона водийсида қурилиши кўзда тутилаётган янги халқаро аэропорт масаласида сўзлаб берди.

— Яқинда бўлиб ўтган йиғилишда президент Ш.Мирзиёев транспорт вазирлигига барча давлатларнинг авиацияга масъул идораларига Самарқанд аэропортида хорижий авиакомпаниялар рейслари ва йўналишларига бўлган барча чекловлар олиб ташланганини етказиш вазифасини топширди. Бу Самарқанд аэропортига алоҳида бир статус берилганини англатадими?

— Самарқанд аэропорти энг замонавий ва янги аэропорт бўлиб, Ўзбекистон марказидаги, туристларни жалб қилувчи қадимий ва дурдона шаҳарда жойлашган. Бу ерда бешинчи эркинлик режими жорий этилмоқда. Бу туризмни ривожлантириш учун жуда муҳим режим ҳисобланади. У бизга нималар беради? Бу режим асосида турли авиакомпаниялар турли давлатлардан туристларни келтиришлари мумкин. Бунақа режимлар туризм қайнаган марказлар — Истанбул, Дубай каби йирик туристик шаҳарларда жорий қилинган. Унга кўра бир мамлакатнинг авиакомпанияси бир мамлакатдан туристларни олиб, иккинчи мамлакатга учиб келиши, бу ердан учинчи мамлакатга учиб кетиши мумкин.

Масалан, боя савол беришди, самарқандлик туристлар Самарқанд шаҳридан FlyDubai авиакомпанияси самолётларида Саудия Арабистонига учиб боришлари мумкинми, деган мазмунда. Бу авиакомпания 70 дан зиёд шаҳарларга парвоз қилади, Самарқанддан бу шаҳарларнинг исталганига учиб бориш имконияти пайдо бўлмоқда. Шунингдек, ўша шаҳарлардаги туристларни ҳам Самарқандга келтириш мумкин.

Шунинг учун Самарқанд аэропортига берилаётган алоҳида статус Самарқанднинг энг аввало ўзининг машҳурлиги ва жозибадор шаҳар эканлиги, кўп сонли туристларни қабул қилишга тайёр эканлиги билан изоҳланади. Биз бутун инфратузилмани имкониятларни оширишга, авиакомпаниялар бу шаҳарга парвоз қилишига, кўпроқ турист олиб келишига тайёрлаганмиз.

— Президент йиғилишда маҳаллий йўналишда ҳам авиақатновларни кўпайтириш масаласини қўйди. Маҳаллий йўналишда қатновчи кам сиғимли самолётларни харид қилиш масаласи бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?

— Мен илгари ОАВ орқали бир неча бор чиқиш қилиб, Uzbekistan Airports ОАЖ шуъба корхонаси бўлган, айнан маҳаллий йўналишларга ихтисослашган, маҳаллий аэропортларни боғловчи Silk Avia авиакомпанияси очилаётганини хабар берган эдим. Компания тузиб бўлинди. Ҳозир дастлабки учта самолётни келтиришга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Биз аллақачон 12 нафар экипаж аъзоларини ўқитиб, тайёрладик. Дастлабки қатновлар яқин орада бошланади.

ATR-72-600 самолёти.
Фото: commons.wikimedia.org

Самолётлар ҳақида гапирадиган бўлсам, улар Франция ва Италияда ишлаб чиқарилган турбовинтли ATR-72-600 типидаги самолётлар бўлиб, 74 нафар йўловчини ўз бағрига ололади. Бундай самолётлардан 10 донагача харид қилишга уриняпмиз.

Бу самолётлардан нафақат пойтахт Тошкент ва бошқа шаҳарлар ўртасидаги қатновларни, балки Самарқанд, Бухоро, Урганч ва водий шаҳарлари йўналишида ҳам ички туризм ва зиёрат туризмини ривожлантириш учун фойдаланишни кўзлаяпмиз.

Тўғрисини айтиш керак, бу типдаги самолётларни авиабозорда топишнинг ўзи қийин. Чунки бутун дунёда маҳаллий рейсларнинг 75 фоизи мана шундай самолётларда амалга оширилади. Улар жуда харидоргир, шу сабабли бозорда уни топиш жуда мушкул. Ҳозирча биз 3 дона топдик. Улар 2019 йилда ишлаб чиқарилган. Деярли учмаган, пандемия эълон қилинганидан буён турган. 2023-24-йилларда ATR компаниясидан яп-янги самолётлар харид қилишни режалаштиряпмиз. Яқин кунларда бу борада авиа ишлаб чиқарувчи компания билан меморандум имзоланади.

— Фарғона водийсида қурилиши режалаштирилган янги халқаро аэропорт билан боғлиқ ишлар қай босқичда?

— Биз Фарғона водийсининг уч йирик шаҳридаги ҳар бир халқаро аэропортни пухта тадқиқотдан ўтказиб, ҳар бирининг стратегиясини ишлаб чиқдик. Бугунги ҳолатининг ҳар бир плюс ва минус томонларини тарозига солдик. Шунингдек, 30-50 йиллик истиқболига ҳам назар ташладик. Чунки аэропортлар ҳар йили қурилмайди, ҳар 5 йилда ҳам қурилмайди. Бундай объектлар ҳар 30-40 йилда битта қурилади. Шу сабабдан 50 йилгача бўлган истиқболни пухта ўрганиб чиқиб, барча талабларга жавоб берувчи замонавий аэропорт қуриш керак.

Биз мавжуд халқаро аэропортларни ўрганиб чиққанимизда жуда кўплаб чекловлар борлигига гувоҳ бўлдик. Уларнинг барчаси катта шаҳарларга яқин жойлашган. Тўғрироғи, ўтган даврлар ичида шаҳарлар ўсиб, аэропорт остонасигача келиб қўйган.

Бу аэропортларни ривожлантириш учун яна қўшимча ер майдонлари керак. Йўловчилар оқимини ошириш, логистика билан боғлиқ катта муаммолар келиб чиқади. Чунки аэропортгача келиш ва аэропортдан кетишда машиналарни жойлаштириш, йўлларда тирбандликлар ҳосил бўлиши билан боғлиқ муаммолар юзага келади.

Энг асосийси, ушбу аэропортларда бугунги кунда ҳаво фазосининг ўтказиш қобилияти билан боғлиқ муаммолар бор. Шу сабабли, муқобил вариант сифатида водий марказида битта катта халқаро аэропорт қуришни таклиф қилдик. Бунда ҳар бир вилоятга йўловчиларни қийинчиликсиз қамраб олиш имконияти пайдо бўлади. Аэропортдан Қўқон, Наманган, Фарғона ва Андижон шаҳарларигача масофа 100 кмдан кам бўлади.

Водий етарли тарзда аҳоли зич жойлашган, 15 миллион киши истиқомат қиладиган ҳудуд ҳисобланади, биз бунда Тожикистон ва Қирғизистон шаҳарларини ҳам инобатга оляпмиз. Бунинг учун ягона ва замонавий халқаро аэропорт қуриш керак, деган хулосага келдик.

Ҳозир бу таклиф устида қарор қабул қилиш жараёни кетмоқда. Мен тақдимот қилиб бердим. Лойиҳани немис мутахассислари ишлаб беришди. Биз ҳар бир вилоят ҳокимлиги билан ҳам маслаҳатлашдик. Улар ҳам плюс ва минус тарафларини кўриб чиқишди. Ҳозир сўнгги қарорни қабул қилиш, келгусида қандай ҳаракат қилишимиз, қайси вариантдан фойдаланишимиз давлат ихтиёрида бўлиб турибди.

Шуҳрат Шокиржонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид