Ўзбекистон | 09:48 / 23.09.2022
5840
1 дақиқада ўқилади

Андижонда икки нафар банк ходими 111 млн сўм пенсия пулларини замонавий қиморга тикиб юборди

Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги тижорат банкларининг бирида фаолият юритувчи ходимлар пенсионерларга берилиши керак бўлган пулларни талон-торож қилиб, замонавий қимор ўйинларига сарфлаб юборган. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканалининг «Янги давр» кўрсатувида хабар берилди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, пенсия ва нафақа тўловлари билан ишлаш шуъбаси, пенсия ва нафақа тарқатиш бўйича кассири ва филиалнинг шу йўналиш бўйича бухгалтерлар назоратчиси филиал бошлиғи томонидан филиалга қарашли банкоматларга масъуллик хизмати бириктирилганидан фойдаланиб банкоматларга нақд пулларни жойлаштириш вақтида махсус муҳрларни бузиб, пулларни талон-торож қилган.

Дастлаб филиал биносидаги банкоматдан 4 миллион 200 минг сўм пулларни олган ходимлар ишини давом эттириб, олинаётган пуллар миқдорини оширган. Туманнинг Нефтчилар маҳалласида жойлашган банкоматдан 41 миллион 800 минг сўм, Ширмонбулоқ маҳалласидаги банкоматдан 65 миллион сўм – жами 111 миллион сўм нақд пулларни қўлга киритган.

Маълум бўлишича, талон-торож қилинган ушбу пуллар терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида тўлиқ қопланган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Сурхондарёда банк ходими одамларнинг нафақа пулларини онлайн қиморга тикиб юборгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид