Ўзбекистон | 12:03 / 23.09.2022
11010
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари иссиқ ҳаво сақланиб туради, келаси ҳафта бошидан салқин тушади

Бугун ва дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудуди катта қисмида бироз шамол билан қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳарорат кечалари 13-18 даража илиқ, кундуз кунлари 30-35 даража иссиқ атрофида бўлади. Бу - сентябр ойи ушбу кунлари учун ўртача йиллик ҳарорат қийматларидан бироз юқори.

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, республика шимолий ҳудудларига 25 сентябр, якшанба куни Волгабўйи ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистонда ва кечга томон Хоразм вилоятида баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши, шамол 15-20 м/с гача, баъзида 21-23 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин. Қорақалпоғистон шимолида ҳарорат пасайишни бошлайди.

Кейинги ҳафта бошида нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудига тарқалади. Республика бўйича баъзи жойларда шамол чанг-тўзонлар билан 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Жануб энг чеккасида ва Фарғона водийсида шамол кучайиши 21-23 м/с га етиши мумкин. 

Душанба куни Бухоро, Навоий вилоятларида, сешанба куни тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёмғир ёғади. 2500 метрдан юқори бўлган баланд тоғларда ёмғир қорга айланади. Душанба куни шимолий вилоятлар бўйича, сешанба куни эса республика барча ҳудудлари бўйича салқинлашади. Ҳаво ҳарорати кечалари 10-13 даража илиққача, кундуз кунлари 22-25 даража иссиққача пасаяди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид