«Миллионлаб россияликлар паспортларини жон деб Ўзбекистон паспортига алмаштирган бўлар эди» — Зафар Ҳошимов
Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов Россия Федерацияси президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Кирилл Кабановнинг Марказий Осиёда туғилган Россия фуқароларини мажбурий ҳарбий хизматга жалб этиш, бош тортганларни фуқароликдан маҳрум этиш борасида таклиф тайёрланаётгани тўғрисидаги чиқишига муносабат билдирди.
«Россияда Тўнғизов (таржима меники — З.Ҳ.) деган амалдор сўнгги ўн йилда Марказий Осиё мамлакатларидан келиб, Россияда паспорт олган фуқароларнинг барчасини урушга сафарбар қилиш, магар улар қаршилик кўрсатадиган бўлса, нафақат ўзлари, балки оила аъзолари билан бирга ҳаммасини яна Россия фуқаролигидан чиқариб юбориш тўғрисида ҳужжат тайёрланаётгани ҳақида хабар берибди.
Яна нима эмиш, бу чора Ўрта Осиё мамлакатлари, яъни Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўз фуқароларини урушда қатнашмаслик ҳақида огоҳлантиргани, ҳамда урушга ёлланиш бу мамлакатлар қонунларига мувофиқ жиноят ҳисобланиши ҳақида эслатганларига жавобан татбиқ қилинадиган чора бўлар экан.
Бундан чиқиб келадиган қуйидаги хулосалар:
- Россиянинг бу каби амалдорлари бизнинг мустақиллигимиз, қонунларимиз ва мамлакатимизнинг ўз фуқароларини муҳофаза қилиш ҳуқуқини менсимаслигини англатади;
- Улар урушга биринчилар қаторида айни бошқа миллат, яъни Россиянинг ичида яшовчи ўзга миллат вакилларини сафарбар қилишга уринишлари;
- Гарчи ўн йиллаб у ерда яшаб, ишлашса-да, у ерда уй-жой қилиб, оила, бола-чақалари билан фуқаролик олишга эришсалар-да, Россияда бу ватандошларимиз барибир иккинчи табақали фуқаро, яъни айни ҳуқуқсиз фуқаро бўлиб қолаверишини, улардан ва оила аъзоларидан қийин эришилган бу фуқаролик осонгина қайта олиб қўйилиши мумкинлигини англатади;
- Ватандошларимизнинг инсон ҳуқуқлари, қолаверса, ҳаттоки ҳаёти ҳам бу каби кимсалар учун мутлақо қадрсизлигини англатади.
Лекин, бу масаланинг бошқа бир тарафи ҳам бор, у ҳам бўлса, бугунги кунда ўша миннат қилинаётган Россия паспортининг деярли қадри қолмаяпти. Русларнинг ўзи ватанидан қочиш ҳаракатида-ку?!
Россия паспорти билан жуда кўп мамлакатлар ўз ҳудудига мутлақо киргизмайди, виза бермайди, ишга олмайди, банкда ҳисоб ва пластик карта очмайди.
Шу ҳаммаси етмагандай, тағин урушга олиб кетиб қолиш хавфи доим бор.
Аминманки, миллионлаб Россия фуқаролари ҳозирда жон деб, ўз паспортларини Ўзбекистон паспортига алмаштирган бўлар эдилар», деб ёзади Зафар Ҳошимов.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
23:13 / 23.11.2024
Кремл янги сафарбарлик бўлмаслигини маълум қилди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
18:44 / 23.11.2024