Жамият | 14:07 / 23.09.2022
14466
3 дақиқада ўқилади

“Ўзимдан эмас, болаларим менсиз қолишидан хавотирдаман, буни отаси йўқлар тушунади” – дардни енгиш учун кўзи ёшга тўлган оила

Оталик шундай масъулиятки, бошингга ташвиш тушганда кўз ўнгингда энг аввал болаларинг гавдаланади. Уларнинг тақдири, ҳали ёшлиги ҳақида ўйлай бошлайсан. Ўз жонингдан ҳам аввал хаёлингга келадигани — болаларим келажаги нима бўлади?

Дилшод ака ҳам жигар циррози эканлигини билганида болаларининг отасиз қолишидан хавотирга тушади.

“Соғлиғимни йўқотганимда энг катта бойлигимни йўқотганимни англадим. Чунки менинг соғлиғим ортида болаларим тақдири турибди. Ўғилларимни ўқитаман, юртга нафи тегадиган инсон қиламан, деган ниятларим бор эди. Фарзандларимнинг отасиз қолишидан қўрқяпман. Бошига тушганларгина отасизлик нима эканлигини тушунади...”, дейди Дилшод ака ўкинч билан.

Авто мактабда инструктор бўлиб ишлаб, оиласини боқиб юрган Дилшод аканинг чап қўли, қорни ишиб кетади. Анализ натижалари юракка яқин жойда тромб борлигини кўрсатади. Аммо бу ҳаммаси эмас экан. УЗИ текширувида жигарининг циррозга учрагани маълум бўлади.

“Оддий оилада катта бўлганман. Рўзғордан орттириб, йиғиниб олган машинам бор эди. Битта машина пули етса керак, деб ўйлагандим. Шуни сотиб Туркияга даволангани кетдим. Лекин адашган эканман. Шифокор ҳали ёш экансан, жигарингни алиштирмаса бўлмайди деб айтди. Ўзбекистонга қайтиб келдим. Менда операцияга етарли пул йўқ эди. Ишлаш, бир килодан оғир юк кўтариш мумкин эмас. Жигарларимнинг борига шукур, рўзғоримизга ёрдамлашиб туришибди. Укам донорлик қилишга рози. Отамнинг ўзи оғир касал. Ҳозир операцияга етарли маблағни йиғолмаяпмиз”, дейди бемор иложсизликдан йиғлаб.  

Беморга ёрдам қилиш, унинг тузалишига сабабчи бўлиш савоб. Бу орқали икки болани отасизлик азобига дучор бўлишдан қутқариш икки карра савоб. Қурбингиз етса, бир инсоннинг ҳаётини асраб қолишга ўз ҳиссангизни қўшинг!

Дилшод Баҳромовга оид маълумотлар:

Юнионпай: 6262 5700 2544 8103 бемор Дилшод Баҳромов номида

Viza: 4187 8000 0067 1388 бемор Дилшод Баҳромов номида

Манзил: Тошкент шаҳри Олмазор тумани, Чиғатой дарвоза, Хўжалик кўчаси, 25 уй.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид