«Қиз бола ҳам фарзандми?» — Онасининг тақдири бошига тушган қиз ҳикояси
Ҳаёт ҳаммани ҳар хил синайди: кимнидир давлат, кимнидир дард, яна бошқа бировни мансаб, яна кимнидир муҳтожлик билан. Мадинани 21 ёшида ёлғиз оналик синовларига йўллаган бўлса, 22 ёшида жон-у жигарлари, ота-онасидан айириб, имтиҳон қилди. Тўққиз йилдан бери бошпанасиз, ижара уйларда сарсон бўлиб, бола парваришлаётган аёл биз билан дардлашди.
— Болалигим эртаклардагидек ўтган деёлмайман. Бахтим тўкис бўлган, дейишдан ҳам йироқман. Айта оладиганим — онам бор эди. Дардкашим бор эди. Ҳимоячим — укам бор эди. Уларнинг борлиги ўзи бир бахт эканлигини тушуниб етяпман, — дея ўз ҳикоясини бошлади Мадина (исм ўзгартирилган).
Ёшлигимда онамга жуда раҳмим келарди. Тунни тун, кунни кун демай ишлар эди. Отамнинг нима иш қилишларини ҳатто билмасдим. Билганим — узоқ вақт йўқ бўлиб кетарди. Оддий қилиб айтганда, биз отамни жуда кам кўрардик.
Онам бозорда пиёз сотарди. Бармоқларининг атрофлари қорайиб кетарди. Йиғлаб-йиғлаб тирноқларини олиб қўярдим. Йиғлаганимни билдирмаслик учун бошимни эгиб олардим. Ўша дамларда отамни ёмон кўриб кетардим, онамга шунақанги ичим ачишардики, буни таърифлаб беролмайман. Топган пулларидан квартира ҳақини тўлар, бизларни кийинтирар, едириб-ичирар эди.
Оғир меҳнатдан, отамнинг ситамларидан ҳам мен буни кейинчалик билганман, онам жуда эзилиб, қариб кетганди. 7 акаси ва 3 опа-сингиллари бор эди. Тоғаларим ўзига тўқ, бадавлат одамлар эди. Бизларни боқиш, рўзғор тебратишдан қийналиб қолган вақтлари ойимга савол бердим:
— Нега тоғамлар бой-бадавлат, нега бизга ёрдам бермайди, нега холаларим келишмайди?
Шунда онажоним:
— Қизим бу дунё — бир кам дунё, — дедилар. — Катта бўлсанг тушунасан.
— Отам нега кам келадилар?
— Уларнинг ишлари кўп.
— Нега бизга пул бермайди?
— Адажонинг савоб қилиш учун кетган.
Шу тариқа кунимиз ўтарди...
Биз катта бўлдик, укам онамнинг ёнига тушди. Ёрдам бериш учун бозорда юк туширар, тарвуз сотар эди. Акам эса унчалик ёрдам бермасди. Отам ҳақида ҳали ҳам кўп нарса билмасдим. Чунки онам отамни жудаям кучли ҳимоя қилардилар. Бизларга ҳеч ёмонламас, уришиб қолсалар ҳам билдирмас эдилар.
Кунларнинг бирида отам яна келди. Онам ҳеч нима билмагандек кутиб олдилар.
Мен «дада, қаерда юрасиз, нега биздан хабар олмайсиз, ҳеч нарса олиб келмайсиз?» — деб сўрадим.
Шунда онам юзимга бир шапалоқ тушириб, «отанг билан бу оҳангда гаплашма, сенга бу ҳуқуқни ҳеч ким бермади», дедилар.
Шу куни онамдан жудаям хафа бўлдим. Кейинчалик билсам, бечора онам отамнинг хиёнатларини кўтариб, ўзлари азобланиб юрган, шунинг дардида қариган эканлар. Отам бошқа аёлга уйланиб олганини онам ҳеч қачон айтмаганлар. Катта қиз бўлганимда билиб қолганман.
Жуда кўп ижара уйларда турдик. Тўққиз йил деганда онам уй олдилар. Акамни уйлантирдилар, мени турмушга бердилар. Шунча қийинчилик кўрдилар-у, келиндан ёлчимадилар. Бу орада фариштадек қизалоғим дунёга келди.
Оналик ҳаёти бутунлай бошқача бўлар экан. Онамни она бўлиб тушундим, деб ўйлагандим. Йўқ, ҳали тушунишим керак бўлган нарсалар кўп экан.
Онам инсультга чалинганида ҳам ёнида отам йўқ эди. Онам омонатини топширган кунлари бу хабарни эшитган отам ҳам юраги ёрилиб вафот этди. Умр бўйи онамнинг ёнларида турмаган эдилар. Ҳеч бўлмаса қабрда ёнма-ён бўлишди...
Қизалоғим 5 ойлик эди ўшанда. Ҳали бу йўқотишлардан ўзимга келмаган эдим. Қайнонам, ота-онасиз етимча келин керакмас, деб қувиб юборди. Эрим эса чет элда эди. Қайтиб келганидан сўнг онаси айтган қизга уйланди. Мен ана энди онамнинг ҳақиқий аҳволига тушган эдим. Чақалоғим билан уйсиз, боқувчисиз қолгандим. Мен онамни энди тушуна бошлаган эдим.
Ота-онамнинг ўлими бизга жуда катта йўқотиш бўлди. Укам чидолмай ичкиликка берилди. Акам ўз оиласи билан бўлиб бизни унутди. Укам ва мен қизалоғим билан уйимизга сиғмасдик. Келинойим ҳар куни акамни қайрарди. Кейин акам бизни уйдан ҳайдаб, кўчага чиқариб қўярди. Ҳали тоғамникига, ҳали холамникига бориб қорнимизни тўқлаган вақтларимиз бўларди. Укам ишлаган пулларни акам олиб қўярди. Бундай саргардонликда ортиқ яшолмасдик. Укам мени Тошкентга жўнатиб, ўзи ишлаб менга ёрдам бера бошлади.
Укам менга телефон қилиб, «онамни соғиндим, опа, уйга кел», дерди. Лекин акам боришимга рухсат бермасди. Жуда қийналиб кетдим. Қизалоғимни бағримга босиб ишга тушдим. Идиш-товоқларни ювар эдим. Қизим уйда ёлғиз қоларди, ҳеч кимни танимайман, билмаган жойимда ўз ўрнимни топиш учун ишлай бошладим. Ҳалол ишлаб, фарзандимни ҳалол боқдим.
Укамнинг автоҳалокатга учраганини эшитиб, юролмай қолдим. Етиб боргунимча омонатини топшириб бўлибди...
Бақирдим, дод дедим, лекин кеч, укажоним энди қайтмайди. Қанча айтганди-я, бечора укам, «опа, ёлғиз бир ўзим қолиб кетдим, ўлиб қоламан», деб. Гапларини эслаб баттар эзилдим.
Укамни уйлантириш учун қанча хонадонга бордик, аммо ҳеч ким қизини бермади. Ота-онаси йўқ инсонга қизимизни бермаймиз, деди. Ёшгина укажоним ҳаётда на бир яйраб яшади, на фарзандли бўлди, на бахт нималигини ҳис қилди. Ҳеч нима кўрмай ўтиб кетди дунёдан.
Жанозаси куни аёллар укамнинг ўртоқларига ёр-ёр айтинглар, чимилдиқ кўрмай кетди, ҳеч бўлмаса ёр-ёр айтиш керак, дейишди. Ҳеч бири айтолмади, йиғлашдан нарига ўтолмади...
У кетди. Бутунлай ёлғиз, ҳимоясиз қолдим. Энди кимга суянаман, дердим.
Укамни кўмиб келган кунимиз мени кўчага чиқазиб қўйишди. Нима сабаб, хатом нималигини билмас эдим. Маъракаларини ўтказиб, яна Тошкентга келдим.
Акам барча нарсани, машина, ҳатто онам қийналиб олган уйни ҳам сотиб, келинойимнинг уйига бориб яшади. Тузалмас дардга йўлиққан экан, кўпга бормай вафот этди. Лекин ҳамма нарсамизни, уйимизни йўқ қилиб кетди. Мен эса 10 йилдирки Тошкентда ижарама-ижара сарсон бўлиб юрибман. Яқинларим, укам, онамсиз жуда қийин. Онажоним азобини бошимдан ўтказяпман.
Фарзандимни ёлғиз ижарада яшаб катта қиляпман. Отаси тирик бўла туриб, қизимнинг отасиз катта бўлаётгани ҳаммасидан кўпроқ азоблайди мени. Қайнонам ва эримнинг «қиз бола ҳам фарзандми?» дейишлари ҳамон қулоғим остида. Улар ҳақида эслашни истамайман.
Бахтсиз онанинг бахтли фарзандлари бўлиши мумкинми?
Шаҳноза ЖУМАҚУЛОВА, психолог:
«Ёлғизлик — ёлғиз онанинг ҳаётини заҳарлайдиган асосий муаммолардан бири, мажбуран ажрашган тақдирда ҳам, болаларни отасиз тарбиялаш осон бўлмайди. Ёлғиз онага маънавий ва жисмоний ёрдам, яқинларнинг далдасини ҳис қилмаслик, жуфти билан болалар муаммолари бўйича маслаҳатлашиш имкониятининг энди йўқлиги аёлни қаттиқ шикастлайди ва уни депрессив ҳолатга келтиради».
Бундай ҳолатларда нима қилиш керак?
«Энг аввало, муаммодан қочмаслик керак. «Ўзига ва боласига раҳм кўзи билан қараш, реал ҳаётни борича қабул қилмаслик вазиятни янада ёмонлаштиради. Муаммодан айбдорни эмас ечимни қидиринг. Қўлингиздан келган имкониятингизни ҳисобга олиб, бирор ишни бошланг.
Тегишли давлат идораларига мурожаат билан чиқинг. У ердан ёлғиз оналарга ажратилган имтиёзлар ҳақида маълумот олинг. Ҳаёт давом этади. Ҳозирги вақтда нима қилиб вазиятдан чиқа оласиз? Четдан ўзингизга маслаҳат беринг. Ҳиссиётларга берилмасдан, муаммони ҳал қилишнинг қатор режасини ёзиб чиқинг.
Иккинчи қадам — ижобий томонларини топиш. Ҳозирги ҳолатингизнинг сизга фойдали томонини ўйлаб кўринг. Сизнинг аҳволингизда нафақат салбий, балки ижобий томонларни ҳам кўришни ўрганиш муҳимдир.
Учинчи босқич — фаол ҳаракат. Қўрқув ҳаракатни тўхтатади, ҳаракат қўрқувни тўхтатади! Ушбу қоидани унутманг ва фаол бўлинг. Ёлғиз аёллардаги яна бир муаммо «айбдорлик ҳисси». «Фарзандини отасидан маҳрум қилгани», «оилани сақлай олмагани», «бола тақдирини ёмон ҳаётга маҳкум қилгани» каби айбловлар ёлгиз аёлнинг ич этини ея бошлайди. Қолаверса, ҳар куни у ўзини янада айбдор ҳис қиладиган турли кундалик вазиятларга дуч келади: пули етарли бўлмагани ёки ўз вақтида мактаб вазифаларини қилдиролмагани, боғчадан вақтида олиб кетмагани ва бошқа шу каби айбдорликлар энди аёлда ҳаётга қўрқув ва хавотирни сола бошлайди.
Айбдорлик туйғуси аёлни тобора асабийлаштиради завқини йўқотади. У бола ҳақида керагидан кўра кўпроқ қайғуради, доимо ғамхўрлик қилади, барча қийинчиликлардан ҳимоя қилишга уринади ва унинг барча истакларини бажаришга ҳаракат қилади.
Натижада, бу боланинг ҳаддан ташқари ёрдамга муҳтож ҳамда муносабатлар қарамлигига мойил бўлиб ўсишига олиб келади. Бундан ташқари, у онанинг «оғриқли нуқталари»ни жуда тез билиб олиб, уларни ўзи билмаган равишда болаларининг манипуляцияси учун ишлата бошлайди.
Аёл кўпинча муаммо отанинг йўқлигида ва болани нимадан маҳрум қилганида эмас, балки унинг психологик ҳолатда эканлигини тушунмайди: ўзини айбдор ҳис қилиш ва пушаймонлик ҳисси.
Қандай қилиб айбдор одам бахтли бўлиши мумкин? Албатта йўқ. Бахтсиз онанинг бахтли фарзандлари бўлиши мумкинми? Аёл ўз айбини тўлдиришга ҳаракат қилиб, бола учун ўз ҳаётини қурбон қилишни бошлайди. Бундай ҳолатда нима қилиш керак бўлади?
Ўз айбингизни асослаб вазиятни таҳлил қилинг! Ўзингизга саволлар беринг: «Менинг айбим нима?», «Уни тўғрилашим мумкинми?», «Қандай қилиб?». Жавобларингизни ёзинг ва ўқинг. Ўйлаб кўринг, сизнинг айбингиз қанчалик оқланади, ҳозирги вазиятга нечоғлик реал ва мутаносиб? Шу саволлар асосида ўзингизга реал жавоблар беринг.
Сиз нафақат ўзингиз, балки фарзандингиз олдида ҳам бахтли бўлишга масъулсиз! У бахтли бўлишни сиздан ўрганади. Ўзингизни атроф билан солиштирманг. Озгина бўлса ҳам эришган, эришаётган ютуқларингиз сизга олиб келаётган натижаларга диққат қилинг.
Чарос Маннонова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
17:26 / 08.11.2024
“Эмбрионлар қаровсиз қолиб кетди” — ЭКУ орқали фарзанд кутган аёллар алданди(ми?)
15:31 / 16.03.2024
Тўнғич, ўртанча, кенжа – нечанчи фарзанд бўлиб туғилиш инсон шахсиятига таъсир қиладими?
17:00 / 19.02.2024
«Болаларимни ўқитиш учун мардикорлик қилганман» — ота
08:36 / 17.02.2024