Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Сизлар Россияга миналарни тозалаш учун кераксиз, ҳаётингизни бундай якунламанг” — Россиядаги мигрантларга маслаҳатлар
Россиядаги мигрантлар уруш пайтида ўлим ва қуллик сиртмоғига тушиб қолмаслик учун нима қилиши керак? Муҳожирлар ишлари бўйича юрист Валентина Чупик Kun.uz билан суҳбатда аниқ ва лўнда маслаҳатларини берди.
— Россияда бўлганлар учун менинг маслаҳатларим: Иложи бўлса, Россияни тарк этинг. Кетиш имконсиз бўлса, имзоланадиган ҳар қандай ҳужжатларга жуда эҳтиёт бўлинг. Айниқса, имзони сиздан босим остида, ҳужжатни ўқишга имкон бермай, шошилинч равишда олишга уринаётган бўлишса.
Гап шундаки, Сахарово миграция марказида мигрантларга имзолаш учун ҳужжатлар тўплами: патент олиш учун ариза, суғурта полиси, ММ билан шартнома, рус тилини билиш сертификати – катта қоғоз тўплами берилади ва улар ярим дақиқада дарҳол имзоланиши талаб қилинади. Шуларнинг орасига кичик ҳарфларда босилган, ихтиёрий ҳарбий хизматни ўташ учун икки варақдан иборат шартнома қўйишади.
Мигрант унга имзо чекиб, ҳарбий хизматга қабул қилинганини, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 154-моддасини бузганини, жиноят содир этганини – ёлланма аскарга айланганини билмай ҳам қолади.
Шунинг учун ҳаммадан жуда эҳтиёт бўлишни сўрайман. Худди шу нарса вақти-вақти билан полицияда ҳам содир бўлади: озод қилиш шарти сифатида бир варақ қоғозга имзо чекишга мажбур қилишади. Илтимос, у ерда нима ёзилганини тушунмасангиз, имзо қўйманг, расмга олинг ва менга юборинг (Telegram-манзил: @Valentina_Chupik). Мен доим алоқадаман ва сизга ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
Муҳожирлардан ҳар қандай шартномаларни имзолашда жуда эҳтиёт бўлишларини сўрайман, чунки Россия президенти фармонида ғоят қизиқ – 6-банднинг 2-бандости мавжуд бўлиб, у барча сафарбарлик “қўшимча молиялаштиришсиз” амалга оширилиши айтилган. Бу дегани – мудофаа топшириқларини бажараётган одамларга ё умуман пул тўланмайди, ёки энг кам ойлик иш ҳақи тўланади, дегани.
Шунга кўра, мен сизга ҳеч қандай давлат корхоналари ёки бирон бир “мудофаа буюртмаси” корхоналари билан шартнома тузмасликни маслаҳат бераман, чунки сиз шунчаки қулликка тушиб қолишингиз мумкин, қонун сизни маошсиз ишлатишга имкон беради.
Ва такрор айтаман: иложи бўлса, кетинг, яқин келажакда Россияда ҳеч қандай яхши нарса кутилмайди.

— Энди, илтимос, ҳарбий чақирув қоғозини олган одамларга тавсиялар берсангиз.
— Агар сиз чақирув қоғозини олган бўлсангиз ва уни имзолаган бўлсангиз ёки сизнинг қариндошларингиз чақирувга имзо чеккан бўлса, унда чақирилган жойга бормаслик – маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Бу фақат 500 дан 3000 рублгача жарима дегани. Аммо сизни рўйхатга олиш идорасига мажбурий келтиришлари мумкин.
Шунинг учун, чақирув қоғози олдингизми – лаш-лушингизни йиғиб, жуфтакни ростланг, бошқа жойга кетинг, сизни топмасликлари учун. Бирон қариндошингиз ё танишингизникига эмас – улар орқали сизни топиб олишлари мумкин. Илтимос, янги жойга боринг.
Агар сиз чақирув қоғозини ҳали олмаган бўлсангиз, унда уни олманг – чақирув қоғозини олмаслик ҳатто қоидабузарлик ҳам эмас. Сизга почтачи ёки ўқитувчи келганида бемалол рад қилинг. Ҳозир ўқитувчилар, участкавойлар ва ҳоказолар уйма-уй юриб, одатда бир қоғоз тарқатишяпти – “почта бўлимига боринг ва повестка олинг” деган қоғозни. Ёки ҳарбий бўлим (военкомат)дан хабарнома келтиришади, “келинг, маълумотларни аниқлаштириб кетинг” деган. Унисиниям, бунисиниям олиш керакмас, “шунчаки олишни истамайман” дейишингиз керак.
Рўйхатдан ўтган жойингиздан кўчиб кетишингиз ҳам маъқул иш. Яқин келажакда сизни топмасликлари учун.
Энди Россияда иқтисодий вазият кескин ёмонлашади. Бу аниқ. Бу эса иш ҳақини тўламаслик бошланади, дегани. Бу шуни англатадики, расмий рўйхатдан ўтмасдан ишлаган кишилар умуман пулсиз қоладилар.
Шунинг учун, йигитлар, исмингиз ва ишлаётган компания муҳри бўлган ҳар қандай ҳужжатларни тўпланг: рухсатнома, техника хавфсизлик журнали, сизни мукофотдан маҳрум қилиш тўғрисидаги буйруқ, ишга йўлланма, сарф материалларини олиш учун варақ – ҳаммасини чўнтагингизда сақланг. Бу сизнинг ишлаганингиз далилидир, ҳеч бўлмаганда пул олиш умиди бўлади. Энди муаммо иш берувчиларнинг тўлашдан бош тортишида эмас, балки уларда пул бўлмаслигида, ҳисобварақлари бўшлигида. Россияга ишлашга кетаётганлар эшитсин – у ерда иш йўқ энди...
— “Повестка” билан олиб кетилганлар-чи? Улар нима қилсин?
— Ҳарбий қисмга аллақачон олиб кетилганларми? Агар сиз ҳарбий қисмда бўлсангиз, у ердан қочиш – 10 йил қамоқ дегани.
Назарий жиҳатдан, соф назарий жиҳатдан, фронтга бориш ва у ерда қочиб кетиш, украиналикларга таслим бўлиш имконияти мавжуд. Чунки [Украина президенти Володимир] Зеленский таслим бўлганларнинг ҳаммасини қабул қилишга тайёрлигини ва улар ўз ихтиёри билан таслим бўлганми ёки жанг давомида асирга олинганми, фарқи йўқ деди. Бу – 10 йиллик муддатдан халос бўлиш имконияти. Шу билан бирга, асирга тушгандан кейин асир алмаштирмасликни – Россияга қайтарилмасликни сўраш мумкин бўлади, бу осонлик бўлади. Аммо бу Россияда оиласи қолмаганлар учун, чунки, албатта, оила билан шантаж қилишади.
Нега мен бу имкониятни фақат назарий деб айтяпман? Чунки муҳожирларимиз... буюк жангчилар эмас... Ва улар жангчи сифатида эмас, балки миналардан тозалаш учун юборилади. Шунингдек, украиналик аскарларни яширинган жойидан алдаб чиқариш учун хизмат қилади. Ва сиз ҳалок бўлишингиз эҳтимоли – 90 фоиз.
Бир зумда вафот этсангиз-ку майли, минада портлаб, бошингиз билан танангизнинг бир бўлаги қолса, бу ҳаётингизнинг жуда ёмон якуни бўлади, аянчли, қийноқ билан кечадиган ёмон якуни.
Орқангиздан туриб, тўсувчи отрядлар сизни отиб ташлаши ҳам мумкин.
Таслим бўлиш эҳтимоли бор, аммо жуда паст. Шунинг учун фронтда пайдо бўлиб қолмасликка ҳаракат қилинг.
Колонияга юборилсангиз, эҳтимол қийноқларга дучор бўласиз ва, эҳтимол, барибир фронтга юбориласиз. Мен бу гўшт майдалагичга тушиб қолганларга жуда ачинаман.
Шунинг учун қабул қилиш пунктларига бормасликка ҳаракат қилинг. Шунда ҳаётингизни, соғлигингизни ва энг муҳими, шарафингизни сақлаб қолишингиз эҳтимоли кўпроқ. Чунки бу урушда қатнашишингиз нафақат сизни, балки фарзандларингиз, невараларингиз, бутун оилангизга доғ туширадиган катта шармандаликдир. Арзимайди бу.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
23:26 / 19.05.2025
Россияда оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёл ва унинг уч фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди
08:40 / 13.05.2025
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти MH17 ҳалокати учун Россияни жавобгар деб топди
17:02 / 12.05.2025
Россияда хорижликларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби ўзгаради
14:54 / 12.05.2025