Ўзбекистон | 21:29 / 27.09.2022
62232
3 дақиқада ўқилади

Прокурорни сўккан Боболовга жазо қўлланди

Ҳақоратомуз аудиолар ортидан Сурхондарё вилояти ҳокими жазоланди.

Фото: Kun.uz

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга мажлис иштирокчиларини ҳақорат қилгани юзасидан жарима жазоси қўлланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбекистон Республикаси президентининг қарори билан ўз фаолиятини давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ташкил этмагани, ҳокимларга қўйиладиган талабларга риоя этмасдан мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилганлиги ва бу билан кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлгани учун Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболовга жарима интизомий жазо чораси қўлланилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Айни пайтда бўлаётган видеоселектор йиғилишида ҳам президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов Сурхондарё вилояти ҳокимига дакки берган.

«Тўра Боболов, сиз ўрнак бўлмаяпсиз. Интернетда чиққан гапларни монтаж дедингиз. Лекин экспертиза сизнинг овозингизни тасдиқлади. Президентимиз топшириғи билан сизга интизомий жазо чораси сифатида ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жарима қўлланди.

Тегишли мутасаддилар Сурхондарё вилоятини комплекс ўргансин, муаммоларга ечими билан таклиф тайёрласин, керак бўлса аниқланган қонунбузилишлар юзасидан жиноий иш очишгача бўлган чоралар кўрилсин», деган администрация раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, август ойининг иккинчи ярмида ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Ангор тумани прокурорини ҳақорат қилгани айтилган аудиоёзув тарқалганди. Унда ҳоким прокурорга вазифаларини бажармагани, қолаверса, ташкилотларга нисбатан жиноят иши очгани учун танбеҳ берган. 

Вилоят ҳокимлиги «мазкур йиғилиш танқидий руҳда ўтганлиги сабабли вилоят ҳокими асабий ҳолатда гапиришга мажбур бўлган»ини маълум қилди.

Кўп ўтмай, Тўра Боболовнинг Қизириқ тумани ҳокими ва кластер раҳбарини қўпол равишда танқид қилгани акс этган янги аудиоёзув пайдо бўлди.

Тўра Боболов 2019 йил апрелидан буён Сурхондарё вилоятига раҳбарлик қилиб келади.

Мавзуга оид