Жаҳон | 15:46 / 28.09.2022
10489
3 дақиқада ўқилади

Боррел: Европа иттифоқи «Шимолий оқим» бўйича кучли ва мувофиқлаштирилган жавоб беради

Европа дипломатияси раҳбари Боррел воқеани чуқур ўрганишга ваъда берди. Унинг натижасига кўра, Европа «кучли ва мувофиқлаштирилган жавоб» беради», деди у.

Фото: Global Look Press

Европа иттифоқининг етакчи сиёсатчилари «Шимолий оқим-1» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларида газ сизиб чиқишини диверсия натижаси деб ҳисоблаяпти. «Мавжуд барча далиллар бу қасддан қилинган ҳаракатлар натижаси эканини кўрсатмоқда. Биз терговни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, ушбу ҳодисалар ҳолатлари ва сабаблари ҳар томонлама ойдинлаштирилади», - деди Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел 28 сентябр, чоршанба куни Европа иттифоқига аъзо 27 давлат номидан.

Боррелнинг сўзларига кўра, Европа иттифоқи суриштирув натижаларига кўра «кучли ва мувофиқлаштирилган жавоб» беради ва «энергетика хавфсизлиги барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича кейинги қадамларни қўяди». Шу билан бирга, Европа бош дипломати газ қувурларига зарар етказишда ким айбдор бўлиши мумкинлиги ҳақида ўз тахминини айтмади.

Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел «Шимолий оқим»даги газ сизиб чиқишини Европа иттифоқига энергия таъминотини янада беқарорлаштиришга қаратилган саботаж натижаси деб атади. «Биз шошилинч ва пухта суриштирув ўтказишимиз керак. Айбдорлар тўлиқ жавобгарликка тортилади ва содир бўлган воқеа учун товон тўлайди. Россия газидан воз кечишимизга имкон берувчи энергия таъминотини диверсификация қилишга уринишлар давом этади», деб ёзди у Twitter’даги микроблогида.

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен куни кеча Дания бош вазири Метте Фредериксен билан «саботаж акти»ни муҳокама қилган ва у унга сизиб чиқиш тасодиф эмас, қасддан қилинган ҳаракат натижаси эканлигини айтган. Ўз навбатида, Швеция бош вазири Магдалена Андерсон «портлашлар» ҳақида хабар берди. 

26 сентябрга ўтар кечаси «Шимолий оқим-1» ва «Шимолий оқим-2» қувурларида йирик сизиб чиқиш рўй бергани маълум бўлди. Россия магистралларни тиклаш учун қанча вақт кетиши ҳозирча маълум эмаслигини таъкидлади ва содир бўлган воқеадан чуқур ташвиш билдирди. 

Айни пайтда, Полша бош вазири Матеуш Моравецкий «Шимолий оқим»даги саботаж акти»ни Украина атрофидаги можаро авж олишидаги навбатдаги босқич деб атади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид