Ўзбекистон | 10:29 / 28.09.2022
5402
2 дақиқада ўқилади

Касб-ҳунар мактабларида маиший техникаларга хизмат кўрсатишга ўқитиш йўлга қўйилади

Ўзбекистондаги касб-ҳунар мактабларида маиший техникаларга хизмат кўрсатишга ўқитиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда президент раислигида ўтказилган йиғилишда тегишли топшириқ берилди.

Йиғилишда электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспортини кенгайтириш мақсадида "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига:

  • Тошкент вилоятида электр жиҳозлари ишлаб чиқариш бўйича 58 миллион долларлик 14 та лойиҳани;
  • Фарғона вилоятида маиший техника ва кабель симлари ишлаб чиқариш бўйича 56 миллион долларлик 9 та лойиҳани;
  • Андижон вилоятида 34 миллион долларлик маиший техника ишлаб чиқариш бўйича 8 та лойиҳани ишга тушириш топширилди.

Сирдарё, Наманган, Навоий, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларига бир ой муддатда 100 миллион долларлик лойиҳалар тўпламини шакллантиришга топшириқ берилди.

Келгуси йилдан бошлаб Инновацион ривожланиш вазирлиги электроника ва микро-электроника йўналишида илмий, тажриба-конструкторлик ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун грант ажратиб бориши белгиланди.

Бош прокуратура, Божхона ва Солиқ қўмиталарига маиший техникалар ноқонуний айланмаси ва контрабандасига йўл қўймаслик устидан назоратни кучайтириш топширилди. 

Мутасаддиларга йирик ишлаб чиқарувчилар билан бирга ҳудудлардаги касб-ҳунар мактабларида маиший техникаларга хизмат кўрсатишга ўқитишни йўлга қўйиш топширилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид