Жаҳон | 22:06 / 30.09.2022
14320
1 дақиқада ўқилади

Россия ядро қуролини қўллайдиган бўлса, уни жиддий оқибатлар кутади – НАТО бош котиби 

Столтенбергнинг сўзларига кўра, НАТО Россиянинг ҳаракатларини диққат билан кузатмоқда ва унинг ядро қуролини қўллашга тайёрлигини кўрмаяпти. 

Фото: NIDS/NATO Multimedia Library

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россия ядро қуролини қўллайдиган бўлса, уни жиддий оқибатлар кутишини айтди.

Унинг қўшимча қилишича, НАТО Россиянинг ҳаракатларини диққат билан кузатмоқда ва унинг ядро қуролини қўллашга тайёрлигини кўрмаяпти.

Столтенберг шунингдек, Россияга янги субъектларнинг қўшилиши НАТОнинг Украинани қўллаб-қувватлаш қарорини ўзгартирмаслигини таъкидлади.

«Ҳудудларни аннексия қилиш кучлилик эмас, ожизлик белгиси»,— деди у.

Шунингдек, Йенс Столтенберг Украинанинг алянсга аъзо бўлиши тўғрисидаги саволга ҳам жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, ҳар бир демократик давлат НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришга ҳақли. Аммо қарор алянсга аъзо барча мамлакатлар томонидан қабул қилинади.

«Еттилик гуруҳи» (G7) ташқи ишлар вазирлари ҳам «ДНР», «ЛНР», Запорижжя ва Херсон областларининг Россияга қўшилишини ҳеч қачон тан олмасликларини билдирди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид