Ўзбекистон | 12:14 / 01.10.2022
1507
2 дақиқада ўқилади

Фармацевтика фаолиятини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилади

Фото: Boston Globe/ Boston Globe via Getty Images

Президентнинг “Соғлиқни сақлаш бошқарув органларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, дори воситалари сифати ва хавфсизлиги устидан назорат олиб бориш тизимини такомиллаштириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика фаолиятини назорат қилиш инспекциясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Инспекция давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Молия вазирлиги ғазначилигида ҳисоб-варағига, Ўзбекистон давлат герби тасвири туширилган бланкасига ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади ҳамда бевосита соғлиқни сақлаш вазирига бўйсунади.

Инспекция асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • фармацевтика фаолияти бўйича лицензия талаб ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш;
  • дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани ишлаб чиқариш, тайёрлаш, улгуржи ва чакана реализация қилиш фаолиятини назорат қилиш;
  • фармацевтика фаолиятини лицензия олмасдан амалга ошираётган жисмоний ва юридик шахсларни аниқлаш, уларга ўрнатилган тартибда чора кўриш, маъмурий баённома тузиш.

Инспекцияга соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади. Марказ Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 4-уй манзилида ижара ҳақи нол ставкасида жойлаштирилади. Инспекция низоми ва структураси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Соғлиқни сақлаш вазирига эпидемиологик вазият кескинлашган ҳолатларда қўшимча вақтинчалик шифо ўринларини ташкил этиш ва тугатиш ваколати берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид