Иқтисодиёт | 09:42 / 01.10.2022
43309
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлишининг асосий макроиқтисодий мувозанатларга таъсири баҳоланди 

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлишининг асосий макроиқтисодий мувозанатларга таъсирини баҳолади.

Фото: Reuters

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бошқа давлатлар билан иқтисодий алоқаларни яхшилаш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ташқи рақобатбардошликни кучайтириш, бозор муносабатларига ўтиш жараёнини тезлаштиришга замин яратиши мумкин. 

Аммо, тарифларни пасайтириш натижасида маҳаллий ишлаб чиқаришнинг заиф тармоқларига зарар етказиш хавфи ҳам мавжудлиги айтилади.

Тадқиқотда ЖСТга аъзо бўлиш асосий шарти сифатида Ўзбекистондаги тарифлар даражасини ЖСТга аъзо давлат бўлган Қозоғистон даражасига тушириш кўзда тутилган (тарифлар ўртача даражасини амалдаги 7,4 фоиздан 5,7 фоизга тушириш).

Таҳлил натижаларига кўра қуйидагилар аниқланди:

  • тарифлар туширилиши ва ички нархлар пасайиши натижасида экспорт жозибадорлиги ошиши ҳисобига экспорт ҳажми 0,06 фоизга ўсиши ва ички товарлар таклифи 0,03 фоизга камайиши;
  • импорт 0,06 фоизга ўсиши ва маҳаллий товарларга бўлган талаб 0,03 фоизга камайиши;
  • давлат бюджети даромадлари қисқариши ҳисобига жами жамғармалар 0,35 фоизга пасайиши;
  • жамғармалар ҳажми камайиши ҳисобига инвестициялар даражаси 0,16 фоизга пасайиши;
  • ички нархлар пасайиши натижасида истеъмол 0,11 фоизга ўсиши.

Билдирилишича, биринчи босқичда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ва бунинг натижасида тарифлар туширилиши маҳаллий маҳсулотларга талаб маълум даражада пасайишига олиб келади. Бу маҳаллий компаниялар фаолияти самарадорлигини ошириш заруратини келтириб чиқаради, акс ҳолда хорижий компаниялар билан нарх рақобатига дош бера олмайдиган самарасиз корхоналар бозордан чиқиб кетади.

Янги шароитларга муаммосиз ўтишни таъминлаш ва Ўзбекистонда миллий корхоналарни ташқи рақобат шароитларига босқичма-босқич тайёрлаш учун янги шарт-шароитлар яратиш тавсия этилган. 

Хорижий компаниялар Ўзбекистон бозорига кириши билан тарифлар босқичма-босқич пасайтирилиши: маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ишлаб чиқариш жараёнини оптималлаштириш, технологик ва кадрлар базасини такомиллаштириш орқали сифатни ошириш, корхона нарх сиёсатини қайта кўриб чиқиш ҳамда истеъмолчилар диди ва афзалликларини тизимли равишда ўрганиш учун сигнал бўлади. 

Мавзуга оид