Ўзбекистон | 14:01 / 01.10.2022
7236
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш доирасидаги дастлабки мажбуриятлари шакллантирилади 

Ўзбекистон мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ 6-йиғилишини ташкил этиш учун барча зарур ҳужжатларни топширди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев раислигида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш чоғида ЖСТга кириш жараёни ҳозирги ҳолати ва Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳи 6-йиғилишини ташкил этишга тайёргарлик муҳокама қилинди.

Режалаштирилган музокараларни ташкил этиш учун барча зарур ҳужжатлар ЖСТга аъзо мамлакатларга топширилган. Аввал эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида ЖСТга аъзо давлатлар билан икки томонлама музокаралар ва ташкилот котибияти билан маслаҳатлашувлар доимий асосда давом этмоқда.

Йиғилишда жорий йил охиригача ЖСТга аъзо бўлиш доирасидаги асосий вазифалар белгилаб олинди. Таъкидланганидек, ҳозирги босқичда ЖСТга аъзо бўлиш шартларини муҳокама қилишни фаоллаштириш зарур. Идоралараро комиссия аъзоларига ишчи гуруҳ 6-йиғилишига ўз вақтида ва сифатли тайёргарлик кўриш, барча вазифалар ижросини юқори профессионал даражада таъминлаш ва тайёрланаётган ҳужжатлар сифатини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Икки томонлама музокаралар доирасида ЖСТга аъзо мамлакатлар сўровларига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасидаги дастлабки мажбуриятларини шакллантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўзбекистон манфаатларини илгари суриш ва ташкилотга аъзоликни жадаллаштириш мақсадида яқин келажакда ЖСТга аъзо давлатлар билан икки томонлама музокаралар ўтказишга қарор қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид