Жаҳон | 19:40 / 03.10.2022
21742
7 дақиқада ўқилади

Ўнлаб қурбонлар ва миллиардлаб зарар. «Иэн» довули оқибатлари

Аввалига Флоридада вайронгарчиликлар келтириб чиқарган, кейин Жанубий ва Шимолий Каролинага ёпирилган ҳамда Жоржияга таҳдид сола бошлаган «Иэн» довули камида 77 кишини ҳаётдан олиб кетди.

Фото: Reuters

Довул кучсизланган ва энди тропик циклон сифатида таснифланаётган бўлса-да, у Жанубий Каролинада ярим миллионга яқин кишини электр таъминотисиз қолдириб улгурди. Кучли ёмғирлар ва шамол натижасида тарихий Чарльстон шаҳрининг бир қисми сув остида қолган.

«Биз ҳеч қачон бундай пўртанага гувоҳ бўлмаганмиз»

Флорида аҳолиси тўфондан кейин ҳудудни тозаламоқда

Флоридада расмийлар табиий офат келтирган зарар кўламини 40 млрд долларга баҳоламоқда.

Ҳозирча довул оқибатида Флорида ва Шимолий Каролина штатларида жами 77 киши ҳалок бўлган, 10 мингдан ортиқ кишининг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда, улар электр ва алоқа йўқ жойларда ноқулай об-ҳаво шароитида жон сақлашга мажбур бўлишмоқда.

«Эскирган қурилмалар деярли ишончсиз эди, уларни сув ювиб кетди. Агар кимдир бундай жойларда қолишга қарор қилган бўлса, уларнинг омон қолиш учун имкониятлари жуда паст», деган Флорида губернатори Рон Десантис.

Президент Жо Байден Фавқулодда вазиятлар бўйича федерал агентлик штаб-квартирасидаги брифингда «Иэн» Флорида тарихидаги энг ўлимвор довул бўлиши мумкинлигини айтди.

Байден Жанубий Каролина ва довулдан зарар кўрган бошқа штатларда фавқулодда ҳолат жорий этди. У табиий офат оқибатларини бартараф этишга федерал даражада ёрдам бериш учун махсус фондлар таъсис этди.

Флоридада «Иэн»дан энг кўп даражада Форт-Майерс шаҳри зарар кўрган, бу ерда довул соҳилга чиққан: кўчаларда сув дарё бўлиб оққан, денгиз суви уйларга кириб борган.

«Биз ҳеч қачон бундай кучли пўртанага гувоҳ бўлмаганмиз», - деди Флорида губернатори

Форт-Майерсда яшовчи Том Жонсон довул келишини биринчилардан бўлиб кўрган - унинг квартираси бандаргоҳдаги икки қаватли уйнинг иккинчи қаватида жойлашган.

«Биз жуда қўрқдик, мен бунақасини ҳеч қачон кўрмаганман: бу шунчаки энг қўрқинчли товушлар эди, ҳаммаёқда парчалар учар, эшиклар бузилиб кетарди», дея эслайди 54 ёшли киши AFP агентлиги билан суҳбатда.

Унинг уйи бутун қолган, аммо қўшниси Жанел Тилнинг омади келмаган, унинг биринчи қаватдаги квартирасини сув босгач, у қўшниларидан ёрдам сўрашига тўғри келди.

«Улар итимни олишди, кейин мен деразадан сакрадим ва суза бошладим», дея ҳикоя қилади 42 ёшли аёл. Тил хоним бўрон тингач, ўз квартирасига қайтганида эшикни очиб, квартирада тўпланган сув оқиб чиқиб кетишини беш дақиқача кутиб турган.

Довулдан энг жиддий зарар кўрган Форт-Майерс шаҳрининг юқоридан кўриниши

«Мен ўз уйимни севардим. Аммо асосийси ўзим омон қолдим», дейди у.

Қутқарув вертолётлари уйлар томларидан юзлаб одамларни қутқаришган. Флоридада 2,3 миллионга яқин уй электр таъминотисиз қолган, ҳозирда махсус хизматлар электр энергияси таъминотини тиклашга ҳаракат қилмоқда, федерал бюджетдан сув босган штатга ёрдам ажратилган.

«Биз Флоридадаги мамлакат тарихидаги энг даҳшатлилардан бири бўлиши мумкин бўлган вайронгарчиликлар миқёсини баҳолашни бошладик. Қалбларимиз мазкур бўрон оқибатида ҳаётлари вайрон бўлган одамлар учун оғримоқда. Биз қанча керак бўлса шунча вақт сизлар билан биргамиз», - деб ёзди АҚШ президенти Twitter аккаунтида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг жануби-шарқий штатларида юз берган кучли «Иэн» тўфони оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий талафот кўрилгани муносабати билан президент Жо Байденга таъзия йўллади.

«Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади», — деб ёзади президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Биз бир неча кундан буён электр йўқлиги ва бу жонимизга теккани учун кўчага чиқдик»

«Иэн» АҚШга Кубадан кириб келди, бу ерда кучли ёмғирлардан кейин довул бошланганди

Флоридага «Иэн» Кубадан келди - оролга тўфон ўтган ҳафтанинг сешанба куни ёпирилган ва 11 млн кишини электрсиз қолдирган. Кўплаб ҳудудларга ҳамон чироқ қайтмаган.

Жума куни Кубада оммавий намойишлар бошланди: Гавана ва бошқа шаҳарлар аҳолиси кўчаларга чиқишди ҳамда кастрюлка ва товаларни тарақлатиб, ҳукуматдан электр таъминотини тиклаш чораларини кўришни талаб қилди.

Кубада шусиз ҳам жуда кўпчиликка озиқ-овқат етмайди. Довул ва унинг оқибатлари эса кўчага чиққанларнинг кўпчилигининг сабр косаси учун сўнгги томчи бўлди.

Кубаликлар ҳукуматдан электр таъминотини тиклашни талаб қилиб «кастрюлка»ларни тарақлатиб, намойиш ўтказишди.
Фото: Reuters

«Менинг барча егуликларим йўқ бўлиб қолди. Нега? Чунки бизда электр йўқ»,  дейди Гаванадаги намойишларга қўшилган Хорхе Луис Крус.

У Reuters журналистларига унинг оиласи аъзолари у кўчага чиқишига қарши бўлишган - уни қамаб қўйишларидан қўрқишган, аммо у бундай таваккалчилик қилишга тайёр.

Мулозимлар аввалроқ Гаванада электр таъминотини тиклаш бўйича иш олиб борилаётганини маълум қилишганди. Лекин шаҳарнинг чекка ҳудудларида ҳамон чироқ ёнмаган.

«Бунинг барчаси ёлғон, улар ҳеч нарса қилишгани йўқ, чироқ йўқ, ҳеч ким негалигини изоҳламаяпти», дейди намойишларда қатнашганлардан бири Тиара Родригес.

«Менда болаларга едириш учун ҳеч нарса йўқ. Уларга ким овқат тайёрлайди?» дейди аёл.

Ки-Уэст, Флорида
Фото: AP/ТАСС
Гавана, Куба
Фото: AP/ТАСС
Делрей-Бич, Флорида
Фото: AP/ТАСС
Гавана, Куба
Фото: AP/ТАСС
Пемброк-Пайнс, Флорида
Фото: AP/ТАСС
Делрей-Бич, Флорида
Фото: AP/ТАСС
Гавана, Куба
Фото: AP/ТАСС
Сарасота, Флорида
Фото: Sean Rayford/Getty Images
Ҳолливуд, Флорида
Фото: AP/ТАСС
Тампа, Флорида
Фото: Ben Hendren/Anadolu Agency via Getty Images

 

Мавзуга оид